Қайнона ва келинлик муносабатлари

МаслаҳатларМавзу: Динда саволим борҚайнона ва келинлик муносабатлари
Номаълум сўради 1 йил аввал

Ассалому алайкум! Ушбу ичимдаги сўзларимни ўйлай- ўйлай сизга айтишни ва сиздан маслаҳат сўраб кўнглим енгил тортишини истадим. Келин  бўлганимга 8 ой бўлди, турмуш ўртоғимнинг иккинчи турмушлариман. Уйда мендан 2 ёш катта овсиним бор, мендан бир йил аввал келин бўлиб келганлар. Овсиним билан орамиз яхши, фақат қайнонамни мени ажратишларини ҳисобга олмасак қайнонам билан ҳам. Аслида қайнонам яхши аёл, яхши инсон, яхши турмуш ўртоқлар, лекин қайноналикка келганда шунақанги одам ажратадиларки, буни ҳис қилиш жуда оғир. Уй юмушларида, муомалада тенг кўрмайдилар, турмуш ўртоғимнинг аввалги турмушларидаги аёли қайнонамни «мени ажратадилар» деб кўп бора гапирганидан хабарим бор, лекин мен бунга парво қилмагандим. Қалбимдаги соф ниятга Аллоҳ шоҳидки, мен қайнонамнинг “энг суйган келини бўламан” деб ният қилардим ва шунга ҳаракат қилдим. Уларга доимо «лаббай» дейдиган, табассум билан юрадиган бўлдим. Бироқ овсинимни мендан устун кўрадилар. Гаплашиб ўтирсак менга умуман парво қилмайдилар, овсиним ҳомиладор пайтида бирорта иш қилдиртирмасдилар, ўша пайтлар роса хурсанд бўлиб ” мени ҳам шундай кўрадилар” деб ўйлабман. Ҳозир мен оғир иш қилсам ҳам, ишдан чарчаб борсам ҳам, ҳомиладорлигимга қарамай оддий муомалада бўлаверадилар. Овқатлансак ҳам фақат унга мулозамат, нимадир сўраш керак бўлса, ҳатто гапимни эшитмаганга олиб, овсинимдан маслаҳат сўрайдилар, менга ҳеч нарса демайдилар. Ўзим сўрасам «Йўқ, ҳеч нарса» деб жавоб бериб қўя қоладилар. Қайсидир юмуш қилинмай қолган бўлса ҳам, ҳатто овсиним хатоси билан бўлган ишларга ҳам мени очиқчасига урушиб ташлайдилар, бу ишлардан шунақанги дилим оғрийдики, шунақанги ўз уйимга кетиб қолгим келадики, ҳар намозим дуосида Аллоҳдан инсоф сўраб йиғлайман. Бу ишлардан шунақанги кўнглим оғрийдики,  четдан қараса жуда ҳам оддий, майда гап бўлиб кўриниши мумкин, шу сабаб ҳам мен буни ичимга ютаман. Фақатгина сиздан маслаҳат сўраб кўнглим енгил тортишини истадим, мени тўғри тушунасиз деган умиддаман.

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 1 йил аввал

Ва алайкум ассалом. Бунга унча эътибор берманг. Кўнгил ишлари шунақа бўлади. Вақти соати билан ўрнига тушиб кетади. Бошқа асосий нарсаларни ўйланг. Аллоҳдан сўраб дуо қилинг. Валлоҳу аълам.

Баҳам кўринг