Мушук ва кучукларни уйда боқиш мумкинми?

МаслаҳатларМавзу: Динда саволим борМушук ва кучукларни уйда боқиш мумкинми?
Номаълум сўради 1 йил аввал

Ассалому алайкум, ҳурматли Одинахон опа! Якинда танишим уйида боқиш учун мушукча сотиб олди. Лекин 1 ёшли ўғли кичкина бўлгани ва мушукни ғижимлаб ўйнагани учун ўғли каттароқ бўлиб, эсли бўлгунича “қараб туринг” деб, омонат қилиб менга берди. Вақтинча парваришлаб туришим учун олдим, лекин эътиборсизлигим учун очиқ эшикдан кўчага чиқиб кетиб, йўқолиб қолди. Омонатни сақлай олмаганим ва бечора мушукча кўчада қаровсиз қолгани учун йиғладим. Буни кўриб танишим :»Илминг йўқ экан сенинг, бу жонзотларни уйда боқиш мумкинмас. Уйда боқиш учун яратилмаган» деди. Саволим:  қандай жонзотларни уйда боқиш мумкину, қайсиларини боқиш мумкин эмас? Мумкин бўлмаганлари нима сабабдан мумкин эмас?

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 1 йил аввал

Ва алайкум ассалом. Мушукни уйда боқиш мумкин. 
Кабша бинти Каъб розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«У киши айтадилар:
«Абу Қатода (уйимизга) кирди. Мен унинг таҳоратига сув қуйиб бердим. Бас, бир мушук келиб, ундан ичди. У эса унга ичиб олиши учун идишни энгаштириб тутди. Бас, у ўзига назар солаётганимни кўрди ва:
«Эй биродаримнинг қизи, ажабланяпсанми?» деди. Мен:
«Ҳа», дедим. У:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, у (мушук) нажас эмас, у сизларнинг атрофингизда айланиб юрувчилардандир», деганлар, деди».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.
Итни боқиб бўлмайди. Чунки у нажасдир.
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Вақтики, сизлардан бирортангизнинг идишини ит яласа, ундаги нарсани тўкиб юборсин. Сўнгра у (идиш)ни етти марта ювсин», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: у(ювиш)лардан биринчиси ёки у(ювиш)лардан биттаси тупроқ билан бўлсин.
Яна бошқа ривоятда: еттинчиси тупроқ билан бўлсин, дейилган.
Бешовлари ривоят қилишган.

Баҳам кўринг