Жинсий яқинлик

Номаълум сўради 11 ой аввал

Ассалому Алайкум. Сиздан менга ҳам диний, ҳам руҳий ҳолатдан ёрдам ва маслаҳат керак. Турмуш ўртоғим кўпинча мени норозилигимга қарамай, ҳайз кўрган пайтимда мени мажбурлаб жинсий яқинлик қиладилар. Бу менга ҳам руҳий, ҳам гинекологик тарафдан қаттиқ таъсир қилади. Шунча тушунтирсам ҳам барибир шу аҳвол такрорланаверади. Бу динимизда ҳам тақиқланганку тўғрими? «Йўқ» десам, мени туртиб, мажбурлаб, хақоратлаб ишини бажаради. Менга маслаҳат беринг, илтимос. Эримни кундан-кунга ёмон кўриб кетяпман. Ахир мен ҳам аёлманку, ҳатто она сифатида ҳам қадрим йўқми?

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 11 ой аввал

Ва алайкум ассалом.
Ҳайз пайтида яқинлик қилишдан қайтариқ Қуръони Каримда келган.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
«Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар. Сен: «У кўнгилсиз нарсадир. Ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг. Уларга пок бўлмагунларича яқинлашманглар. Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг. Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севадир», деб айт«.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар:
«Яҳудийлар уларнинг аёллари ҳайз кўрса, бирга овқатланмай ва бирга ётмай қўяр эдилар. Саҳобалар Пайғамбар алайҳиссаломдан бу ҳақда сўрадилар. Ва Аллоҳ таоло «Сендан ҳайз ҳақида сўрайдилар» оятини туширди. Шундан кейин Пайғамбар алайҳиссалом: жинсий алоқадан бошқа ҳамма нарсани қилсангиз бўлади, дедилар».
«Сендан ҳайз ҳақида сўрарлар.»
Ҳанафий мазҳаби уламолари ҳайзни бундай таърифлайдилар: Тўққиз ёшдан эллик беш ёшгача бўлган, касал ёки ҳомиладор бўлмаган аёл жинсига мансуб инсоннинг раҳмидан чиқадиган қондир. Ҳайзнинг энг оз муддати уч кечаю уч кундуз, энг кўпи ўн кечаю ўн кундуздир. Ҳайзнинг энг оз муддатидан оз, энг кўп муддатидан кўп ёки аёл кишининг одатидан ортиқ келадиган қон истиҳоза, дейилади.
Демак, одамлар ҳайз ҳақида сўрадилар. Жавоб оятда қуйидагича келди:
«У кўнгилсиз нарсадир».
Яъни, ҳайз нопок, кўнгилга ёқмайдиган, озор берадиган нарсадир. Шунинг учун
«ҳайз чоғида аёллардан четда бўлинг», яъни, уларга жинсий яқинлик қилманг.
Ҳайзи тўхтаган аёл ғусл қилгандан кейин пок бўлади. Агар ғуслга узрли бўлса, таяммум қилади. Шундан кейин унга жинсий яқинлик қилса бўлади. Ҳанафий мазҳабида ўн кунлик ҳайз кўрган аёлга ҳайзи тўхташи билан яқинлик қилса бўлади. Ўн кундан оз муддат ҳайз кўрган аёлга эса, ҳайзи тўхтаб ғусл қилганидан кейин ёки агар ғусл қилмаса, бир намознинг вақти ўтгандан кейин яқинлашишга рухсат берилган.
«Агар пок бўлсалар, уларга Аллоҳ амр қилган жойдан келинг», дегани олд тарафдан яқинлик қилинг, орқадан эмас, деганидир.
«Албатта, Аллоҳ тавба қилувчиларни севади ва покланувчиларни севадир», дейилиши бу ҳукмни билмаган чоғларида мазкур йўл-йўриққа хилоф иш қилган бўлса, тавба этсин, бундан кейин доимо покликка, айниқса ҳайз масаласига, алоҳида эътибор берсин, деганидир.
Турмуш ўртоғингизга буни тушунтиринг. Ўзингиз бу ҳолатдан қочинг. Қанча ҳақоратласа ҳам йўл берманг.

Баҳам кўринг