Сўзлар маъноси

Mumina сўради 4 ой аввал

Ассалому алайкум! Манавият ва эътиқод сўзларининг луғавий ва истeлоҳий маъносини тушунтириб бeрсангиз?

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 4 ой аввал

Ва алайкум ассалом!
Маънавият — моддиятнинг, зоҳирнинг зидди бўлиб, кишининг ички оламини, қалбий уфуқларини англатади. Бошқача қилиб айтганда, инсоннинг жисми муқобилидаги руҳига оид номоддий тушунчалар, маънолар маънавият бўлади.
 
Ақийданинг маъноси

«Ақийда» сўзи арабча «ақада» феълидан олинган бўлиб, «бир нарсани иккинчисига маъкам боғлаш» маъносини англатади. Бу сўзнинг жамъи (кўплик шакли) «ақоид» бўлади.
Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маъкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуъасидир.
Аслида, бирор нарсага эътиқод қилиш учун уни ҳеч қандай шубҳа қолдирмайдиган даражада яхши билиш талаб этилади. Бунинг учун, аввало, ўша нарсани идрок қилиш керак.
Кейин эса ўша ъиссий идрок илмий маърифатга айланиши лозим. Сўнгра, замон ўтиши, бошқа далилларнинг собит бўлиши ила ўша илмимиз тасдиқланади ва унга бўлган ишончимиз кучли бўлади.
Мазкур илмга бўлган ишонч онгимизда мустаҳкам равишда қарор топганидан сўнг, у бизнинг ақлимизга ва қиладиган ишларимизга ўз таъсирини ўтказадиган бўлади.
Қачонки маълум бир илм бизнинг фикримизга айланиб, ҳис-туйғуларимизни йўллайдиган ва ҳаракатларимизни бошқарадиган ҳолга етганда, ақийдага айланган бўлади. Демак, ақийда илмга асосланган бўлиши лозим.

Ақоид илмининг таърифи

Уламоларимиз ақоид илмини турлича таъриф қилганлар. Баъзи мисолларни келтирамиз.
«Фалсафатут-тавъид ав ашрафул мақосид» номли китобнинг соҳиби Аҳмад Ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ал-Валалий ал-Микносий:
«У, яқийний – ўта ишончли далиллардан диний ақийдаларни касб қиладиган илмдир», дейди.
«Мавоқиф» китобининг соҳиби Абдурроҳман Аҳмад Абдулғаффор ал-Ийжий:
«У, ҳужжатлар келтириш, шубҳаларни рад қилиш йўли билан диний ақийдаларни исбот қилишга қодир бўладиган илмдир», дейди.
Имом Ғаззолий ўзларининг машҳур «Иҳёу улумид-дийн» номли китобларида:
«Ақоид» тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳа­наҳу ва таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир», деганлар.
Аш-Шариф ал-Журжоний ўзининг «Ал-Маво­қиф»га қилган шарҳида:
«Калом бир илмдирки, унда Ислом қонуни асосида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифатлари ҳақида ҳамда бошланиш ва қайтарилиш каби мумкинотлар аҳволи ҳақида баҳс қилинади», деган.
Муҳаммад Абдуъ ўзининг «Рисолатут-тавҳид» китобида:
«Ақоид» бир илмки, унда Аллоҳнинг мавжудлиги, Унга қандай сифатларни собит қилиш вожиблиги, нима билан васф қилиниши жоиз эканлиги, У зотдан нимани нафий қилиш вожиблиги, Набийлар ҳақида, уларнинг қандай бўлишлари вожиблиги, уларга қандай нисбат бериш жоизлиги, уларга нималарни нисбат бериш манъ қилингани ҳақида баҳс юритилади», дейди.
Таърифларнинг энг жамловчиси, энг осони, энг шомили ва энг қисқаси аллома Али Қорининг «Ал-Фиқҳул Акбар»га қилинган шарҳининг такмиласида, 146-саҳифада зикр қилинган таърифидир:
«У, бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинади».
Биз эса ушбу таърифлар бир-бирини тўлдириб келади ва яна баъзи камчиликлар қолади, деймиз. («Сунний ақийдалар») Валлоҳу аълам!

Баҳам кўринг