Маҳрам

Iroda сўради 2 ой аввал

Ассалому алайкум! Аёл киши турмушга чиққанидан сўнг кимлар унга маҳрам ҳисобланади?

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 2 ой аввал

Ва алайкум ассалом!
Аллоҳ таоло “Нур” сураси 31-оятида марҳамат қилиб :

وَقُل لِّلْمُؤْمِنَاتِ يَغْضُضْنَ مِنْ أَبْصَارِهِنَّ وَيَحْفَظْنَ فُرُوجَهُنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا مَا ظَهَرَ مِنْهَا وَلْيَضْرِبْنَ بِخُمُرِهِنَّ عَلَى جُيُوبِهِنَّ وَلَا يُبْدِينَ زِينَتَهُنَّ إِلَّا لِبُعُولَتِهِنَّ أَوْ آبَائِهِنَّ أَوْ آبَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ أَبْنَائِهِنَّ أَوْ أَبْنَاء بُعُولَتِهِنَّ أَوْ إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي إِخْوَانِهِنَّ أَوْ بَنِي أَخَوَاتِهِنَّ أَوْ نِسَائِهِنَّ أَوْ مَا مَلَكَتْ أَيْمَانُهُنَّ أَوِ التَّابِعِينَ غَيْرِ أُوْلِي الْإِرْبَةِ مِنَ الرِّجَالِ أَوِ الطِّفْلِ الَّذِينَ لَمْ يَظْهَرُوا عَلَى عَوْرَاتِ النِّسَاء وَلَا يَضْرِبْنَ بِأَرْجُلِهِنَّ لِيُعْلَمَ مَا يُخْفِينَ مِن زِينَتِهِنَّ وَتُوبُوا إِلَى اللَّهِ جَمِيعًا أَيُّهَا الْمُؤْمِنُونَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ۝

Мўминаларга айт: «Кўзларини тийсинлар, фаржларини сақласинлар ва зийнатларини кўрсатмасинлар, зоҳир бўлгани мустасно. Рўмолларини кўксларига тўсиб юрсинлар. Эрларидан, ё оталаридан, ё эрларининг оталаридан, ё ўғилларидан, ё эрларининг ўғилларидан, ё ака-укаларидан, ё ака-укаларининг ўғилларидан, ё опа-сингилларининг ўғилларидан, ё аёлларидан, ё ўз қўлларида мулк бўлганлардан, ё (аёлларга) беҳожат эркак хизматчилардан, ё аёллар авратининг фарқига бормайдиган ёш болалардан бошқаларга зийнатларини кўрсатмасинлар. Махфий зийнатларини билдириш учун оёқларини (ерга) урмасинлар. Барчангиз Аллоҳга тавба қилинг, эй мўминлар! Шоядки, зафар топсангизлар». (“Тафсири Ҳилол” китобидан).
Оятдаги “бошқаларга зийнатларини кўрсатмасинлар”даги “бошқалар” сафига эрининг ака-укалари ҳам киради.

عَنْ عُقْبَةَ بْنِ عَامِرٍ  رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِيَّاكُمْ وَالدُّخُولَ عَلَى النِّسَاءِ. فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ، أَفَرَأَيْتَ الْحَمْوَ؟ قَالَ: الْحَمْوُ الْمَوْتُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аёлларнинг олдига киришдан эҳтиёт бўлинг!» дедилар.
Шунда бир одам:
«Эй Аллоҳнинг Расули, эрнинг қариндошига нима дейсиз?» деди.
«Эрнинг қариндоши ўлимдир!» дедилар у зот».
Икки шайх ва Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номаҳрам эркакларни аёллар олдига киришдан ман қилмоқдалар. Чунки бу жуда ҳам хатарли ишдир. Ҳеч ким йўқ жойда бир аёл билан бир эркакнинг холи қолишига олиб келади.
Бу эса ўз навбатида ношаръий, ҳаром ишга, ҳеч бўлмаганда шубҳага, ёмон фикр туғилишига сабаб бўлади. Фараз қилайлик, бир аёл ўз уйида ёлғиз ўтирибди. Эшикдан бир номаҳрам эркак чақириб келди. Ичкарига кирди. Уйда мазкур аёлдан бошқа ҳеч ким йўқлигини билди. Шу пайт иккисини ҳам шайтон васваса қилиши, зинога бошлаши ҳеч гап эмас. Бундай ҳолатлар тез-тез бўлиб туришини ҳамма яхши билади. Зинонинг кўпчилик ҳолатлари айни бегона эркак ва аёлнинг бир жойда холи қолишларидан бошланиши ҳеч кимга сир эмас.
Баъзи бирлар даъво қилганларидек, холи қолган эркак ва аёл очиқ кўнгиллик билан, «дўстона» гаплашиб ўтиришди ҳам дейлик. Нимани гаплашишади? Шу пайт хотиннинг эри ёхуд эркакнинг хотини келиб қолса, улар дўстона гаплашиб ўтиришибди, деб ўйлайдими? Умуман, бошқа бир одам, қўни-қўшни кўриб қолса-чи?
Баъзи бир кишилар «Уйга эрнинг қариндошлари келиб-кетиб туришади. Зарурат юзасидан ҳеч ким йўғида хотиннинг олдига кирса нима бўлади?» дейишади.
Саҳобаи киромлар ҳам худди шу саволни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашган экан. У зот бу иш ўлим билан баробар эканлиги ҳақида хабар берибдилар. Яъни, бу ниҳоятда хатарли иш, дебдилар. Чунки бу нарса бепарволикка сабаб бўлади. Мазкур эътиборсизлик оқибатида эса ҳаром иш содир бўлиши ҳеч гап эмас.
Акасининг хотини билан зинода қўлга тушган укалар оз эмас. Шунга ўхшаш, бошқа номаҳрам қариндошлар ҳам. Шунинг учун зинҳор ва зинҳор ушбу ҳадиси шарифга хилоф қилмаслик керак. Бунинг учун кимдир бу шаръий амрни тарк этгани туфайли зино қилиб қўйган ёки шубҳага қолиб, бир оила бузилган бўлиши шарт эмас. Шариатда бир ҳукм жорий бўлганми, мўмин-мусулмон киши унга қатъий амал қилавериши лозим. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).
Валлоҳу аълам!

Баҳам кўринг