Спираль

Muattar сўради 4 ой аввал

Ассалому алайкум! Мен сайтдаги савол-жавобларни ўқиб билдимки, спираль қўйдириш хайрли амал эмас. Аммо бошқа қандай йўл тутсак, хайрли иш қилган бўламиз? Раҳмат.

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 4 ой аввал

Ва алайкум ассалом!
РОБИТАТУЛ ОЛАМИЛ ИСЛОМИЙ ҲУЗУРИДАГИ
ИСЛОМ ФИҚҲИ АКАДЕМИЯСИ ҚАРОРЛАРИ
Учинчи мажлис қарори:
23-30 рабиъус соний, 1400 ҳ.с.

НАСЛНИ ЧЕКЛАШ ҲАҚИДА ШАРИАТ ҲУКМИ
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин!
Ортларидан набий йўқ зотга салавотлар бўлсин!
Ислом Фиқҳи Академияси наслни чеклаш, одамларни алдаш учун «наслни режага солиш» деб аталаётган масалани кўриб чиқди.
Муноқаша ва фикр алмашувлардан кейин Ислом Фиқҳи Академияси бир овоздан қуйидаги қарорларни қабул қилди:
Ислом шариати мусулмонлар наслини кўпайтириш ва таратишга тарғиб қилади, наслни буюк неъмат ва Аллоҳнинг бандаларига берган улуғ атоси деб эътибор қилади. Бу ҳақда Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида кўплаб далиллар келгандир.
Ўша далиллар наслни чеклаш ва ҳомилани ман қилиш Аллоҳ яратган инсоний табиатга ҳамда Аллоҳ бандаларига рози бўлган Ислом шариатига зид эканини таъкидлайди.
Наслни чеклашга ёки ҳомилани ман қилишга чақираётганлар мусулмонларнинг сонини камайтиришга ҳаракат қилаётганлардир.
Ана шуларни эътиборга олиб, Ислом Фиқҳи Академияси бир овоздан қуйидагиларга қарор қилди:
Наслни чеклаш мутлақо мумкин эмас. Агар очликдан хавфсираб ёки шариат эътибор қилмаган сабабларга биноан қилинадиган бўлса, ҳомилани ман қилиш ҳам жоиз эмас. Чунки Аллоҳ таоло ризқ берувчи Зотдир. Ер юзидаги барча жониворларнинг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир.
Аммо алоҳида, зарар аниқ бўлган ҳолатларда, аёл оддий ҳолда туға олмай, унинг қорнини ёриб, боласини олишга мажбур бўлинадиган ҳолатларда ҳомиладор бўлишни ортга сурадиган омилларни ишлатишга монелик йўқ.
Шунингдек, бошқа шаръий ва тиббий сабабларга кўра онанинг ҳаёти хавф остида қоладиган бўлса, ишончли мусулмон табибларнинг қарори билан ҳомилани ман қилувчи воситаларнинг ишлатилиши жоиздир.
Аммо умумий равишда наслни чеклаш ва ҳомилани ман қилиш шариат бўйича жоиз эмас.
Ислом Фиқҳи Академияси.
Шу қарорга мувофиқ наслни чеклаш шаръан жоиз  эмас, лекин зарурат бўлганда фойдаланиш мумкин. Валлоҳу аълам!

Баҳам кўринг