Ақиқа

Гулфиза сўради 1 ой аввал

Ассалому алайкум! Бир ёшли қизимга атаб ақиқа қилсак бўладими? Кеч қолмадикми? Бу маросим қандай ўтказилади? Дастурхон ёзиб одам чақириш керакми ёки гўштни ўзини қўшниларга тарқатса бўлдими?

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 1 ой аввал

Ва алайкум ассалом! Бўлади.
Қуйида ақиқа ҳақида батафсил маълумот:
Ақиқа ҳанафий мазҳабида мустаҳаб. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ “Суннат” деганлар. (Фатавои Ҳиндия). Имом Шофеъий ва имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳимлар  суннати муаккада деганлар. (Роддул мухтор). Ақиқани қилиш ёши чегараланмаган. Туғилган кунининг еттинчи, ўн тўртинчи ва йигирма биринчи кунлари қилиш мустаҳаб. Яъни афзал. Унгача қила олмаса, кейин қилиш ҳам жоиз. Шунингдек ўғил болага иккита, қиз болага битта жонлиқ сўйиш ҳам суннат. Мабодо ўғил болага битта сўйса ҳам суннат адо бўлади.
Ақийқа ҳам боланинг ота-онадаги ҳаққларидандир.
«Ақийқа» луғатда «ёрди» маъносини англатиб, аслида, янги туғилган боланинг сочига айтилади.
Шариат таълимотларига мувофиқ, туғилишнинг еттинчи куни боланинг сочини олиб, ўша соч оғирлигида кумуш садақа қилмоқ тавсия қилинади.
Соч бошдан ажратиб олингани учун, бу маросим «ақийқа» дейилади.
Ўша муносабат ила сўйиладиган қўй ҳам «ақийқа» дейилади.
Истеъмолда шу маъно кўп ишлатилгани учун, «ақийқа» деганда фақат янги фарзанд туғилиши муносабати ила сўйиладиган қўй тушуниладиган бўлиб қолган.

Салмон ибн Омир аз-Зоббий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ғулом ила ақийқа бордир. Бас, унинг учун қон чиқаринг ва ундаги нопокликни кетказинг», – дедилар».
Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.
Ҳадисдаги бу жумла «янги туғилган боланинг ақийқаси ўзи билан», деб тушунилади. Яъни, ҳар бир янги туғилган болага ақийқа лозим, деганидир.
«Бас, унинг учун қон чиқаринг.»
Яъни, янги фарзанд туғилгани шарафига жонлиқ сўйинг. Бу муносабат ила қон чиқариш қандай бўлишини келаси ҳадиси шарифлар баён қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога биттадан қўчқор сўйиб ақийқа қилдилар».
«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Баҳам кўринг