Никоҳ ҳақида

Gulsara сўради 2 ой аввал

Ассалому алайкум! 5 йил олдин бир инсон билан яширин никоҳ ўқитганмиз. Уйдагилар бехабар. Уни оиласи, 4 нафар фарзанди бор. Мени 2 нафар фарзандим бор. Эрим билан 10 йил олдин ажрашганман. Ҳозирда уйдагилар хабар топган. Мени дадам “оқ қиламан шу гаплар рост бўлса” дедилар. Кўпчилик бу никоҳ «ҳақиқий эмас» дейишди. Биз 5 йил давомида гуноҳкор, яъни зинокорлардан ҳисобландикми? Қандай йўл тутсам тўғри?

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 2 ой аввал

Ва алайкум ассалом!
Никоҳ тугуни ийжоб ва қабул ила боғланади.
«Ийжоб» ақди никоҳда иштирок этадиган икки томоннинг биридан шу масалада аввал содир бўладиган нарса, «қабул» эса иккинчи ўринда содир бўлган нарсадир.
Мисол учун, бир эркак аёл кишига гувоҳлар ҳузурида: «Мен сени никоҳимга олдим», деса, мана шу сўраши «ийжоб» бўлади.
Аёл унга: «Рози бўлдим», деб жавоб берса, мана шу жавоби «қабул» бўлади.
Ёки аксинча бўлиши ҳам мумкин. Валийлар ёки вакиллар орқали ҳам «ийжоб-қабул» бўлиши мумкин.
Ҳанафий мазҳабида фақат ийжоб ва қабулгина никоҳнинг рукни ҳисобланади.
Ийжоб ва қабулда келин ва куёв томонидан ишлатилган иборалар абадийликни ва ўтган замонни ёки буйруқ ва ўтган замонни ифода қилиши шарт. Агар ийжоб ва қабулда келин ва куёв томонидан ишлатилган иборалар сўров ёки келаси замонни ифода қилса, никоҳ боғланмайди.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم، قَالَ: «لَا نِكَاحَ إِلَّا بِوَلِيٍّ وَشَاهِدَيْ عَدْلٍ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْبَيْهَقِيُّ

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Валийсиз ва икки одил гувоҳсиз никоҳ йўқдир», дедилар».
Аҳмад ва Байҳақий ривоят қилишган.
Шоҳидсиз никоҳ бўлмайди. Ана ўша гувоҳлар икки шахснинг ҳалол-пок йўл – никоҳ йўли билан оилавий турмуш қуришганига шоҳид бўладилар. Бошқа кишиларга ҳам буни етказадилар. Шунингдек, эр-хотин орасида никоҳ масаласида даъволашув бўлиб қолса, қозининг олдида гувоҳлик ҳам берадилар. Ушбу эътиборлардан, никоҳ гувоҳсиз бўлиши мумкин эмас.
Никоҳда гувоҳлар икки эркак, ҳанафий мазҳабида икки эркак бўлмаса, бир эркак, икки аёл киши бўлса ҳам бўлаверади. Фақат аёл кишиларнинг ёлғиз ўзларининг гувоҳлиги кифоя қилмайди.(«Кифоя» китобидан)

Баҳам кўринг