Ёлғон гапириш

dilorom сўради 2 ой аввал

Ассалому алайкум! Мeн 9 синфда ўқиб юрган кeзларим хато иш қилиб бир йигит билан гаплашганман, фақат тeлeфон орқали. Кeйинчалик динимизда бу ишлар ҳаром эканлигини тушундим ва тавба қилдим. Бу ишни қайтиб қилганим йўқ. Турмушга чиқиш арафасидаман. Агар турмуш ўртоғим “гаплашганмисан”, дeб сўраса ёлғон гапиришдан ва ҳаётимни ёлғон билан бошлашдан қўрқяпман. Агар ростини айтсам бир умр юзимга солиб ўтсаларчи. Маслаҳат бeринг илтимос.

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 2 ой аввал

Ва алайкум ассалом!

Бирор хавф сезганда ёлғон гапириш мумкинми?


Оиланинг аҳллигини сақлаб қолиш учун.
Ҳар бир жамиятда оиланинг аҳиллиги алоҳида аҳамият касб этади. Аҳил оилада ўсган болалар салоҳиятли фуқаро бўлиб ўсадилар. Ота-онанинг жанжаллари садоси остида ўсган болалар эса салоҳиятли фуқаро бўлишлари мумкин эмас.
Шунинг учун ҳам эр-хотин орасидаги ўзаро аҳиллик жуда ҳам муҳимдир. Ана ўша аҳилликни сақлаб қолиш мақсадида эри хотинга бир-бирларига яхшилик маънода ёлғон гап айтишларига рухсат берилган.

Умму Кулсум бинти Уқба розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Бу аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат қилган биринчи муҳожиралардан бўлган эди. У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Одамлар орасини ислоҳ қилган каззоб эмас, хайрни айтади ва хайрни етказади», деганларини эшитган экан.
«Мен у зотнинг одамлар «ёлғон» дейдиган нарсадан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло уч нарсага; урушда, одамлар орасини ислоҳ қилишда ва эрнинг ўз хотинига ва хотиннинг ўз эрига гапиришида рухсат берганлар», деди у».
Тўртовлари ривоят қилган.
Абу Довуднинг лафзида:
 «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёлғондан бирор нарсага рухсат берганларини эшитмаганман. Илло уч нарсани «ёлғончи ҳисобламайман» дер эдилар: одамлар орасини ислоҳ қилган одамни. У бир гапни айтса, ундан ислоҳдан бошқани ирода қилмайди. Урушда сўз сўзлаган кишини ва ўз хотинига сўз айтган эрни ҳамда ўз эрига сўз айтган хотинни», дейилган.
Гапни буриб гапириш, яъни,  киши оғир ҳолга тушиб қолганда сиртидан бошқа, ичида бошқа маъно берадиган гапни айтиб очиқ-ойдин ёлғон гапирмай қутилиб кетишга рухсат бор. Валлоҳу аълам!

Баҳам кўринг