11.10.16

Замира сўради 2 ой аввал

Ассалому алайкум! Мен 16 ёшимда 3-хотин бўлиб турмушга чиққанман. Қандайдир кўнглим тўлмайди, хар ҳил ҳаёлларга бораман, ёшроқ турмушга чиққанимда ҳаётим ҳам бошқача бўлармиди, деб ўйлаб юраман. Хўжайнимнинг биринчи хотинлари билан ҳаёлимда гаплашиб юраман. Яқинда ҳажга бордилар, ёшлари 33да, 15 ёш фарқ қиламиз.

1 жавоб
Muslimaat.uz Маъмурият жавоб берди 2 ой аввал

Ва алайкум ассалом! Саволингизни ўқиб, ўзимда ҳам сизга нисбатан жуда кўп саволлар пайдо бўлди. Жавобингизга қараб кўпроқ ёрдамим тегармиди. Психология илмида шундай гап бор: аёл киши агар ўзи ҳақида эмас, кўпроқ эри ҳақида ўйласа, албатта эри бошқа аёл ҳақида ўйлайди. Яъни, аёлларимиз ўзини соғлиги, гўзаллиги, бадан тарбияси, гўзал таом тайёрлаши ва озода уй тутиши, юз терисини парваришлаши, болалари тарбияси, турмуш ўртоғини шулар орқали кўнглини олишини ўйлаши ва доимо изланишда бўлиши керак. Агар турмуш ўртоғини ким билан, қаерда, нималар билан банд эканлиги ҳақида қайғураверса, албатта юз терисида ички кечинмалари сабабли ўзгаришлари пайдо бўлади. Ранги синиқ, териси бужмайгандек, нимадандир норози одамдек, жаҳлдордек кўрина бошлайди. Ҳаттоки қадам ташлаши, баъзи ҳаракатлари қўполлашиб кетади. Аёллик латофати йўқола бошлайди. Эркак кишига бундай аёл ёқимли кўринармикин? Шунингдек, динимизда гумон иймонни қочирар деган гап бор. Яхшиси, яхши ният қилинг, ўзингизни жуда бахтли ҳолатларингизни кўз олдингизга келтиринг. Ҳар доим табассум қилиб юришга ҳаракат қилинг. Ҳаёлингизда ҳар хил ножўя фикрлар пайдо бўлиши билан, уларни бартараф қилинг. Яна бир маслаҳатим, ҳаммадан тинч бўлганингизда, қоғоз, ручка олиб ўзингизнинг бахтли кунларингизни тасаввур қилиб, ёзиб қўйинг. Бемалол фантазия қилинг. Ҳали бўлмаган бахтли кунларингизни ҳудди бўлиб ўтгандек ўтган замонда баён қилинг. Шу ёзганларингизни онда-сонда ўқиб туринг. Албатта кўп зикр қилинг, ҳотиржам бўласиз. Нимани ҳаёлингизга келтирсангиз, ҳаётингизга кириб келиш эҳтимоли бор. Ўзбекчиликда шундай гап борку, «яхши гапга ҳам, ёмон гапга ҳам фаришталар омин дейди»! Айтмоқчиманки, яхши ҳаёл ҳам, ёмон ҳаёл ҳам шундай кучга эга. Кўпроқ пайғамбарлар тарихи китобларини, Ҳадиси Қудсий китобларини, ҳамда Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг «Руҳий тарбия» китобларини ўқинг (1 чи, 2 чи ва 3 чи жузларини). Валлоҳу аълам!

Баҳам кўринг