3 талоқ

Аида сўради 2 ой аввал

Ассалому алайкум! «Мен бу аёлни ўз никоҳимга олиб, у билан яқинлик қилиб, талоқ қўяман, мақсадим аввалги эри ва фарзандлари билан аҳил-иноқ бўлиб яшаб  кетишларидир», деган ният билан уйланиб, яқинликдан кейин аёлга талоқ қўйса, бу иш лаънатни вожиб қиладиган амал ҳисобланмайди. Ин шаа Аллоҳ, яхши ниятига ажр олади.(Мирқотул мафотиҳ). Шу тўғрими?

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 2 ой аввал

Ва алайкум ассалом! Мен бу китобни ҳам, бу гапни ҳам билмайман. Билганим қуйидаги:
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалолловчини ва ҳалоллатувчини лаънатладилар».
Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилганлар.
Шарҳ: Ҳалолловчи – уч талоқ қилинган хотинни уни талоқ қилган эрига «ҳалоллаб» бериш учун никоҳлаб олиб, бир марта яқинлик қилиб қилиб берадиган киши. Ҳалоллатувчи эса хотинини уч талоқ қилиб қўйиб, ўзига яна «ҳалоллатиб» олиш учун бошқа бир эркакка никоҳлаб, бир марта жинсий алоқа қилганидан кейин қайтариб оладиган одам. Бундай никоҳ «ҳалола никоҳи» дейилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг лаънатлари ҳаром нарса учун бўлади. Шунга биноан, ҳалола никоҳи ҳам ҳаром бўлади.
Имом Ибн Можа ривоят қилган ҳадисда айтилишича:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга ориятга олинган таканинг хабарини айтайми?» дедилар.
«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дейишди одамлар. У зот:
«У ҳалолловчидир. Аллоҳ ҳалолловчини ҳам, ҳалоллатувчини ҳам лаънатлади», дедилар».
Ориятга берилган мол – урғочи молни қочириб олиш учун бепул, вақтинча бериб турилган эркак молдир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «ҳалолловчи» ва «ҳалоллатувчи»ларни ана шундай жирканч сифат билан сифатламоқдалар. (Ҳадис ва ҳаёт)
Валлоҳу аълам!

Баҳам кўринг