Зиёрат қилиш

Munavvara Solijanova сўради 3 ой аввал

Ассалому алайкум!
1. Муслималарга Самарқанд шаҳрида ўтган авлиёларни зиёрат қилиш мумкинми?
2. Шариат кўрсатмаларига мувофиқ тўйида оқ либос кийиш жоизми? Ёки бундай ҳолатда бошқа миллат вакилларига ўхшашлик борми?
3. Чапақай доим ўнг қўлида таом есада, тайёрлашга келганда чап қўлида қилса, чап қўлида ёзса, гуноҳми? Шунда чап қўл соҳиби бўлиш хавфи борми?  Жавоблар учун олдиндан раҳмат, Аллоҳ рози бўлсин.

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 3 ой аввал

Ва алайкум ассалом! Фойдаланувчи кейинги сафар саволларни биттадан беринг!
1. Шариатга мувофиқ ҳолда, фақатгина охиратни эслаш мақсадида, ўтган мўмин мусулмонларнинг ҳаққига дуо қилиш ниятида бўлади. Тури бидъат хурофотдан четланган ҳолда.
2. Рангнинг аҳамияти йўқ. Бошқа миллат, яъни номусулмон миллатга тақлид қилмаслик керак.
3. Шариат ўнг қўлда қилиш талаб қилган ишлардан бошқасини қилса, жоиз.
Аллоҳ таоло қандай амални яхши кўрса, ўша амалларни фаришталарга вазифа қилиб юклаган. Шунинг учун уларнинг баъзиси қиёмда, баъзиси рукуъда ва баъзиси саждада бўлади. Аммо инсонлар учун Роббимиз бу амалларни пайғамбар алайҳимуссаломларга суннат қилиб жорий қилди. Бинобарин, пайғамбар алайҳимуссаломларнинг ҳар бир суннатлари Аллоҳ таолога энг маҳбуб бўлган амаллардир. Ким қанчалик кўп суннатга амал қилса, шунчалик анбиёларнинг сифатларига яқинлашиб бораверади ва натижада Аллоҳнинг ҳузурида муқарраб бўлиб бораверади.
Худди шунингдек, Аллоҳ таоло Ўзи ёмон кўрган амалларни шайтонга одат қилиб берди. Кимнинг табиати шайтоннинг амалларига мойил бўлса, шайтон қилган амалларни қилади ва Аллоҳдан узоқлашиб, шайтоннинг дўстларига айланиб бораверади.
Шундай экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари биз учун оддий амаллар эмас, балки жаннатга калит бўладиган, Парвардигоримизнинг розилигига эриштирадиган фазилатлар ҳисобланади. Биз бу амалларни Набий алайҳиссалом қилган ишлар деб эмас, балки Аллоҳ таоло суйган амаллар деб билишимиз ва уларга шу нуқтаи назардан ёндашишимиз керак.
عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: إِذَا أَكَلَ أَحَدُكُمْ فَلْيَأْكُلْ بِيَمِينِهِ، وَإِذَا شَرِبَ فَلْيَشْرَبْ بِيَمِينِهِ، فَإِنَّ الشَّيْطَانَ يَأْكُلُ بِشِمَالِهِ وَيَشْرَبُ بِشِمَالِهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирортангиз еса, ўнг қўли билан есин. Қачон бирортангиз ичса, ўнг қўли билан ичсин. Чунки шайтон чап қўли билан еб, чап қўли билан ичади», дедилар».
Муслим, Абу Довуд, Термизий ривоят қилганлар.
Шарҳ: Демак, чап қўли билан еб-ичган одам Роҳманнинг амридан юз ўгириб, шайтонга эргашган ва унинг ишини қилган бўлади.
Шунинг учун бу масалага катта эътибор билан қарамоғимиз, фарзандларимизга ҳам ўргатмоғимиз лозим.
عَنْ سَلَمَةَ بْنِ الْأَكْوَعِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَجُلًا أَكَلَ عِنْدَ النَّبِيِّ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم بِشِمَالِهِ، فَقَالَ: كُلْ بِيَمِينِكَ، قَالَ: لَا أَسْتَطِيعُ، قَالَ: لَا اسْتَطَعْتَ، مَا مَنَعَهُ إِلَّا الْكِبْرُ، قَالَ: فَمَا رَفَعَهَا إِلَى فِيهِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ
Салама ибн ал-Акваъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида чап қўли билан таом еди. Бас, у зот:
«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар.
«Қодир эмасман», деди у.
«Қодир бўлмагин! Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади», дедилар у зот. Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан динимизда овқатланиш маданиятига қанчалик аҳамият берилганлигини ёрқин кўриб турибмиз. Албатта, гап овқатланишнинг исломий маданияти ҳақида кетмоқда. Овқатланишнинг исломий маданиятларидан бири ўнг қўл билан ейишдир. Ҳар бир мусулмон инсон бу муҳим ишга алоҳида эътибор билан қараши лозим. Баъзи бир кишилар бу исломий маданиятга риоя қилмасалар, уларни огоҳлантириш керак.
Ушбу ривоятнинг қаҳрамони ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида овқатланишнинг исломий маданиятига риоя қилмай, чап қўли билан таом ейишга тутинди. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳолга бепарво бўлишлари мумкин эмас эди. Шунинг учун мазкур одобсиз кишига таълим бериб:
«Ўнг қўлинг билан е!» дедилар».
Бундай пайтда ҳар қандай одам таълим берувчига ташаккур айтиб, ўзини ўнглаб олишга уринади. Одоб-ахлоқ тақозоси шу. Аммо ҳалиги одам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ташаккур айтиб, ўз хатосини тузатиб, ўнг қўли билан таом ейишга ўтиш ўрнига:
«Қодир эмасман», деди».
Яъни бу «Овқатни ўнг қўлиб билан ея олмайман. Чап қўлим билан еявераман», дегани эди. Ўзи нотўғри иш қила туриб, унга меҳр кўрсатиб, хатосини тўғрилаб қўйган зот Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан бундай бетгачопарлик қилган нобакор ҳар қандай жазога ва қарғишга лойиқ эди. Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам очиқ-ойдин қилиб:
«Қодир бўлмагин!» дедилар».
Яъни «Ўнг қўлинг билан таом ея олмасанг, бир йўла ея олмай қолгин», дедилар. Ҳамда у ерда ҳозир бўлганларга тушунтириш учун:
«Уни кибрдан бошқа нарса ман қилмади», деб, қўшиб қўйдилар. Яъни у одам юқоридаги гапни ҳақиқатда ўнг қўлида нуқсон борлиги учун эмас, кибр билан хатосини тан олишдан бош тортиб айтган эди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни дуоибад қилдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари жойида қабул бўлди.
«Ҳалиги одам қўлини оғзига кўтара олмай қолди».
Ажаб бўлди! Баттар бўлсин! Ўз фойдасини билмаган, шариат ҳукмидан кўра ўзининг кибрини устун қўядиганлар учун бу ҳам кам!
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Чап қўл билан таом еб бўлмаслиги.
2. Бировнинг чап қўл билан еганини кўрган одам танбеҳ бериб, ўнг қўл билан ейишини эслатиб қўйиши кераклиги.
3. Дийний ҳукмлар бўйича насиҳат эшитган одам мутакаббирлик қилмаслиги кераклиги.
4. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари дарҳол қабул бўлиши. (“Ҳадис ва Ҳаёт” китобидан).

Баҳам кўринг