Фарзанд асраб олиш ҳақида

МаслаҳатларМавзу: Динда саволим борФарзанд асраб олиш ҳақида
Номаълум сўради 6 ой аввал

Ассалому алайкум! Анчадан бери бир нарса ҳақида ўйлайман. Болалар уйидан фарзанд асраб олиш… Ўзим турмушга чиққанман, 2 фарзандим бор. Лекин баъзида ота-онасиз болаларнинг ғамгин кўзлари, дардларини ўйлаб, жуда раҳмим келади. Асраб олишимизга турмуш ўртоғим қарши эмас. Зора, ҳеч бўлмаса, биттага камайса, биттаси меҳрга эга бўлса… Лекин қайнонам (жуда яхши инсонлар), “зоти, қандай туғилгани номаълум боладан кўра, ўзингиз туққанингиз маъқулмасми? Бола барибир, ота-онасига, наслига тортади”, дейдилар. Менимча, ундаймас! Боланинг тарбияси муҳим, деб ўйлайман. Динда бунга қандай қаралади?  (Минг бора узр, диний саводим йўқ). Сиз бу борада нима дейсиз? Аввалдан раҳмат.

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 6 ой аввал

Ва алайкум ассалом! Етимни боқиш улуғ савоб амал эканлиги Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда кўп марта баён қилинган ва Исломда бу ишга қаттиқ тарғиб қилинган. Мана шу ҳақида ёзилган мавзуларни топиб ўқишни тавсия қиламиз. Мисол тариқасида иккита ҳадисни келтириб ўтаман.
Абу Умомадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочнинг устидан ўтса, шунча ҳасанот ёзилади.
Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан», – деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар».
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмонларнинг уйлари ичида энг яхшиси ундаги етимга яхшилик қилинадиган уйдир. Мусулмонларнинг уйлари ичида энг ёмони ундаги етимга етимга ёмонлик қилинадиган уйдир»,дедилар.
Сўнгра икки бармоқларига ишора қилиб:
«Мен ва етимнинг кафили жаннатда мана бундоқмиз», дедилар.
Валлоҳу аълам!

Баҳам кўринг