Азадорлик ҳақида

Bonu сўради 8 ой аввал

Ассалому алайкум! Азадор киши 40 кунгача жинсий алоқа қилмаслиги, телевизор кўрмаслиги керакми?

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 8 ой аввал

Ва алайкум ассалом! Бўлмаган гап. 40 кун деган нарса йўқ шариатда. Шариатда фақат уч кун аза тутилади.
Ҳумайд ибн Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Менга Зайнаб бинти Абу Салама ушбу уч ҳадиснинг хабарини берди. У айтдики, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти ҳалоллари Умму Ҳабибанинг олдиларига кирдим. Ўша пайт унинг отаси Абу Суфён вафот этган кунлар эди. У сариқ рангли бир аралаш ёки бошқа хушбўй нарса келтиришларини сўради. Ундан бир қизчага суртиб кўрди-да, кейин ўзининг икки юзига суртиб туриб, Аллоҳга қасамки, ҳозир хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбардан туриб:
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун бирор маййит учун уч кундан ортиқ аза тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ойу ўн кун тутади» деганларини эшитган эдим», деди».
Зайнаб яна айтадики, кейин Зайнаб бинти Жаҳшнинг олдига акаси вафот этган пайтида кирдим. У хушбўй нарса сўраб олди ва ундан суртди. Сўнгра:
«Аллоҳга қасамки, хушбўй нарса суртадиган ҳолим йўқ, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарда туриб:
«Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган аёл учун бирор маййит учун уч кундан ортиқ мотам тутиши ҳалол эмас. Фақат эрига тўрт ойу ўн кун тутади», деганларини эшитган эдим», деди.
Зайнаб яна айтадики, онам Умму Саламанинг бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, қизимнинг эри вафот этди. Унинг кўзи оғриб қолди, сурма суртса, майлими?» деди.
«Йўқ», дедилар ва сўнгра:
«Албатта, у (мотам) тўрт ойу ўн кундир. Батаҳқиқ, жоҳилият даврида ҳар бирингиз бир йилдан сўнг тезак отар эдингиз», дедилар.
Ҳумайд айтадики, Зайнабга:
«Бир йилдан сўнг тезак отар эдингиз» дегани нима?» дедим. У:
«Эри ўлган хотин тор уйга кириб, энг ёмон кийимларини кийиб ўтирар эди. Бир йил ўтгунча шундоқ ҳолда хушбўй ҳам, бошқа нарса ҳам суртмай ўтирар эди. Сўнгра унинг олдига бир жонивор, эшакми, қўйми ёки қушми келтирилар эди. Сўнгра у ўшанга олдини артар эди. Кўпинча у олдини артган нарса ўлар эди. Сўнг ташқарига чиқар, унга тезак берилар, у эса ўша тезакни отар эди. Шундан кейингина унга ўзи хоҳлаган хушбўйми ёки бошқа нарсами суртиш мумкин бўлар эди», деди».
Бешовлари ривоят қилишган.
Валлоҳу аълам!

Баҳам кўринг