Таҳажжуд намози

Rustamova сўради 9 ой аввал

Ассалому алайкум! Одинахон опа, менга таҳажжуд намози ҳақида маълумот беринг. Мен ҳар хил  маълумотлар эшитаяпман. Аллоҳ сиздан рози бўлсин!

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 9 ой аввал

Ва алайкум ассалом! Саволингизга «Кифоя» китобидан иқтибос келтираман:
ТУНГИ НАМОЗ АДАДИ ВА КАЙФИЯТИ

909- عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ  عَنِ النَّبِيِّ  قَالَ: إِذَا قَامَ أَحَدُكُمْ مِنَ اللَّيْلِ فَلْيَفْتَتِحْ صَلاَتَهُ بِرَكْعَتَيْنِ خَفِيفَتَيْنِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ.

909. Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз кечаси (таҳажжудга) турса, намозини енгилгина икки ракат билан очсин», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Шарҳ: Бу ҳадисда таҳажжуд намозини енгилгина икки ракат намоз ўқиш билан бошлаш тавсия қилинмоқда. Албатта, уйқудан туриш билан бирданига қаттиқ ҳаракат қилиш, узоқ тик туриб намоз ўқиш оғир келади. Шунинг учун аввал енгилгина икки ракат намоз ўқилса, бу ўзига хос чигал ёзиш машқи ҳам бўлади. Инсоннинг руҳи ҳам, жисми ҳам келажакдаги намозларга яхшилаб тайёрланади. Ана ундан кейин хоҳлаганича ўқийверади.

910- عَنِِ ابْنَ عُمَرَ  أَنَّ رَجُلاً قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ كَيْفَ صَلاَةُ اللَّيْلِ قَالَ: مَثْنَى مَثْنَى فَإِذَا خِفْتَ الصُّبْحَ فَأَوْتِرْ بِوَاحِدَةٍ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

910. Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қи-линади:
«Бир киши:
«Эй Аллоҳнинг Расули, тунги намоз қандоқ бўлади?» деди.
«Икки (ракат), икки (ракат). Агар тонг отиб қолишидан қўрқсанг, бир ракат витр ўқи», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Кечаси намоз ўқиганда ҳар икки ракатда салом бериш яхши экани шу ҳадисдан олинган.

911- وَسُئِلَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا عَنْ صَلاَةِ رَسُولِ اللهِ  بِاللَّيْلِ فَقَالَتْ: سَبْعٌ وَتِسْعٌ وَإِحْدَى عَشْرَةَ سِوَى رَكْعَتَيِ الْفَجْرِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

911. Оиша розияллоҳу анҳодан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозларидан сўралди. Бас, у киши:
«Фажрнинг икки ракатидан бошқа етти, тўққиз ва ўн бир», дедилар».
Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам имкониятларига қараб, бир ракат витрдан бошқа олти, саккиз ёки ўн ракат тунги намоз ўқир эканлар.

912- وَعَنْهَا قَالَتْ: كَانَ النَّبِيُّ  يُصَلِّي مِنَ اللَّيْلِ ثَلاَثَ عَشْرَةَ رَكْعَةً مِنْهَا الْوِتْرُ وَرَكْعَتَا الْفَجْرِ.

912. Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кеча-сида ўн уч ракат намоз ўқир эдилар, уларнинг ичида витр ва фажрнинг икки ракати ҳам бор», дедилар».
Шарҳ: Бир ракат витр ва икки ракат фажрни чиқариб ташласак, олдинги ривоятдагидек, ўн ракат қолади.

913- عَنْ أَبِي سَلَمَةَ بْنِ عَبْدِ الرَّحْمَنِ  أَنَّهُ سَأَلَ عَائِشَةَ: كَيْفَ كَانَتْ صَلاَةُ رَسُولِ اللهِ  فِي رَمَضَانَ فَقَالَتْ: مَا كَانَ رَسُولُ اللهِ  يَزِيدُ فِي رَمَضَانَ وَلاَ فِي غَيْرِهِ عَنْ إِحْدَى عَشْرَةَ رَكْعَةً يُصَلِّي أَرْبَعًا فَلاَ تَسَلْ عَنْ حُسْنِهِنَّ وَطُولِهِنَّ ثُمَّ يُصَلِّي أَرْبَعًا فَلاَ تَسَلْ عَنْ حُسْنِهِنَّ وَطُولِهِنَّ ثُمَّ يُصَلِّي ثَلاَثًا فَقُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ أَتَنَامُ قَبْلَ أَنْ تُوتِرَ فَقَالَ: يَا عَائِشَةُ إِنَّ عَيْنَيَّ تَنَامَانِ وَلاَ يَنَامُ قَلْبِي. رَوَاهُمَا الْخَمْسَةُ.

913. Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши Оиша розияллоҳу анҳодан:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Рамазондаги намозлари қандоқ бўлган?» деб сўралганда:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазонда ҳам, ундан бошқа пайтда ҳам ўн бир ракатдан зиёда қилмас эдилар. Аввал тўрт ракат ўқирдилар. Уларнинг гўзаллиги ва узунлигини асти сўрама. Кейин яна тўрт ракат ўқир эдилар. Уларнинг гўзаллиги ва узунлигини асти сўрама. Сўнгра уч ракат ўқир эдилар. Мен:
«Эй Аллоҳнинг Расули, витр ўқишдан олдин ухлайсизми?» дедим. У зот:
«Эй Оиша, албатта, менинг кўзларим ухлар, қалбим ухламас», дедилар».
Бешовлари ривоят қилишган.
Шарҳ: Аввало, ҳадис ровийи Абу Салама ибн Абдурраҳмон розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Абдуллоҳ ибн Абдурраҳмон ибн Авф Зуҳрий ал-Маданий, кунялари Абу Салама бўлиб танилган.
ҳадисларни оталари Абдурраҳмон ибн Авф, Усмон ибн Аффон, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Убода ибн Сомит, Усома ибн Зайд, ҳассон ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Салом, Савбон, Нофеъ, Абу ҳурайра, Оиша ва Умму Салама оналаримиз, Муовия, Муайқиб, Амр ибн Осс, Ибн Аббос, Ибн Умар, Абу Саид ал-Худрий, Анас ибн Молик ва яна бир неча саҳоба ва тобеинлардан ривоят қиладилар.
Бу кишидан ўғли Умар ва бошқалар ривоят қилишади.
Абу Салама ҳижратнинг 94-йили 72 ёшларида вафот этдилар.
Ушбу ҳадиси шариф «Рўза китоби»да ҳам келади. Ана ўшанда Аллоҳнинг хоҳиши ва мадади ила яхшилаб ўрганамиз. Ҳозир эса, тунги намозга тегишли маълумотларни ўрганиб турамиз:
1. Тунги намозни тўрт ракатдан ўқиса ҳам жоиз.
Имом Абу ҳанифа ушбу ҳадисни ҳужжат қилиб, тунги намоз тўрт ракатли бўлгани афзал, дейдилар.
2. Тунги намозни узун ва чиройли қилиб ўқиш кераклиги.
3. Витр намозининг уч ракат экани.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухласа ҳам, қалблари ухламаслиги.

914- عَنْ زَيْدِ بْنِ خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ  أَنَّهُ قَالَ: لأَرْمُقَنَّ صَلاَةَ رَسُولِ اللهِ  اللَّيْلَةَ وَفِي رِوَايَةٍ: فَتَوَسَّدْتُ عَتَبَتَهُ أَوْ فُسْطَاطَهُ فَصَلَّى رَكْعَتَيْنِ خَفِيفَتَيْنِ ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ طَوِيلَتَيْنِ طَوِيلَتَيْنِ طَوِيلَتَيْنِ ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ وَهُمَا دُونَ اللَّتَيْنِ قَبْلَهُمَا ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ وَهُمَا دُونَ اللَّتَيْنِ قَبْلَهُمَا ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ وَهُمَا دُونَ اللَّتَيْنِ قَبْلَهُمَا ثُمَّ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ وَهُمَا دُونَ اللَّتَيْنِ قَبْلَهُمَا ثُمَّ أَوْتَرَ فَذَلِكَ ثَلاَثَ عَشْرَةَ رَكْعَةً. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلاَّ الْبُخَارِيَّ.

914. Зайд ибн Холид ал-Жуҳаний розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«У киши, бу кеча, албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини кўз узмай кузатаман», деди».
Бошқа бир ривоятда:
«Остоналарини ёки чодирларини болиш қилиб олдим», дейилган.
Бас, енгилгина икки ракат ўқидилар. Сўнгра узундан узун икки ракат ўқидилар. Сўнг икки ракат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракатдан қисқароқ эди. Яна икки ракат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракатдан қисқароқ эди. Яна икки ракат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракатдан қисқароқ эди. Яна икки ракат ўқидилар. Бу иккови ўзларидан олдинги икки ракатдан қисқароқ эди. Сўнгра витр ўқидилар. Ҳаммаси ўн уч ракат».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Зайд ибн Холид розияллоҳу анҳунинг кечаси билан бошларини остонага қўйиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг таҳажжуд намозларини ўрганиш учун пойлаб ётишлари саҳобаи киромларнинг илмга бўлган, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатлари ва сийратларини ўрганишга бўлган фидокорликларининг бир намунасидир.
Ана ўша улуғларнинг фидокорликлари туфайли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва суннатлари ўта аниқлик ва дақиқлик билан ўрганилиб, сиз билан бизга етиб келган.
Ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва суннатлари аниқ ва равшан васф қилинмоқда, ҳеч қандай шарҳ ёки изоҳнинг ҳожати йўқ. Фақат у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тунги намозларининг бир кўриниши эканини эслаб қўйсак бўлди. Бошқа ривоятларда ракатлар сони бошқача бўлгани, тўрт ракатдан ўқилгани ҳам келади. Валлоҳу аълам!

 

Баҳам кўринг