Ёрдамингизга муҳтожман

МаслаҳатларМавзу: Динда саволим борЁрдамингизга муҳтожман
Номаълум сўради 9 ой аввал

Ассалому алайкум Одинахон опа! Биз оилада уч фарзандмиз, акам, укам ва мен. Биз бошқа вилоятда яшаймиз, лекин ҳозир ўқишимиз туфайли акам билан Тошкентда яшаяпмиз. Онам асли Тошкентлик. Таътил бошлангандан кейин укам билан онам бизни кўргани келишди. Аксига олиб, бувимлар йиқилиб тушдилар ва ётоққа михланиб қолдилар. Уларни бу ҳолатда ташлаб кетишга онамларнинг кўнгли бўлмаяпти. Бувимлар ҳам кетишларини ҳоҳламаяптилар, лекин онамлардан ташқари учта қизлари бор. Дадамлар эса уйда ёлғиз қолганлар. Улар ҳам тезроқ келишини айтаяптилар. Агар тезроқ қайтмасалар рози эмасликларини айтдилар. Мен ҳам онамларга эрнинг розилиги биринчи навбатда эканлигини айтаяпман, лекин улар онасини ташлаб кетмасликларини айтаяптилар. Уларнинг бу иши тўғрими? Оиламизда қийин вазият юзага келган. Ўзи олдиндан ҳамма бир-бири билан иноқ эмас, ҳамма асабий. Ота-онам ўзлари ибодатда эмаслар, лекин биз фарзандлар фарз амалларини бажаришга ҳаракат қиламиз. Ота-онамизнинг ўзаро иноқмасликлари бизга ҳам ўз таъсирини кўрсатаяпти. Ҳаётимда бир неча бор жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлганман. Лекин Худодан қўрқаман, у дунёдаги бундан минглар баробар аянчлироқ жазо мени бу ишни қилишдан тўхтатган. Мен ҳижобдаман. Бунга дадам қарши бўлган, лекин мен ўз аҳдимдан қайтмаганман.
Онам ҳам биз учун чидаб яшаб келаяптилар. Агар онамларнинг ажрашишларига розилик берсам нотўғри бўлмайдими? Вақтингизни ажратиб, ёрдамингизни аямаётганингиз учун катта раҳмат. Илтимос, менинг қалбимга таскин бўладиган ва албатта Парвардигоримнинг розилигига етиштирадиган тўғри йўлни кўрсатинг!

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 1 йил аввал

Ва алайкум ассалом. Мен имкон қадар насиҳат қилиб сизга ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қиламан. Аммо бу нарса бир неча сатрларни қоралаш билангина амалга ошиб қолмайди. Бунинг учун бир неча бор суҳбатлашиш керак. Ҳозирча айтадиганим: Авваламбор ўз хато камчилигингизни идрок қилиб, тан олибсиз, шунинг ўзи катта бахт. Бу ислоҳ қилиш учун ташланган энг катта қадам. Шуни идрок қилишни насиб қилган, уни ислоҳ қилишни ҳам насиб айласин. Ота-онангиз муносабатлари борасида, бу ишни ўзларига қўйиб беринг. Қарорни ўзлари қабул қилишсин. Чунки, улар ёши катта одамлар, тажрибалари ҳам кўпроқ, турмуш уларники. Сиз эса фақат уларни эҳтиром қилиш ва уларга яхши муносабатда бўлиш билан чекланинг. Ҳақларига дуода бўлинг.  Ўзгалар билан бўладиган муносабатдаги энг катта хатоимиз ва бу нозик нуқта бўлиб, кўпчилик англамайди, биз бошқаларга уларнинг тутумлари ва қилмишларига яраша муомалада бўламиз. Ота-она «бўйсинмади» деб, эр «итоат қилмади» деб, хотин «адолат қилмади» деб, яна бошқалар «яхшилик қилмади» деб нотўғри фикр юритади, нотўғри хатти-ҳаракат қилади ва нотўғри гап гапиради ва бор муаммо шу ердан келиб чиқади. Аслида биз уларга қилмишларига яраша эмас, ўзимизга нима юклатилган бўлса шунга қараб муносабатда бўлишимиз керак. Мен бандаман, Аллоҳ менга фалон-фалон нарсани буюрган, ҳадисда бундай дейилган, ундай қилиш суннатдир деб бандалик бурчимизни, мўминларнинг биздаги ҳаққини билиб, шунга амал қилишимиз керак. Шунга кўра ўзингиздаги камчиликларнинг сабабини отангизга боғламанг. Аллоҳдан сўраган ҳолда, секин ислоҳ сари ҳаракат қилаверинг. Сабрли ва кечиримли бўлинг. Яхшиликни умид қилаверинг. Аллоҳ ҳар ишга қодир Зот. Аллоҳ мададкор бўлсин!

Баҳам кўринг