Яна эътикоф ҳақида

МаслаҳатларМавзу: Динда саволим борЯна эътикоф ҳақида
Номаълум сўради 9 ой аввал

Ассалому алайкум. Эътикоф ўтирган аёлга ҳам жинсий яқинлик қилиши мумкинми? Эътикофда қанча муддатгача ўтириш мумкин?

1 жавоб
Odinaxon Muhammad Yusuf Маъмурият жавоб берди 9 ой аввал

Ва алайкум ассалом. Албатта жинсий алоқадан тийиласиз.
Сизга «Кифоя» китобидан иқтибос келтираман:
«Эътикоф» луғатда «ушлаб қолиш», «туриб қолиш» ва «лозим тутиш» маъноларини ифода қилади.
Шариатда эса
«Рўзадорнинг жамоат масжидида эътикоф нияти ила қолишидир».
Аллоҳ таоло:

وَلاَ تُبَاشِرُوهُنَّ وَأَنتُمْ عَاكِفُونَ فِي الْمَسَاجِد

«Ва у(аёл)ларга масжидларда эътикоф ўтирганингизда яқинлик қилманг», деган («Бақара» сураси, 187-оят).
Эътикоф Қуръонда зикр қилинган ибодат эканига ушбу оят далилдир. Бу оятда эътикоф ўтирган шахс ўз жуфти ҳалоли ила жинсий яқинлик қилмаслиги кераклигига ва эътикоф ибодати масжидда бўлишига ҳам далил бор.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا زَوْجِ النَّبِيِّ r: أَنَّ النَّبِيَّ r كَانَ يَعْتَكِفُ الْعَشْرَ اْلأَوَاخِرَ مِنْ رَمَضَانَ حَتَّى تَوَفَّاهُ اللهُ ثُمَّ اعْتَكَفَ أَزْوَاجُهُ مِنْ بَعْدِهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, то Аллоҳ у кишини вафот эттиргунича Рамазоннинг охирги ўн кунлигида эътикоф ўтирар эдилар. Сўнгра, у зотдан кейин завжалари ўтиришди».
Бешовлари ривоят қилишган.
Эътикоф қуйидаги турларга бўлинади:

  1. Вожиб.

Бунга назр қилинган эътикоф киради.

  1. Суннати муаккада.

Бунга Рамазоннинг охирги ўн кунидаги эътикоф киради.

  1. Мустаҳаб.

Бунга юқорида зикр қилинганлардан бошқа эътикофлар киради.
Эътикоф ўзига хос алоҳида ибодат бўлиб у ила банда қалб мусаффолигига, дунёнинг ташвишларидан узилишга, Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилишга ва шу каби кўпгина фазлларга эришади.
Унинг ози бир кундир.
Аммо имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳи: «Эътикофнинг ози бир оз муддат бўлса ҳам бўлади», деганлар ва шунга фатво берилган.
Ким эътикофни бузса, қазосини бажаради.
Худди нафл рўзани бузган одам қазосини тутиши вожиб бўлганга ўхшаб.
Эътикоф ўтирган одам масжиддан инсон ҳожатларидан бошқа нарса учун чиқмайди.
Инсон ҳожатлари деганда катта ва кичик тоҳарат ушатиш, нажосатни кетказиш ва жунубликдан ғусл қилиш каби ишлар кўзда тутилади. Мазкур ишларни қилиб бўлиши билан дарҳол эътикоф ўтирган жойига қайтади.
عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ r إِذَا اعْتَكَفَ لاَ يَدْخُلُ الْبَيْتَ إِلاَّ لِحَاجَةِ اْلإِنْسَانِ. رَوَاهُ مَالِكٌ.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон эътикоф ўтирсалар инсон ҳожатидан бошқа нарса учун уйга кирмас эдилар».
Молик ривоят қилган.
Жумъага заволдан кейин боради.
Боргандан кейин суннатни ўқиб олишга етадиган вақт бўлиши учун. Бу–жума ўқиладиган жоме масжидга яқин ерда эътикоф ўтирган одам учун.
Кимнинг манзили узоқ бўлса, суннатларни ўқиб, жумага бемалол эришадиган вақтни чамалаб боради.
Яъни, жумъа бошлангунча унинг фарздан аввалги тўрт ракъат суннатини ўқиб оладиган вақт ҳам бўлишини ҳисобини қилиши лозим бўлади.
Икки ийд намозига бориши ҳам худди жумага боришга ўхшайди.
Шунинг учунҳам, уламоларимиз: «Жума ўқиладиган масжидда эътикоф ўтириш афзал», дейдилар.
Жомеъ масжидда мазкур муддатдан кўпроқ туриб қолса ҳам эътикофи бузилмайди.
Чунки бу масжид ҳам, аслида, эътикоф еридир.
Шунингдек, масжид йиқилгани, жамоат тарқалиб кетгани, золимнинг мажбуран чиқариб юборгани, жиноятчиларнинг жонга ёки молга таҳдид солгани учун чиқиш ила эътикоф бузилмайди. Бошқа ерга бориб эътикофини давом эттираверади.
Агар узрсиз маълум вақтга чиқса, эътикофи бузилади.
Шунингдек, ғарқ бўлаётган ёки ёнаётган нарсани қутқариш каби фавқулода ҳолатларда, шунингдек, бемор кўриш, жанозада қатнашиш, гувоҳлик бериш каби ишлар учун чиқса ҳам эътикофи бузилади ва қазо лозим бўлади.
У, эътикоф ўтирган масжидида еб-ичиши, ухлаши, савдо молини масжидга келтирмасдан олди-сотди қилиши мумкин. Бошқа кишига бу ишларни масжидда қилиш мумкин эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эътикоф ўтирганларида шундай қилганлар ва бу ҳожатларни масжиддан чиқмасдан бажариш мумкин.
Аммо, эътикоф ўтирмаган одам мазкур ишларни масжидда қилиши мумкин эмас.
Бу ҳақда бир қанча ҳадислар келган.
عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ عَنْ أَبِيهِ عَنْ جَدِّهِ عَنْ رَسُولِ اللهِ r: أَنَّهُ نَهَى عَنْ تَنَاشُدِ اْلأَشْعَارِ فِي الْمَسْجِدِ وَعَنِ الْبَيْعِ وَالاِشْتِرَاءِ فِيهِ وَأَنْ يَتَحَلَّقَ النَّاسُ يَوْمَ الْجُمُعَةِ قَبْلَ الصَّلاَةِ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَالنَّسَائِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.
Амр ибн Шуъайб отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда шеър айтишдан, олди-сотди ва жумъа куни намоздан олдин ҳалқа бўлиб ўтиришдан наҳий қилдилар».
Термизий, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилишган.
У жим ўтирмайди. Фақатгина хайрли нарсаларни гапиради.
Эътикоф ўтирган одам оғзига мум солингандек жим ўтириши мумкин эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қайтарганлар. Эътикофдаги киши, намоз ўқиш, тиловат, зикр, ҳадис ўқиш, илм ўрганиш, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва бошқа Пайғамбарларнинг сийратларини, аҳли солиҳлар ҳақидаги хабарларни ўрганиш билан машғул бўлади.
Агар кечаси ёки унутиб бўлса ҳам жинсий алоқа қилиш эътикофни бузади. Шунингдек, фарждан бошқа ерга жинсий алоқа қилиш, ўпиш, ушлаш туфайли маний нозил қилса ҳам, эътикоф бузилади.
Чунки, эътикоф ҳам худди намоздек нарса. Мазкур нарсаларнинг барчаси намозни бузади.
Аммо нозил қилмаса, мазкур ишлар ўзи ҳаром бўлса ҳам, эътикоф бузилмайди.
Булар жинсий алоқага олиб борадиган нарсалардир бўлса ҳам, уларда жинсий алоқанинг маъноси йўқ.
Аёл киши уйида эътикоф ўтиради.
Яъни, уйидаги намоз ўқийдиган ерида. Чунки, аёл киши учун энг қулай жой ўшадир.
Агар бир неча кун эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кунларнинг кечаларини ҳам ўтириш лозим бўлади.
Шунингдек, бир неча кеча эътикоф ўтиришни назр қилган бўлса, ўша кечаларнинг кундузларини ҳам ўтириш лозим бўлади.
Бунда шарт қилмаган бўлса ҳам, кетма-кет ўтирилади. Икки кунни назр қилган бўлса, икки кундуз ва икки кеча ўтиради. Наҳорнинг ўзини ният қилиш жоиз.

Баҳам кўринг