Марҳабо, Лайлатул қадр!

0 2 684

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло бандаларига ўта меҳрибон эканининг бир нишонаси ўлароқ, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларига минг ойдан афзал бўлмиш бир кеча – «лайлатул қадр» инъом этилганидир.

«Лайл» сўзи араб тилидан таржима қилинганда «кеча» деган маънони билдиради, «лайлатул қадр» ― қадр кечаси демакдир. Уламоларимиз кечанинг қадр кечаси деб номланишига икки хил изоҳ берадилар. Бири, кечанинг минг ойдан афзал экани сабабли қадрли бўлгани учун ва иккинчиси, бу кечада кишиларнинг бир йиллик қадарлари битилиши сабаблидир. Албатта, ҳар иккиси ҳам бу кеча учун муносиб таърифдир.

Бу кечанинг фазилати ниҳоятда улуғдир. Жумладан, бу кечада Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Қиёматгача боқий қолувчи ўзгармас, мўъжизавий каломи Қуръони Карим нозил қилингандир. Бу ҳақда Роббил оламиннинг Ўзи шундай марҳамат қилади:

إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ
«Албатта Биз у (Қуръони Карим)ни қадр кечасида туширдик».
(Қадр сураси, 1-оят).

Уламоларимиз бу ояти кариманинг тафсирида келтиришларича, қадр кечасида Қуръони Карим дунё осмонига тўлалигича туширилган. Чунки араб тили мўъжизакор хусусиятли бўлиб, «анзала» сўзи бир нарсани бир йўла юқоридан пастга туширишни билдирар экан. Бу ҳақида ҳадиси шарифлар ҳам келган.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Қуръон Лайлатул Қадр кечасида, Рамазон ойида дунё осмонига бир йўла нозил қилинган. Сўнгра бўлиб-бўлиб туширилган».
Тобароний ривоят қилган.

Қадр кечасининг яна бир фазилатларидан бири, унинг минг ойдан афзал эканидир. Бу ҳақида ҳам Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Қадр сурасининг учинчи оятида марҳамат қилади:

لَيْلَةُ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ
«Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир».

Ҳисоблаб кўрсак, минг ой саксон йилдан ошади. Агар бир кишига ўртача етмиш ёки саксон йил умр берилса ва бу киши балоғатга етиб, эллик йил ёки олтмиш йил умрида қадр кечасини ибодат-ла бедор ўтказса, қанчалар улуғ ажр олишини тасаввур қилиш қийин.

Ҳадиси шарифларда келадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларининг умрлари қисқалиги сабаб, аввалги узоқ умр кўриб, умрларини тоат-ибодатда ўтказиб, кўп ажр олган умматлар каби бўла олмасликларидан хавотир олганлар. Шунда Аллоҳ таоло қадр кечасини минг ойдан афзал қилиб берган.

Бас шундай экан, бу кечадан унумли фойдаланмоғимиз, яъни кечани ибодат ила бедор ўтказмоғимиз лозим. Хўш, қадр кечаси қачон? Бу саволга жавоб бўлувчи кўплаб ҳадислар келган, уларнинг ўта таъкид билан келганларида бу кеча Рамазон ойининг 27-кечаси, яъни 26-кундан 27-кунга ўтар кеча экани маълум бўлади.

Биз ҳозир у ҳадисларни келтирмай, Қуръони Каримнинг мўъжизакор оятлари ила саволимизга жавоб олсак. Аллоҳ таоло қадр кечаси ҳақида нозил қилган «Қадр» сурасининг бешинчи оятида марҳамат қилади:

سَلامٌ هِيَ حَتَّى مَطْلَعِ الْفَجْرِ
«У то тонг отгунча салом бўлиб турадир».

Ояти каримадаги «у», яъни арабча матндаги «هِيَ» калимаси суранинг 27-калимаси бўлиб, «у» дан мурод Қадр кечасидир. Шунинг ўзи ҳам қадр кечаси Рамазон ойининг 27-кечаси эканига ишорадир.

Баҳам кўринг

Comments are closed.