Рамазондан кейинги «ҲАЁТ»

0 969

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз. Ундан ёрдам сўраймиз. Нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Унинг ўхшаши, тенги ва мисли йўқдир деб ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг бандаси, элчиси, ҳалили, халқлари ичидан танлаб олган ва Ўз ваҳийсига ишонган аминидир деб гувоҳлик бераман.

Рамазон ойининг кириб келиши билан қалбларимиз севинчга тўлган эди. Бу ойда раҳмат ичига ғарқ бўлган ҳолда яшадик. Аллоҳ таоло ризқларимизга, амалларимизга барака берди. Шайтонларни занжирбанд қилиб, ўзига итоат қиладиган бандаларига янада тақволарини зиёда қилишликлари учун имконият яратиб берди. Жаннат дарвозаларини очиб қўйди. Мўмин ва мўминалар солиҳ амаллари билан ўзларининг жаннатдаги қасрларини бунёд қилишга бел боғладилар.

Рамазон ойининг кетиши билан қалбларимиз маҳзун. Алвидо, алвидо дея кузатмоқдамиз. Энди бу ойга қайта етармиканмиз? Шайтонлар озод қилиниб яна ўз бузғунчиликларини халқ ичида ёйсалар, бу тузоқлардан омон бўлишлик учун яккаю-ягона Роббимиздан паноҳ сўраймиз.

Кўпчилигимиз Рамазондан кейин нафсларимиз хоҳишларига берилиб кетамиз. Шайтон кўзларимизга қиймати пашшанинг қанотичалик қадрга эга бўлмаган нарсаларни жилвалантириб кўрсатади. Азиз биродарим! Рамазон қалбларимизни тақво неъмати билан сийлади, энди бу неъматни ўзимиз билан олиб қолиш ёки йўқотиш ўз нафсларимизга боғлиқ. Унутмайлик, тақво эгалари учун абадий жаннат ҳозирлангандир ва у ерда абадий қолинади. У ерда машаққат, озорлар ва ўлим йўқ.

Аллоҳ таоло айтади:
Булар қилиб юрган амалларининг мукофотидир. Улар у (жаннат)да беҳуда, гуноҳ сўзларни эшитмаслар. (Воқеа сураси 24,25-оятлар).

Аллоҳ таолонинг саломи жаннат аҳлларига етказиб турилади. Фаришталар ҳам жаннат аҳлларига салом бериб турадилар.

Аллоҳ таоло айтади:
Магар «салом, салом» дейилганини (эшитарлар). (Воқеа сураси 26-оят).

Аллоҳнинг жаннат аҳлларига ҳозирлаган неъматларини сўзлайверилса, адо қилиб бўлмайди. Зеро, биз бандалар жаннат неъматларининг озгина қисмидан хабардормиз. У ерда инсон ақлига жо бўлмайдиган неъматлар мавжуд. Булар ҳаммаси жаннатийлар учун мукофотдир. Булар ҳаммаси фоний дунё неъматларини жаннат неъматларига алмашган зоҳидлар, обидлар ва тақво аҳллари учун. Бу дунё ўткинчи. Рамазондан кейинги «ҳаёт»да шайтон ҳийлаларига учмайлик. Рамазонда ҳосил бўлган тақво умримиз охиригача бизни тарк этмасин. Амин.

Баҳам кўринг

Comments are closed.