Мақбул дуо
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббимиз таборака ва таоло кечанинг охирги учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва: «Ким Менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилсам, ким Мендан сўрайди, Мен унга ато қилсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам» дейди», дедилар».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Шарҳ: Ким дуоси қабул бўлиш вақтини истаса, кечанинг охирги учдан бири қолганда дуо ила машғул бўлсин. Саҳар чоғи қилинган дуо қабул бўлиши тажрибада ҳам кўп синалган ҳақиқатдир.

Амр ибн Абаса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Робб бандага энг яқин бўлган пайт, кечанинг охирининг қисмидир. Агар ўша соатда Аллоҳни зикр қиладиганлардан бўлишга қодир бўлсанг, бўл», дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадис ҳам аввалги ҳадиснинг маъносини таъкидламоқда, десак, хато қилмаган бўламиз. Кечанинг охирги қисми – унинг учдан охирги бир қисми бўлиши маълум. Ана шу вақтда Аллоҳни зикр қиладиган ва У Зотга дуо қиладиган бандалардан бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим.

Кечанинг охирида бедор бўлиб, Аллоҳ таолони зикр қилиб, дуолар қилиш жуда ҳам катта фазлдир. Ҳар ким бу ишни амалга ошириш учун ҳаракат қилмоғи лозим.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Қайси дуо эшитиладиганроқ?» дейилди.

«Кечанинг охиридагиси ва фарз намозлардан кейингиси», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Шарҳ: Ким ўз дуосининг қабул бўлишини истаса, кечанинг охирида ва фарз намозларининг охирида дуо қилсин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Банда Роббисига энг яқин бўладиган пайт у саждада турганидадир. Бас, дуони кўпайтиринглар. Бас, сизга ижобат бўлиши ҳақдир», дедилар».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Намоз банданинг ўз Роббиси ила яккама-якка муножотидир.

Намоз мўмин инсоннинг меърожидир.

Намоз мўмин инсоннинг Аллоҳнинг ҳузурида ўзини энг хор ва энг паст тутган ҳолидир.

Сажда эса намознинг бандалик равшан зоҳир бўлган, хорлик ва зорлик энг равшан намоён бўлган жойидир. Банданинг зорлиги қанчалар ошса, Аллоҳнинг унга яқинлиги шунчалик ошади.

Шунинг учун ҳам банда саждада турганида Роббисига энг яқин ҳолда бўлади. Роббисига яқин бўлиб турганда эса сўраган нарсаси қабул бўлиши учун ҳам энг яқин ҳол бўлади. Шунинг учун ҳам банда саждада турган ҳолида кўпроқ дуо қилиши керак.

Имом Муслим ва Аҳмаддан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Огоҳ бўлингким, мен рукуъда ва саждада турган ҳолимда Қуръон қироат қилишдан наҳйи қилиндим. Аммо рукуъда Аллоҳни улуғланглар, саждада эса дуо қилишга ижтиҳод қилинглар, сизга ижобат бўлиши лойикдир», деганлар.

Савфон ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Шомга бордим. Абу Дардонинг манзилига бориб уни топмадим. Умму Дардони топдим. У менга:

«Бу сана ҳаж қилмоқчимисан?» деди.

«Ҳа», дедим.

«Бизга яхшилик сўраб, дуо қил. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мусулмоннинг ўз биродарига ғойибдан қилган дуоси мустажобдир. Унинг бошида бир муваккал фаришта туради. У ўз биродарига ҳар сафар яхшилик тилаб дуо қилганда муваккал фаришта: «Омин! Сенга ҳам ўшандоқ бўлсин!» дейди» дер эдилар», деди.

Бозорга чиқиб, Абу Дардони топдим, у ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан худди шу гапни нақл қилди».

Муслим ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Шарҳ: Улуғ саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳу оилалари билан Мадинаи Мунавварадан Шомга кўчиб кетганлар ва ўша ерда яшаганлар. Шунда куёвлари уларни кўргани Шомга борибдилар. Борсалар, уйда фақат қайноналари Умму Дардо розияллоҳу анҳо бор эканлар. Абу Дардо розияллоҳу анҳу қаергадир чиқиб кетган эканлар.

Ривоятда зикр қилинишича, ўшанда Умму Дардо розияллоҳу анҳу куёвларидан:

«Бу йил ҳажга борасанми?» деб сўрабдилар.

«Ҳа», дебди куёв.

Шунда Умму Дардо розияллоҳу анҳо:

«Унда бизнинг ҳаққимизга хайрли дуо қилиб қўй. Чунки Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам «Мусулмон кишининг ўз биродари учун ғойибдан қилган дуоси қабул бўлади. Дуо қилаётган кишининг боши устида бир муваккал фаришта туради ва дуо хайрли бўлса: «Омин! Сенга ҳам шундай бўлсин», деб туради» деганлар», дебдилар.

Масалан, бу киши: «Эй Аллоҳ! Фалон биродаримга тақво бергин, хайр-барака бергин» деб дуо қилса, унинг боши устида турган фаришта: «Омин! Сенга ҳам шундай бўлсин!» деб турар экан.

Куёв бу гапни эшитибди. Сўнг қайтиб кетаётиб, бозорда қайнотасини учратиб қолибди. Қайноталари ҳам худди Умму Дардо розияллоҳу анҳо айтган гапларни айтибдилар.

Демак, бу саҳобаларнинг кўпчилиги кўрган, эшитган, собит бўлган нарса экан. Сафарга, ҳажга ва умуман, дуоси қабул бўладиган жойларга борадиган кишилардан дуо сўраш, ҳаққимизга дуо қилиб қўйинг, деб илтимос қилиш саҳобаи киромлар қилган амаллардан экан.

Албатта, улар бу ишни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига биноан қилганлар.

Алҳамдулиллаҳ, бу нарса бизда ҳам яхши йўлга қўйилган, ҳажга кетаётганлардан, мусофирлардан дуо қилишни сўраб қолишади.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмонлар бир-бирларига дуо сўраб туришлари кераклиги.

2. Бировнинг орқасидан ўзи йўқлигида қилинган дуо мақбул бўлиши.

3. Орқадан қилинган дуога муваккал фаришта «омин» деб туриши.

4. Бировга ғойибдан яхши дуо қилувчининг ўзига ҳам у биродарига сўраган яхшиликчалик яхшилик етиши.

Бу ҳадиси шарифга амал қилишга ўтмоғимиз лозим.

Абу Довуд ва Термизийнинг ривоятида:

«Албатта, дуонинг энг тез ижобат бўладигани ғойибнинг ғойибга қиладиган дуосидир», дейилган.

Шарҳ: Чунки бундоқ дуо риёдан ва хўжакўрсиндан йирокда бўлади. Ҳамда чин ихлос ва соф ният ила қилинади.

Мавзуга оид мақолалар
  Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Савр тоғидаги ғордан чиққанларида рабиъул давоми...

06:59 / 01.01.2017 8106
httpswww.youtube.comwatchv12JjUhwX7S8

09:30 / 22.05.2018 3057
embedhttpswww.youtube.comwatchvxAYTUmsjo1Aembed

08:24 / 13.08.2018 2504
Туркиянинг курортшаҳри ва университет маркази саналмиш Бодрум масжидининг имоми томонидан тарихий давоми...

01:37 / 30.12.2016 2235