Мактуб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

    Ассалому алайкум, муҳтарам Шайх ҳазратлари!

Мана, динимизни элимизни йиғлатиб Аллоҳ таолонинг ҳузурига кетиб қолганингизга ҳам талай вақт бўлди. Сизнинг боқий дунёга сафарингиз биз учун қандай улкан мусибат бўлса, жанобингиз учун айни саодат эканини биламиз. Руҳингиз иллийюнда, жисмингиз жаннат боғларидан бирида  мангу қўним топди, иншааллоҳ. Бу ташвишли, тўзонли дунё машаққатларидан халос бўлиб, севганингиз, соғинганингиз – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларига эришгандирсиз? Қизиқ, Сиз у ёқда қандай мартабага эришдингиз экан: боамал олимми ё ростгўй сиддиқми? Ёки эл тинчлиги, дин саломатлиги йўлида жонини фидо қилган аскар мисоли шаҳидликми? Миллатнинг руҳини тарбия қилган валийми ёки ёшлигидан умри ибодатда ўтган обидми? Сизга бу даражаларнинг барчаси берилган бўлса, ажаб эмас.

Ҳазрат, амалларингизга, ҳадисларда Сизга ўхшаган сифатли инсонлар ҳақида келган хушхабарларга, Аллоҳнинг биз, уммат қалбига солган илҳомига қараб Сизга жуда гўзал оқибатлар берилганини умид қиламиз. Аммо Сиздан айрилиб қолганимиз, бутун дунёнинг ҳувиллаб, бўм-бўш бўлиб, биз, умматнинг пешвомиз, фахримиздан то рўзи маҳшар айрилиб қолганимиз чидаб бўлмас азоб беради. Сиз дунёга ўзбек деган миллатнинг борлиги, дини Ислом экани, у инсониятга олимлар етиштириб беришини кўрсатиб турган байроқ эдингиз.

Ҳазратим, сиз Ислом дея аталмиш улкан бир бўстонга ажойиб бир уста боғбон томонидан экилиб, зилол сув, дин‑диёнат, одамийлик озуқалари билан униб‑ўсган бетакрор дарахт  эдингиз. Биз бу дарахтнинг бақувват, айни дамда ўта мулойим танасига суяниб мудраб қолган эканмиз. Сизга ишониб, сиз билан қувониб шунчалар хотиржам пинакка кетибмизки, ҳатто ҳолингизни ҳис қилмай, ғафлатда қолибмиз. Олтмиш уч йил дунёни қувнатиб, бизни эркалаб, динимизга қалқон бўлиб, ниҳоят чарчаб йиқилганингизда биз ҳам Сизга қўшилиб қуладик. Сизга суяниб турган бошимиз тупроққа қорилгандек бўлди. Ислом заминига маҳкам ўрнашган сершох илдизингиз қўпорилганида она замин бағри тўлиши мушкул бўлган ўпқондан қорайиб қолгандек бўлди гўё…

Ҳазратим, мен баҳорни севардим, чунки бу фаслда Ҳабибимиз, кўз қувончимиз, нури дийдамиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам оламларга раҳмат бўлиб дунёга келганлар. У Зотдан неча асрлар ўтиб айни шу фасл, шу ойда динни янгилаш, унутганларимизни эслатиш учун ворис бўлиб туғилдингиз. Ҳа, бу – хосиятли фасл. Аммо баҳорнинг энг ёқимли эпкини, энг тароватли гуллари, энг гўзал ҳислари бўлгани каби момоқалдироқлари, чақмоғу довуллари, селу жалалари ҳам бор. Ўтган баҳор бу довуллар  биздан Шайх Рамазон Бутий ҳазратларини олиб кетган бўлса, бу йил Сиз, азиздан жудо қилди. Не ажабки, Сизни олиб кетган бу фаслда бизга навбатдаги мужаддид, Сизни эслатувчи яна бир олим дунёга келган бўлса!

Олтмиш уч баҳор… Гарчи кўпчилик минг йилда ҳам қила олмайдиган ишларни шу озгина фурсатда, аммо баракали умрингиз давомида бажара олган бўлсангиз-да, жуда қисқа умр кечирдингиз. Мен ҳар сафар институтимиз – ўша сиз ўқиган ва бир муддат бошқарган олий маъҳад  фахрийлари сурати осиб қўйилган девор олдидан ўтаётиб «…1952 йилда туғилган» деган ёзувни ўқиб, анча хотиржам бўлар, ҳали анча ёшлар‑ку, деб ўйлар эдим. Аммо нимадир тадбир муносабати билан институтга келганингизда ёшингизга нисбатан анча қариб қолганингиз, соч-соқолингизга тушган оқларнинг тобора кўпайиб бораётганини кўриб, ич-ичимдан эзилиб кетар, беихтиёр ўкиниб кетар эдим. Мен бу ҳисни биринчи марта отамнинг кўзойнак тақиб Қуръон ўқиб ўтирганларини кўрганда туйган  эдим. Ҳа, Устоз, Сизни ҳатто йиллардан, оқ мўйлардан, қариликнинг ажинларию доғларидан  қизғонибмиз‑у, қандай қилиб азиз жисмингизни тупроққа бериб қўйганимизни билмай қолдик.

Ҳазратим, биз худбин уммат Сизни фақат ва фақат  бизга тегишли инсон деб билиб, бор юкимизни Сизга ташлаб олдик. Сизга бўлган муомаламизда бизни фитналардан ҳимоя қилишингиз, саволларимизга жавоб беришингиз шартдек муносабатда бўлдик. Жанобингизнинг ҳам ўз шахсий ҳаёти, фарзандлари, оилавий юмушлари борлигини ўйлаб ҳам кўрмадик. Нуқул ўз муаммоларимизни сўйлаб, юрагингизни чарчатдик. Сизни оилавий ширин ташвишларга бироз чалғишга ҳам қўймадик. Йўқ, биз бу нарсалар ҳақида ўйлаш тугул, фақат халақит бериш, вақтингизни ўғирлашга ярадик, холос.

Сизни юрак хуружи олиб кетди, дейишди. Юрак нега хуруж қилади? Майда-чуйда гаплар, бемаъни саволлар, ноўрин шўришлар, ноҳақ айбловларни индамай ичига ютгани, йиллар давомида йиғилган қурумларни ҳазм қила олмаганидан кейин исён этади-да.  Бу юрак ярим аср халқ дарди билан, унинг озорларига сабр қилиб яшади-ю, охири чарчаб, Роббининг ҳузурига кетиб қолди. Бу фақатгина бизга зарар бўлди, юрак соҳибига эмас.

Ҳазратим, биз эпсизлигимиз сабаб уйимизни босган суваракни ўлдириш, кечаси тунги кийимда ухлаш‑ухламаслик, супургини тикка қилиш каби «глобал муаммолар» билан банд бўлган чоғда Сиз олам тинчлиги, юрт ободлиги, иймон саломатлиги, мусулмонлар, хусусан, ўзбекларнинг тараққиёти ҳақида  бош қотирдингиз. Бироқ биз ҳамиша Сизни ўша ўзимизнинг «долзарб масалалар»имиз билан овора қилдик.

Биз Сизга билиб-билмай, олди-орқамизга қарамай бемаъни саволлар берганимиз, «Китоб ўқинглар», дея қилган насиҳатингизга қулоқ осмай, билганимиздан қолмай, сайтни енгил‑елпи саволларга тўлдириб, ўзимиз тинчгина ухлаб ётган кечаларда юрагингиз бефаросатлик билан қўллаган қўпол сўзларимизнинг заҳридан ухлолмай зирқираб чиққандир, эҳтимол? Ҳа, Ҳазрат, буни тан олиш қанчалар қийин, қанчалар уятли бўлмасин, Сизни биз адо қилдик. Халқ бўла олмаган, ақлини ишлатмаган биз ноинсофлар юрагингизни ишдан чиқардик. Жуда ҳижолатдамиз, бизни кечиринг.

Ҳазратим, мен Сизни тушларимда кўп кўрар эдим. Илк бора ўн бир ёшимда «Иймон» китобингизни ўқиб Сизни танидим. Орадан ўн уч йил ўтиб, ўтган баҳорда 16 март куни Сизни жуда ҳам яқиндан кўриб, суҳбатингиз, дуойингизни олиш насиб этди. Ўшанда чет эл сафарига отланиб турган турмуш ўртоғим билан борган эдик. Сизнинг одми кийимингиз, нуроний чеҳрангиз, ҳайбатингиз мени гангитиб қўйганди. Сизни кўришим билан ўз-ўзимдан йиғлаб юбордим. Хўжайинимнинг орқасида туриб Сизга қараб-қараб олган эдим. Ахир, олимнинг юзига боқиш ҳам ибодат‑ку!  Мен бу кунни ўн уч йил кутган эдим‑да! Бизга худди аввалдан  танишдек самимий, меҳр билан муомала қилиб, хайр-барака сўраб дуо қилган эдингиз. Қийинчиликлар эзиб, хафа бўлиб юрган дамларимизда Сизнинг бу самимий  илтифотингиз  бизни энг бекам, бахтиёр кишиларга айлантирди.

Биз уйгача гаплашмай, ҳозир бўлиб ўтган ҳодиса тушимизми, ўнгимизми, ажратолмай қайтдик. Бироздан сўнг турмуш ўртоғимдан «Ҳазратга қарадингизми?» деб сўрасам, «У кишининг юзларига бу кўзлар билан қараш мумкинмикин?» дея жавоб берди. Ҳа, Ҳазратим, бу бир содда мухлисингизнинг самимий ҳурматининг ифодаси, юрагининг тубидан чиққан дил сўзлари эди. Биз Сизни ҳатто кўз қарашларидан ҳам қизғонар эдик, энди қандай қилиб тупроққа бериб қўйдик-а?!

Ҳазратим, қадрингизни Сизни йўқотгандан кейин яна ҳам чуқурроқ ҳис қилдик. Сизни бутун миллат, бутун уммат – барча‑барчамиз баробар, бир хилда суйган эканмиз. Бунга Сиздан кейин армон, соғинч, муҳаббат билан ёзилган эсдаликлар, изҳорларни ўқиб яна бир бор амин бўлдим. Уларнинг ҳар бирида бир хил туйғу бор, худди менинг ичимдаги айтилмаган гаплар бор. Ҳа, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзи севган, назар солган бандасининг муҳаббатини ҳамманинг қалбига ана шундай бир хилда солиб қўяр экан.

Сиз кетган ўша совуқ туннинг қуёшсиз тонгида бу мудҳиш хабарни эшитиб, карахт бўлиб қолдик. Ҳар доим мусибатли хабар эшитганда истиржо айтадиган тилим бугун «Нега?», «Қандай қилиб?», «Энди нима бўлади?» дейишгагина айланди. Сал ўзимга келгач, «Эсиз Ҳазратим», деб йиғлай бошладим. Мусибатнинг бутун даҳшатини ҳис қилганимда эса «Эсиз уммат, эсизгина биз», дейишга тушдим.

Ота‑онаси вафот этган инсоннинг қалби бўшаб, унга дунё ҳувиллаб қолгандек туйилади. Уларнинг меҳрини, дилтортар сўзларини, бутун борлиқларини қўмсаб тополмай маҳшаргача азобланамиз. Етмиш ёшда ҳам ота‑онасидан айрилган киши мунғайиб етим бўлиб, ғариб бўлиб қолади.  Сиз миллат ва умматнинг маънавий падари, руҳий тарбиячиси эдингиз. Вафотингиз нафақат аҳлингиз, фарзанду шогирдларингизни, балки бутун Ўзбекистонни, мусулмон умматини ғариб қилиб қўйди. Бутун бир миллат етим бўлиб қолди. Ҳар ким ўзича, ўз савияси даражасида куйди. Миллат етим, уммат етим, берилган саволлар етим, иш столию, китоблар етим…

Ҳазратим, мен ҳар куни, ҳар хил мавзуда Сизга мактуб ёзгим келар эди‑ю, бунга журъат қила олмасдим. Аммо яқиндагина ўзим орзу қилган бир мавзу – сизни вояга етказган аёл – онангиз ҳақларида китоб ёзиб, биз муслималарга дастуриламал тақдим этишингизни сўраб хат ёзган эдим. Мен сиздан онангиз ҳақида эсдалик ёзишни илтимос қилибман-у, кўп ўтмай жанобингиз ҳақларида хотиралар ёзишимизни ўйлаб ҳам кўрмабман. Сизни юз йил яшайсиз деб ўйлар, умрингизни зиёда қилсин, деб Аллоҳдан сўрар эдим. Аммо на илож, ажалга чора йўқ. Бутун умр суннатни тирилтириб яшаб, кетишда ҳам бу ишни тарк этмадингиз. Аллоҳ Сизни раҳматига олсин!

Мана, йигирма уч кун ўтдики, ўтирсам ҳам, турсам ҳам кўз олдимдан чеҳрангиз, хаёлимдан ёдингиз кетмайди. Сиздан кейин тўрт кун ўтиб дунёга келган чақалоғимга қарасам ҳам, Сизнинг чақалоқ бўлган ҳолингизни тасаввур этаман ҳатто. Ҳали уч ёшга тўлмаган  қизимга қараб, унга асал бериб танглайини кўтарганингиздаги «Ие, ажойиб қиз экан-ку бу! Исмига мос, энг яхши аёл бўлсин, Исломга ҳизмат қиладиган инсон бўлсин», деган гапларингиз қулоғим остида ҳануз янграйди.

Ҳазратим, мен ҳам барча аҳли Ислом қатори ўша кундан бери оилангиз ҳақида дуодаман. Аллоҳнинг Ўзи фитналардан асрасин! Яратгандан сўраганим – аҳлингизга сабр, Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимояти бўлсин! Сизнинг улар ҳақида қилган дуоларингиз мустажоб бўлиб, яратган Эгам паноҳида асрасин! Аллоҳ ўрнингизни босувчи ворислар чиқариб, мусибатзада мусулмонлар қалбига малҳам қилсин! Яқинларингизга сабру жамил, ажру азим ато этсин! Ҳажрингизда ёнган ўксик қалбларимизга Ўзининг муҳаббати юпанч бўлсин! Ҳамма учрашадиган КУНда Сиз билан ёруғ юз ила, аброрлар сафида кўришишни биз, бечораларга ҳам насиб этсин! Роббимнинг ҳузурида Пайғамбарлар даврасида, сиддиқлар сафида, яхшилар қаторида, Муҳаммад Мустафо жанобимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг байроқлари остида кўришгунча алвидо, ҲАЗРАТИМ!

 

Зебинисо Қутбиддинхон қизи

 

Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим Сизлардан вафот этиб жуфтларини қолдирганларнинг аёллари ўзларича тўрт ойу ўн кун кутадилар. Муддатлари етганда ўзлари ҳақида давоми...

01:15 / 29.11.2016 3439
Сўкиб гапириш, тилни беҳаё сўзлар билан булғаш ўта хунук бўлиб, шариатимиз ундан қайтарган. Беҳаёликни манбаи бузуқлик ва разилликдир. Пайғамбар соллаллоҳу давоми...

11:23 / 25.01.2017 3672
Мўминнинг қалбини оғритиш Каъбани вайрон қилиш билан баробар. Бир мўмин қалбини хушнуд этиш эса Каъбани обод этиш билан тенгдир, дейилган муборак ҳадиси давоми...

05:00 / 04.06.2018 8669