Мактуб
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Ё Расулуллоҳ, Сиз кетмоқдасиз… Муборак ҳужрангизга кириб, Ўзингиз учун ҳаммадан кўра севимли, азиз бўлган аёлингизга суяниб турибсиз. Чақиртириб юборганингиз, юрагингизнинг бир бўлаги Фотима, худди Сизнинг юришингизга ўхшаб юриб кириб келдилар. Ота-бола бир йиғлаб, бир кулиб узоқ шивирлашиб гаплашдингиз…Сиз бахтли эдингиз… севимли инсонларингиз бағридан Буюк Дўстингиз ҳузурига йўл олмоқдасиз. Қаранг-а, Сизнинг Рафиқи Аълога сафарингизда ҳам дўстингиз Жаброил алайҳиссалом ҳамроҳлик қилишга шай турибдилар. Дўстингиз Азроил алайҳиссалом жонингизни авайлаб, қанчалар меҳр-шафқат билан олишга ҳаракат қилмасинлар, барибир, жисмингиз қийналар, пешонангиздан тинимсиз тер қуйилар эди. Жон бериш азоби Сизни – Роббул Оламиннинг дўсти бўлган Зотни ҳам четлаб ўтмади. Шу вақтгача Ўлим фариштаси учун бирон кишининг жонини олиш Сизнинг руҳингизни қабз қилишдек машаққатли бўлмаган эди. Оишангиз юз-қўлингизни силар, тортаётган азобингиздан унинг юраги оғрир эди. Муборак қўлингиз ҳаракатсиз қолди. Сиз кетган эдингиз… Расулуллоҳ, Сиз кетган онда дунё қай аҳволга тушганини кўрдингизми? У шунчалар бечора, ғариб бўлиб қолдики… Умарнинг аҳволига қаранг: шижоатли юзи, ўткир ва маъноли кўзлари ўзгариб кетган, юзидаги ифода қалбни эзиб юборади. Қўлидаги қиличини ўйнатиб, Сизни вафот этди деганнинг бошини узишга шайланиб юрибди. Умарингизки шу ҳолга тушибдими, бошқаларни қўяверинг. У билади, Сиз ҳузури Илоҳийга кетганингизни, у жой бу дунёдан мислсиз ортиқ эканини,ўлим ҳақ, Сизнинг ҳам умри ўлчовли инсон эканингизни… ҳаммасини идрок қилади у. Аммо… Саҳобаларингизга қаранг, кўпчилиги бу мусибатга чидолмай, ҳушдан кетиб йиқилдилар. Баъзилари бошга тушган мусибатни англамай, тўғрироғи, англашни истамай, бир нуқтага тикилиб қотиб қолганлар… Ҳамма кутар эди. Сизнинг ўрнингиздан туриб, намозга буюришингизни, «Эй Билол, азон айтинг», «Ҳой, Анас, таҳоратга сув келтир-чи», дейишингизни кутмоқда эдилар. Ана, Абу Бакр келмоқда. Қадамлари бежо, юзи мусибатдан аянчли тусга кирган, либослари ҳам осилиб қолган. У эзилар, ўзини зер-забар бўлгандек сезар, сўнгги нафасингизда бирга бўлолмаганидан ўзини маломат қилиб келарди. Биргина мана шу Сиддиқингиз мусумонлар бошига тушган бу кўргуликнинг даҳшатини бор бўйи билан ҳис этарди. У ҳеч кимга, ҳеч нарсага қарамай Сиз ётган хонага кирди ва тўғри келиб ёнингизга чўкди. Муҳаббат тўла кўзлари билан Сизга боқди. Кўз ёши кўришини хиралаштирган, юзингизни яхшилаб кўришга ҳалал берарди. Эгилиб бутун дунёдан, ундаги барча нарсадан азиз бўлган пешонангиздан ўпди. Ўзига қалбидан-да яқин, мушфиқ, тўлин ойдек гўзал чеҳрангизга узоқ боқди. Унинг қалби тўлқинланар, жисми титрар эди. Билмадик: иккингиз фақат ўзингизга хос бўлган тилда нималарни сўзлашдингиз экан? Балки, унинг кўз ўнгидан Абу Толибнинг ўлимидан кейин мушриклар Сизни уриб, кийимларингизни йиртиб ташлаган, ёнингизни олиш учун ўртага тушганда унинг ҳам сочларини юлиб олган кунлар ўтаётгандир? Балки, Аллоҳ таоло ҳижратга йўл берганда бирга чиқиш қувончидан маст бўлиб юрган, хавф-хатарга тўла сафар чоғида Сиз билан бир тану-бир жонга айланиб ўтказган фараҳли онлар ўтгандир кўз ўнгидан… Юзлари жамолингизни эслатувчи, юриш-туриши худди ўзингиздек бўлган дилпорангизга боқинг. Аввал онаси, кейин бирин-кетин опаларидан айрилиб Сизга суяниб қолган Фотимангизга боқмайсизми?... Ажабо, бу хоним аллақандай хотиржам, доимгидек салобат билан бу мусибатга ҳам сабр қиляптилар. Унга нимадир дейиш, юпатишга ҳеч кимда журъат йўқ. Ажабо, бунга ҳожат бормикан?! Ахир энг гўзал муждани Ўзингиз бериб, қалбини бироз бўлса-да тинчитиб кетгансиз-ку! Ё Расулуллоҳ, саҳобаларингизни қай аҳволга солиб кетганингизни кўряпсизми? Неча йиллар намозингиз учун азон айтган, узоқ йиллик азоблардан қутилиб, эндигина ҳаловат топган, қалби юпанган Билолга қаранг. Исмингизни айтганда бўғзига аччиқ кўз ёши тиқилиб, нафаси қайтади, ўзини тутолмай йиғлайди. Бир умр Сизни оналик туйғуси билан суйган, жонидан ҳам, фарзандларидан ҳам азиз кўрган Умму Айманга қаранг. Унинг кўзлари кеча-кундуз ёш тўкмоқда. Унинг нур тўла қорача юзи ғамдан янада қорайгандек гўё. Субҳаналлоҳ! Уларга қаранг… сиз ўтирадиган минбар устида турган Абу Бакрни тортқилаб «Бобомизнинг жойидан тушинг», деб хархаша қилаётган кичкинтойлар ҳамманинг юрагини эзиб юбордилар. Юзларидан сизнинг нафасингиз, кўзларидан меҳрингиз уфуриб турган набираларингиз бошимизга тушган мусибатни ҳали англамайдилар. Гўё Абу Бакр боболарининг жойини эгаллаб олгандек, шунинг учун ҳам унга Сиз чиқмай қўйгандек, ундан ранжийдилар. Уларнинг бу ҳаракатлари шундоқ ҳам тўлиб, бир ишорага қараб турган, айрилиқ ханжаридан мажруҳ бўлган қалбларни жунбушга келтирди. Ҳамма йиғлади. Саҳобалар шунчалар ўкинч, армон, соғинч билан йиғлардиларки... Бу ҳолатни гапириш, ўқиш эмас, ҳис этиш керак эди. Ё Расулуллоҳ, бу куннинг мусибатини кўтариш, бу уммат учун тоғларни кўтаришдан-да оғирроқ эди. Сизнинг узоқроқ яшашингиз учун саҳобалар ўз жонлари у ёқда турсин, ота-она, аҳли аёл, фарзандларининг ҳам жонини хурсандчилик билан ҳеч иккиланмай фидо қилишга тайёр эдилар. Дўстларингиз минг бор ўлиб, минг бор тирилиб, қалбларидаги жароҳатни иймон малҳами билан муолажа қилган ҳолда сизни кошонангизга кузатиш тараддудига тушдилар. Куйган қалблар, шишган оғриқ кўзлар, руҳсиз бемажол жисмлар билан жаноза ўқидилар. Қайта-қайта ўқидилар…. Оҳ, бу қабр… йўқ, гапиролмайман, бардошим етмайди.
давоми бор
Зебуннисо Қутбиддин қизи
Мавзуга оид мақолалар
embedhttpswww.youtube.comwatchv4KjqwrYaIMQfeatureyoutu.beembed

13:02 / 15.05.2018 2397
Ислом лашкари ўрта ер денгизи мамлакатларини фатҳ қилган кун буюк ва бахтли кун бўлди. Мусулмонларнинг давоми...

10:41 / 22.11.2016 3750
ЭЛЧИЛИК ХАЛҚАРО ТОТУВЛИК АСОСИ     Бутун олам яратгувчиси бўлган Аллоҳ таолога беадад ҳамдлар ва давоми...

14:01 / 21.03.2017 2893
БАА давлат ахборот агентлиги WAMнинг хабар беришича, БАА президенти Халифа бин Зоид Ол Наҳаён имзо чеккан давоми...

06:59 / 25.03.2019 2211