Мададнинг кесилиши
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мурид беодоблик қилганда бунинг иқоби кечикса, «Агар бу беодоблик бўлганда У Зот мададни кесар ва мени муқаррар равишда Ўзидан узоқлаштирган бўлар эди», дейиш муриднинг жоҳиллигидандир. Гоҳида У Зот мададни у сезмаган томондан кесиб қўяди. Гарчи ўша зиёдани (қўшимча мададни) кесишдан бошқа нарса бўлмаса ҳам (мададнинг кесилишига етарлидир). Гоҳида мурид узоқ мақомда турғизиб қўйилади, лекин унинг ўзи буни сезмайди. Гарчи бу (узоқлаштириш) ирода қилган нарсанг-ла қолдиришидан (ўз ҳолингга ташлаб қўйишидан) бошқа нарса бўлмаса ҳам (узоқлашишингга етарлидир).

Галдаги мавзуимиз мададнинг кесилиши ҳақида бўлиб, муридлар тариқат йўлига тушиб, сулукка киргандан кейин ҳам ҳаммадаги ҳолат бир хил бўлмаслигини, тариқатни эътироф қилиб, ўзига шайх тайин қилиб, йўлга тушгандан кейин ҳам бандаларда қусурлар бўлиши мумкин экан. Демак, бунга ниҳоятда ҳушёр бўлиш керак.

Одатда Аллоҳнинг раҳматидан йироқ бўлиб қолганлар истидрожга тушиб қолганидек, баъзан мурид бўлиб, Аллоҳни розилигини истаб йўлга тушгандан кейин ҳам У Зотнинг раҳматидан узоқ бўлиб қолиш ҳолатлари учраб туради. Бундай ҳолатда мурид ўзига гўе неъматлар келиб тургандек, Аллоҳ билан боғланиш ҳис қилади, ваҳоланки Аллоҳдан узоқ бўлиб қолганини сезмай қолади. Шунинг учун ҳар бир инсон қалбда содир бўладиган қусурларга янада ҳушёр бўлиши ва ўз ҳолатини таҳлил қилиши уни Аллоҳнинг розилигига яқинлаштиради. Мурид – Аллоҳ таолонинг розилигини ирода қилиб, бу йўлда шайхга шогирд тушган инсондир. Кўп ҳолларда «мурид» сўзи «толиб» сўзининг ўрнида ҳам ишлатилади. Устоз шайх бўлса, қолганлар мурид бўлади. Толиб устознинг олдига нима учун боради? Албатта, «Мени Аллоҳ таолога етиштиринг, бу йўлда таълим беринг» деб, Аллоҳни ирода қилгани учун шайхнинг ҳузурига боради. Шу маънода ҳар бир мўмин кишини «толиб» ёки «ўқувчи» дейиш ўрнига «мурид» сўзи ишлатилиб келган. Аммо баъзилар бунга зоҳиран қараб, бу одам шайхни истаб келган деб ўйлайди. Ваҳоланки бу ердаги асосий мақсад – Аллоҳ таолонинг ризолигини сўраб боришдир. Шайх фақат йўл кўрсатувчи, ҳидоятга бошловчидир, холос. Муриднинг тариқатга кириб, жидду жаҳд қилиши давомида унинг ҳолати секин-аста билина бошлайди. Бу пайтда Аллоҳнинг мададлари сезилганга ҳам ўхшайди. Масалан, бир ишни бошлашдан аввал Аллоҳга таваккул қилиб, У Зотдан ожизлигини эътироф қилиб, «Ҳар бир иш Ўзинг ёрдам берсанггина, тавфиқинг билангина бўлади. Бўлмаса, мен ўзим бунга ожизман» деб, холис ният билан киришилади. Ҳушёрлик учун, зийраклик билан нафсини ҳар куни тергаб туриш учун муроқаба, мушоҳада ва муҳосаба керак.

Иш чиройли якун топса, мурид Аллоҳнинг мададини сезади, «Ишимни Ўзингга топширган эдим, шу ишим чиройли йўл билан ҳал бўлди» деб, ўша мададни ҳис қиладиган бўлади.

Худди шунингдек, мусибат келганда ҳам «Аллоҳим, Ўзинг гўзал ечим бергин» деб дуо қилса, Аллоҳ таолонинг қўллаб-қувватлаганини, нусрат берганини, яъни У Зотнинг мададини, ҳар кунига, ишларига зикр туфайли барака кираётганини ҳис қилади. Ибодатдаги истиқомат туфайли ҳолати чиройли бўлиб бораётганида ҳам Аллоҳнинг мадади сезилиб туради. Бундай пайттда Аллоҳ таоло: «Дарҳақиқат, бандам Менинг ҳузуримга бош уриб келди, зикр қилди, ишини фақат Менга топшириб, таваккул қилди» дейди. Ана шунда Робб билан банда ўртасида боғланиш ҳосил бўлади. Баъзилар тариқатга киргандан кейин ўзини сулукда деб ҳисоблагач, келаётган нарсаларда нафсининг ғавғолари ишга тушиб, аралаш бўлиб қолади. Тўғри йўлда юрибман, Аллоҳ қўллаяпти, демак менинг фазилатим, кароматим бор, дея ўзига ишониб қолади. Кўпчилик мана шу нуқтада адашади. Ваҳоланки тариқатга, сулукка кирмасидан аввал, Роббига яқинлигини, муридлигини эътироф қилмасидан аввал «Мен оддий оми бандаман, илмим йўқ» деб эътироф қилиб юрган эди. Лекин бу йўлга кириши билан шайтон янада ғайрат билан ишга тушгач, банданинг нафсида янада кучли ғавғолар пайдо бўлади.

Кароматларнинг баъзиси зоҳир бўлиши билан ҳам банда ғулувга кетиб қолади. Шу қадар адашиб қоладики, ҳатто яхшиликларнинг, хайр-бараканинг сабабини ўзидан, ўзининг истиқоматда турганидан деб ўйлайди. Буларнинг барчаси Аллоҳнинг фазли эканини унутади. Аллоҳ таоло банда неъматнинг манбаини билмаяпти, фақат Менинг розилигимни истаб шу йўлга кирган эди, лекин ўртадаги энг махфий масалаларда ҳам ихтилофлар бўляпти деб, бу бандадан мададини кесиб қўяди.

Аввалги ҳолатлардаги каби, Аллоҳ таоло мададини кесганда неъматлар ҳам кесилиб, офат келганда дарров ҳушёр тортган одам ниҳоятда саодатли одамдир. Бундай ҳолатнинг ўзи ҳам бир неъматдир, чунки банда бундай ҳолатда ўзини тезда ислоҳ қилади.

Лекин буни билмаса, сезмаса-чи? У ҳолда юқоридаги каби истидрожга тушиб қолади...

Худди шунингдек, мурид ҳам Аллоҳнинг фазлини билмаса, жуда катта мусибатдир. Аллоҳ мададини кесиб қўйса ҳам, Аллоҳ менга мадад беряпти, менга Аллоҳнинг назари тушган деб юраверади, бу нарса жудаям хатарли эканини англамайди. Беодоблик қила туриб, беодоблигида давом этаётган пайтда Аллоҳ таоло ундан мададини кесиб қўйган бўлади. У эса бошқа зоҳирий нарсаларга қараб туриб, менда неъмат давомли бўляпти, ишларим зўр кетяпти деб ўйлайди. Ваҳоланки қилаётган ишлари, тариқат йўлидаги саъй-ҳаракатларининг ҳаммаси ҳабата бўлиб, Аллоҳнинг назаридан узилиб бўлган бўлади. Яна шундай ҳолат борки, бунда инсон мусибат етганда четга чиқиб олади. Роҳат-фароғат, яхшиликлар келганда «Ёмонликлар кетди» деб, гўёки бунга ўзимнинг сабрим орқали етишганман деб даъво қилиб қолади, «Тавба қилганим учун» ёки «Аллоҳ менга марҳамат кўрсатиб, ёмонликларни йироқлаштирди. Мен ўзи осий одам эдим, бунга муносиб эмас эдим, буларнинг барчаси Роббимнинг фазлу карамидан», демайди. Балки «Бир амаллаб бу муаммони бартараф қилиб юбордим, иймоним кучлилигидан, қилаётган солиҳ амаларим кўплигидан балони ўзимдан даф қилиб юбордим», дейди. Шунда ҳам Робби билан орасидаги аҳдни эсга олмайди, эътироф қила олмайди. Бу ҳолатда ҳам бандадан ҳушёрлик талаб қилинади.

Неъматларни эътироф қилиб, сўнг уларнинг шукрини адо этиш ҳам керак бўлганидек, бу хос ҳолатда ҳам Аллоҳ таоло билан бўлган алоқада, сайри сулукда У Зотнинг мададини эътироф қилиш лозимдир. Бу мадад бардавом бўлиши учун ўша мададнинг шукронасини муносиб даражада адо этиб туриш зарур. Бошига нимаики келса, Аллоҳнинг ҳузуридан деб эътироф қилиб, катта кароматлар зоҳир бўлиб кетган тақдирда ҳам буни ўзимдан деб қолишдан эҳтиёт бўлмоқ керак. Олдинги ҳолатларда фалон кишининг фазлидан шундай тўкинчилик бўлди дейилган бўлса, уларни ўзимдан дейиш бундан ҳам хатарли ҳолатдир. Чунки бу йўлга чиққан фақат унинг ўзи эди. Бу даражаларга ўз фазлимдан етдим демаган ҳолда Аллоҳ билан бўлаётган нурли алоқаларни ўта зийраклик, ҳушёрлик билан муҳосаба, мужоҳада ва муроқаба орқали кузатиш лозим бўлади.

Одинахон Муҳаммад Содиқ

Манба
Мавзуга оид мақолалар
Ассалому алайкум    muslimaat.uz сайти қошидаги forum.muslimaat.uz да ўтказилган сийрат ойига бағишланган танловимиз ўз якунига етди. Иштирокчиларни ҳар бирларига алоҳида давоми...

22:32 / 06.12.2017 3570
Пайғамбар хонадонидаги намуналар тирикликда ҳам, вафот этгандан кейин ҳам эрхотинлик ҳақларига риоя қилиш Оиша розияллоҳу анҳодан «Мен Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

09:03 / 06.12.2016 3805
Эрхотин ўртасидаги алоқалар мустаҳкам боғланиши учун шариат кўплаб кўрсатмалар берган. Улар қуйида баён қилинади 1. Никоҳдан олдин икки ёш бирбирларининг давоми...

00:34 / 11.12.2018 7780
Маълумки, шариат истилоҳида рўза тонг отгандан то қуёш ботгунича ният билан рўзани очувчи нарсалардан ўзни тиймоқликдир. Ейиш, ичиш, жинсий яқинлик қилиш каби давоми...

05:26 / 02.05.2019 3626