Лайлатул қадр ҳақида

0 818

Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Албатта, Биз у (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик. Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирур? Лайлатул Қадр минг ойдан яхшироқдир. Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар ила тушадирлар. У то тонггача салом (тинчлик) бўлиб турадир», деган (Қадр, 1-5).

Шарҳ: Суранинг номи ҳам биринчи оятдаги «Қадр» калимасидан олинган, тўғрироғи, «Лайлатул Қадр»дан олинган. Бу муборак кеча икки хил маънода қадр деб аталади. Биринчиси, қадр, яъни қадри улуғ, иккинчиси, қадар, яъни бандаларнинг қадарини белгилашдир. Чунки Қадр кечаси қадри улуғ кечадир. Қадр кечасида бандаларнинг бир йиллик қадарлари – тақдирлари белгиланади ва сураи карима бошидан охиригача муборак Қадр кечасига бағишлангандир.

Барча халқларда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунлар, дастурлар ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Улар бу байрамларда еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, ароқхўрлик, турли фисқу фужурни хоҳлаганча қилишга қулай фурсат топадилар. Исломда эса байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш Қадр кечаси шулардан биттаси. Чунки худди шу кечада Қуръони карим нозил этила бошлаган.

Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш имкони бор. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун ҳам бу кечада бедор бўлиб, ухламасдан ибодат қилинади. Қадр сурасида Аллоҳ таоло мусулмонларга Ўзи берган улкан неъмат – уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони каримни нозил қилганини эслатиши бежиз эмас.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
1. «Албатта, Биз У(Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик». Бу ояти каримада зикр қилинаётган Қуръони каримнинг туширилиши Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилишидир. Бу маъно Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Ана ўша ҳодиса Қадр кечасида содир бўлганини ушбу ояти карима очиқ айтиб турибди. Қуръони карим бу дунё осмонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлиб-бўлиб, йигирма уч йил давомида туширилган. Демак, бу ояти кариманинг маъноси биз Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига Қадр кечасида туширдик, дегани бўлади.

2. «Лайлатул Қадр қандоқ нарса эканини сенга нима билдирур?» Яъни, унинг ҳақиқатини, фазлини тўла тушунишинг қийин. Шунинг учун уни Ўзимиз айтиб берамиз.

3. «Лайлатул Қадр минг ойдан яхшироқдир». Чунки бу кечада Қуръон нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзал. Шу оят тафсирида аллома Ибн Касир жумладан қуйидагиларни ёзганлар: «Бир киши силоҳ олиб, минг ой Аллоҳнинг йўлида жиҳод қилгани ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳам шундоқ бўлишини орзу қилиб: «Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!» дедилар. «Лайлатул Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир», деди Аллоҳ таоло».

Қадр кечасининг яна бир фазилати қуйидаги оятда баён қилинади:

4. «Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар ила тушадирлар». Бу оятдаги «Руҳ»дан мурод Жаброил алайҳиссаломдир. Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган ишлар ила тушадилар. Бу ҳам Қадр кечасининг шарафини оширади.

Қадр кечасининг учинчи фазилати қуйидаги ояти каримада баён қилинади:

5. «У то тонггача салом (тинчлик) бўлиб турадир». Яъни Қадр кечаси тонг отгунча салом ва тинчлик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки Қадр кечасини иймон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар. Бу кечани бедор ўтказиш–намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироати билан бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Лайлатул Қадрни иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.

Шарҳ: «Қоим» лафзи луғатда «тик туриш» маъносини билдиради. Истилоҳда эса, кечани ибодат билан ухламай ўтказишга айтилади. Қадр кечасини бедор ўтказиш қандоқ бўлади, деган саволга уламоларимиз батафсил жавоб берганлар. Аввало, бу кечани қоим бўлиб ўтказиш учун ўша кеча хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиш керак. Чунки ҳадисда ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади, дейилган.

Бошқа бир ҳадисда эса ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади, дейилган. Қолаверса, кечанинг қолган қисмида нафл намоз ўқиб, Қуръон тиловат қилиб, зикру дуо қилиб чиқиш керак. Ана шунда кечани бедор ўтказган бўлади ва ҳадисда Қадр кечасини иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказганларга қилинган ваъда – ўтган гуноҳларнинг мағфират бўлишига эришилади.

عَنِ النَّبِيِّ أَنَّهُ أَعْمَارَ النَّاسِ قَبْلَهُ أَوْ مَا شَاءَ اللهُ مِنْ ذَلِكَ فَكَأَنَّهُ تَقَاصَرَ أَعْمَارَ أُمَّتِهِ أَنْ لاَ يَبْلُغُوا مِنَ الْعَمَلِ مَا بَلَغَ غَيْرُهُمْ فِي طُولِ الْعُمْرِ فَأَعْطَاهُ اللهُ لَيْلَةَ الْقَدْرِ خَيْرٌ مِنْ أَلْفِ شَهْرٍ. رَوَاهُ اْلإِمَامُ مَالِكٌ.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади. У зотга ўзларидан олдинги одамларнинг умрлари кўрсатилди ёки шунга ўхшаш Аллоҳ хоҳлаган нарсаларни. Бас, У зот худди умматларининг умрларини қисқа, бошқалар умрлари узунлиги ила етган амалларга ета олмайдиган деб билганга ўхшадилар. Шунда Аллоҳ У зотга Лайлатул Қадрни минг ойдан яхши қилиб берди».

Имом Молик ривоят қилган.

Шарҳ: Аввал ўтган умматларнинг умрлари узун бўлгани учун кўп солиҳ амаллар қилиб, кўп савоб олишга муяссар бўлганлар. Буни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билганларидан кейин, У зотга умматларининг умри қисқа кўриниб кетган.

Узун умрли умматларга ҳавас қилгандек бўлганлар. Ўз умматларининг умри ҳам узун бўлганида улар ҳам кўп яхши амал қилиб, кўп савобларга эришишларини орзу қилганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Қадр кечасини берган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг умматларига берилган Қадр кечаси аввалги умматларнинг минг ойидан кўра яхши қилиб берилган. Яъни Муҳаммад уммати биргина Қадр кечасида ибодат қилиш билан бошқа умматларнинг минг ой қилган ибодати савобидан кўпроқ савоб олиш имконига эга бўлдилар.

Уламоларимиз Муҳаммад умматига Қадр кечасининг берилиши ва Қадр сурасининг нозил бўлишига оид бир қанча ривоятларни келтирганлар. Биз ҳам ўшалардан баъзиларини эслаб ўтсак, фойдадан холи бўлмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни саҳобаи киромларга қуйидаги ривоятни айтиб берибдилар: «Аллоҳ таоло ўтган подшоҳлардан бирига мингта ўғил берган экан.

У ўғилларидан бирини жиҳодга тайёрлар ва жангга юборар эди. Ўғил чиқиб, бир ой жиҳод қилиб, шаҳид бўлар эди. Сўнгра подшоҳ бошқа ўғлини жиҳодга юборар эди. У ҳам чиқиб, бир ой жиҳод қилгандан сўнг шаҳид бўлар эди. Шундай қилиб, ҳаммалари шаҳид бўлибди.

Подшоҳнинг ўзи эса тоат-ибодатда бардавом бўлиб, Аллоҳга ҳамд айтиб, шукр қилар экан. У катта лашкар тўплаб, ўзи бошлиқ бўлиб жиҳодга чиқибди. Ва ниҳоят ўзи ҳам шаҳид бўлибди».

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу қиссани эшитган саҳобалар ҳалиги подшоҳга ҳавас қилибдилар. Ўшанга ўхшаш улуғ ишлар қилишни хоҳлабдилар. Шунда Аллоҳ таоло уларга минг ойдан яхши қилиб, Лайлатул Қадрни берди. Ибн Абу Ҳотим қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни Бани Исроил пайғамбарларидан тўрттасини: Айюб, Закария, Ҳузайқийл ва Юшаъ ибн Нун алайҳиссаломларни эсладилар. Улар Аллоҳга саксон йил ибодат қилганлар. Бир кўз очиб юмгунча ҳам осий бўлмаганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари бундан ғоятда ажабландилар. Шунда У зотнинг ҳузурларига Жаброил келди ва: «Умматинг шундан ажабландими? Аллоҳ таоло сизларга ундан кўра яхшисини нозил қилди», деди.

Ва У зотга: «Инна анзалнаҳу фии лайлатул Қадр»ни тиловат қилиб берди. Сўнгра: «Бу сенинг умматинг ажабланган нарсадан афзалдир», деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зот билан бирга одамлар ҳам масрур бўлдилар».

Имом Байҳақий ва Ибн Абу Ҳотимлар қилган ривоятда қуйидагилар айтилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Исроилдан бир кишини зикр қилдилар. У одам Аллоҳнинг йўлида минг ой силоҳ кўтарган экан. Мусулмонлар бундан ажабландилар. Шунда Аллоҳ Қадр кечасини нозил қилди. У минг ойдан яхшидир. Бу иш уларнинг умрлари қисқа бўлгани эвазигадир. Бас, шу билан олдингиларга етиб олурлар. Батаҳқиқ, улардан ўзиб ҳам кетдилар».

Демак, Қадр кечасини топишга жиддият ила ҳаракат қилмоғимиз лозим.

«Ҳадис ва ҳаёт»дан олинди.

Баҳам кўринг

Comments are closed.