
Болалар уйи
Бу тилсим дунёда туғилдим,
Бир бора кўрмадим юзингиз.
Сарғайдим аламдан бўғилдим,
Эшитмай ҳеч ширин сўзингиз.
Изладим изингиз топмадим,
Онажон қайдасиз мен мана.
Юзларим бекитиб йиғладим,
Болалар қилар деб масҳара.
Эшикдан ким келса қарайман,
Келганлар боласин излайди.
Сизни мен қандайин танийман,
Ўйларим ақлимга сиғмайди.
Бу ерда ҳар нарса топилар,
Кўнгил не истаса қиламиз.
Меҳр қай бозорда сотилар,
Биз меҳр қумсаган боламиз.
Дўстларим кўзига қарайман,
Нигоҳи маюс ҳар болага.
Сўзларим етишин истайман,
Шавқатсиз ота-ю онага.
Бу ёлғон дунёга мен келдим,
Ўзгалар бошимни силади.
Сиз эмас онажон не тилсим
Бошқалар дардимни билади
Бу ерда ташвишу-шодлик бир,
Ғамхўрлар югуриб елади.
Хурсанддек кўринмай барибир,
Гоҳида хўрлигим келади.
Бўлардим меҳрибон болажон,
Юрардим ҳар ишда қарашиб.
Сиз ташлаб кетдингиз онажон,
Савобни гуноҳга алмашиб.
Сизни кўп соғиниб йиғладим,
Гоҳида ошкора гоҳи жим.
Гоҳ келган аёлни сиз дея,
Тикилиб қолади кўзларим.
Сизнинг ҳам ўртанса кўнглингиз,
Топарсиз ташланган жойидан.
Шеър ёзар интизор ўғлингиз,
Сиз билган болалар уйидан.




