Муножот.
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим,
Илоҳи қулингман, кечир гуноҳим.......
Елиб парвонадек, гирён юрибман,
Келиб, девонадек урён турибман.
На тоатим бору на савобим бор,
На тоқатим бору на жавобим бор.
Ўзим саркашману сўзим чалкашган,
Кўзим қамашгану йўлим адашган.
Дилимда шукр йўқ, билмасман тавба,
Қўлимда зулм кўп, қилмасман тавба.
Тақлид тўрин тутдим, тавҳид унутдим.
Таҳдид зўрин ютдим, танқид юритдим.
Бағоят чиркиндир қўлимда ғубор,
Ҳидоят бер энди, Буюк Биру Бор!
Илоҳи, заҳматинг “оғу”сида-бол,
Илоҳи раҳматинг оғушига ол:
Суюк хаёл туни-ибодатимни,
Буюк висол куни-ижобатимни…….
Илоҳи измингдан қайтмайин зинхор!
Илоҳи, изминг-ла айтайин ашъор.
Жами мўмниларнинг сўнг сарваридан,
Ҳам инсу жинларнинг Пайғамбаридан.
Кўзлай мен ярқ этган сўз ичра зарни,
Сўзлай сен халқ этган мўъжизаларни.




