Ким у ҳақиқий ўғлон?!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

14 январ – Ватан ҳимоячилари кунига

КИМ У ҲАҚИҚИЙ ЎҒЛОН?! Ватанни ким ҳимоя қилади? Мунис онажонлар ва нуроний отажонларимизга муносиб ҳақиқий ўғлонлар кимлар? Орзу-ҳаваслари чексиз, меҳрибон ва гўзал келинларимизга ким чин ёр, масъулиятли умр йўлдоши бўла олади? Ширинтой фарзандлар учун ота қандай бўлиши керак? Табиийки, бу саволларни эшитган ҳар инсоннинг тилига “меҳрибон, доно, ақлли, мақсадига эришишни биладиган, чин посбон, эътиборли, мард, хушфеъл” деган сифатлар келади. Чинакам эркак бир ҳақиқатни жуда яхши тушунади: эркак бўлиш учун қийинчиликлар ва хатоларини енгиб ўтиши керак! Чунки қийинчиликларни енгишга сарф қилаётган кучи уни ҳақиқий эркакка айлантиради (халқона ифодаласак: пишитади). Демак, ўғил тарбиялаётган оналар унинг вазифаларини ўзлари бажариши умуман мумкин эмас. Хоҳ у боғча ёки мактабдан берилган уйга вазифа бўлсин, хоҳ оёқ кийимининг ипини боғлаш, хоҳ отаси буюргандек молларга ем бериш каби иши бўлсин – барини ўзлари қилиши керак. Эр киши қўрқмас инсондир. Қўрқувни енгиш ва унинг сабабини бартараф этиш эркак учун муносиб вазифа эканини у яхши англайди. Чинакам эркак аёл каби ачиниб ўтирмайди, дарҳол ёрдам қўлини чўзади. Демак, ўғил тарбиясида ота-оналар унга қуйидаги асосий хислатларни сингдиришлари лозим. 1. Масъулиятлилик. Жамиятда қайси ўринни эгалламасин, эркак кишининг иккинчи номи масъулитятдир. Йигит ватан ҳимояси, ота-онаси, укалари ва сингиллари, аҳли аёли ҳамда болалари учун масъулдир. Шу сабабли болалигидан унга уй ҳайвонларига ем бериш, ҳеч бўлмаса, балиқларни парваришлаш, гул, экинларни суғориш каби вазифалар юклатилиши керак. Йўқса, масъулиятни ҳис қилиши амри маҳол. 2. Мақсадга интилиш. Ўғил бола нима учун мақсад қўйилаётганини, у қандай натижа келтиришини билиши лозим. Шундагина мақсадига эришиш учун меҳнат қила бошлайди. Дейлик, бирор янги гаджет (платшет, смартфон ва ҳоказо) олмоқчи. Ота-она бу гаджетни болага шунчаки сотиб олиб бермай, унга пул йиғишни ўргатиши керак. Бироз вақт ўтгач, бола маълум даражада пул йиққанидан сўнг, ота-онаси етмаганига қўшиб гаджетини олиб беради. Шу каби ишлар билан ўғил болага ўз мақсадига эришишни ўргатиш лозим. 3. Шиддатлилик. Бу борада болага ўз олдига қўйган мақсадига эришиш учун шиддат лозимлигини тушунтириш зарур, яъни ўша гаджетга эришмоқчи бўлган болага, бунинг учун сабр, матонат ва асосийси, шиддатли куч кераклигини тушунтириш лозим. Бу борада ота-она ўзини мисол қилиб, машина ёки ҳозир яшаётган уйларини сотиб олиш учун қандай меҳнат қилиб, пулни йиғишганини, мақсадга эришилганидан кейинги ҳис-туйғуларини баён қилиб, ғолиблик туйғуси ва ҳоказоларни тасвирлаб берса, мақсадга мувофиқ бўлади. 4. Покизалик. Нима учун таҳорат, ғусл қилиниши, кийимлар озодалиги нима учун кераклиги ва ҳаказоларни тушунтириш керак. 5. Қатъият. Ўғил фарзанд учун ота-онаси ёки яқинлари, нима кийишни, ким билан дўстлашишни, расм чизаётганида қайси рангни танлашни ва шу кабиларни буйруқ эмас, фақат насиҳат орқали ўргатиши зарур. Агар болалигидан онаси ёки бирор яқинлари унинг ўрнига қарор қабул қилаверса, катта бўлганида мустақил фикри йўқ, ота-онасига суянадиган, беқарор бўлиб етишиши мумкин. 6. Принципиаллик. Аввало, ота-онанинг ўзи берган ваъдаси устидан чиқиши, қарорларини далиллар билан асослаб бериши ҳамда бу қарорларни ўзгартирмаслиги, оила ва жамиятдаги қонунларни бузмаслиги керак. Ўғил болага, энг аввало, ота-она ўз принципларини сингдириши табиий. Яъни, ёлғон гапирмаслик, бировнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, ўзидан кичик ва ёши катталарга ёрдам қўлини чўзиш, қиз болага қўполлик қилмаслик, уни урмаслик, уларга ожиза деб қараш, катталарга гап қайтармаслик, уларнинг ҳурматини жойига қўя билиш, мақсадга эришиш учун ҳаракатни тўхтатмаслик, ўз устида мунтазам ишлаш каби принциплар. Шундай ишларни ўзига қонун деб билган ўғлонлар, албатта, ахлоқан етук инсонлар бўлиб етишадилар. Аммо, ота-онанинг ўзи шу даражада бўлмаса, ўғлидан буни талаб қилиши мантиққа тўғри келмайди. Қуш уясида кўрганини қилади, деган нақл бор. Демак, ота-она энг биринчи ибратдир. Албатта, ўғил боланинг тарбиясида асосий ўринни ота эгаллайди. Лекин жамиятимизда фарзандини ёлғиз тарбиялаётган аёллар бор. Улар қандай қилиб отанинг ўрнини босишсин? Бундай аёлга осон эмас, албатта. Аёл ўғил бола учун том маънода отасининг ўрнини босолмайди ва эркакча қаттиққўллик қилишга уриниши ҳам ножоиздир. Чунки она – нозиклик, юмшоқлик, ҳамдардлик рамзи. Она қаттиққўл бўлса, кун келиб унинг ўрнини худди шундай қаттиққўл келин эгаллаши табиий. Шунинг учун она ўғил фарзандига эркакча тарбия беришни тоғалари, амакилари зиммасига юклаши ёки спорт мураббийидан бу масалада ёрдам сўраши маъқул. Чунки эркак кишининг табиатида мавжуд кўпгина хусусиятлар аёлда йўқ. Фарзандларимиз бизнинг аксимиздир. Шунинг учун чинакам эр йигитлар тарбиялашни, аввало, биз ота-оналар ўзимизни тарбиялашдан бошлашимиз даркордир.

Мадина Жўраева, психолог

Мавзуга оид мақолалар
    20 ноябрь 2018 йил санасида Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта махсус Ислом билим юртида мавлиди шариф бўлиб давоми...

07:06 / 21.11.2018 2895
Тўтр девордан иборат, аммо томи ёпилмаган кичик бир кулбада камбағал бева аёл ва фарзанди яшар эди. давоми...

15:01 / 02.01.2017 2673
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ Азиза, мўмина, муслима давоми...

05:05 / 23.02.2017 17286