Камалак қандай пайдо бўлади?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Камалак – энг чиройли табиат ҳодисаларидан бири. Азал-азалдан одамлар камалак нима экани ҳақида бош қотиришган. Натижада камалак билан боғлиқ кўплаб афсона ва эртаклар пайдо бўлган. Масалан, қадимги юнон мифологиясида камалак осмон билан ер ўртасидаги йўл ҳисобланган. Қадимги Хитойда эса камалакни самовий аждаҳо деб ўйлашган. Славян халқлари афсоналарида камалак самовий кўприк, дея тасвирланган. Худди дарёлардан сув олиб, бу кўприк орқали осмонга олиб чиқиларкану, кейин бу сув ёмғир бўлиб ерга ёғаркан. Сиз билан биз буларнинг бари чўпчак, эртак эканини яхши биламиз-а? Баракалла!
Камалак ўзи нималигини ҳам биласизми? Аҳамият берганмисиз, камалак фақат ёмғирдан олдин ёки кейин пайдо бўлади?! Камалак кўриниши учун ёмғир билан бир қаторда нима? Тўғри, булутлар орасидан қуёш нур сочаётган бўлиши керак. Бу қандай рўй беради? Келинг, тушунтираман.
Қуёшнинг нурлари ёмғир томчиларидан ўтади. Томчи эса призмага ўхшаб ишлайди. Яъни, у Қуёшнинг оқ нурларини қизил, оловранг, сариқ, яшил, ҳаворанг, кўк ва сиёҳранг нурларга ажратади. Аслида оқ нур мана шу ранглардан иборат бўлади. Томчи призмага ўхшаб, уни шу рангларга бўлиб беради, холос. Натижада спектр деб номланадиган рангли тасма ҳосил бўлади. Демак, камалак – бу улкан эгилган спектрдир. Илк бор камалак нималигини тушунтириб берган олим Арасту бўлиб, у: “Камалак моддий жисм эмас, балки оптик ҳодисадир”, деган.
Ердан туриб камалакка қарасангиз, у айлананинг бир бўлагига – ёйга ўхшайди. Тоғ тепасидан ёки самолётдан туриб қаралса, ярим айлана шаклидаги эмас, балки дум-думалоқ айлана шаклидаги камалакни кўриш мумкин. Хўп, ярим айланами, тўлиқ айланами, нега камалак айнан шундай шаклда? Нега, масалан, ердан осмонга қараб кетган тикка тасма шаклида эмас? Бунинг сабабини ёмғир томчиларининг шаклидан қидиришимиз керак. Сув томчилари қанақа кўринишда бўлади? Улар сферани, яъни думалоқ шаклни эслатади. Ёмғир томчиларига тушиб, синган Қуёш нури ҳар хил рангларга ажралади, дедик-а? Томчи думалоқ бўлгани туфайли унда синган нурлар ҳам айлана шаклидаги, бири иккинчисининг ичидаги рангли нурларни ҳосил қилади. Ёмғир томчилари қанчалик катта бўлса, камалакнинг ранглари шунчалик ёрқин бўлади. Лекин бу камалак энсиз, ингичка бўлади. Майдалаб ёмғир ёғаётганда кўринадиган камалак бўлса, энли, кенг бўлади, аммо ранглари бир оз хира бўлади. Болалар, демак, сиз камалакка қараб, қанақа ёмғир ёғаётганини, бу ёмғир томчилари катта ёки кичиклигини билиб олишингиз мумкин экан. Энди сизга савол: агар дўстингиз билан ёнма-ён туриб, камалакка қарасангиз, уни иккалангиз бир хил кўрасизми? Йўқ! Топа олмадингиз. Иккалангизга ўзингизнинг камалагингиз кўринади. Чунки ёмғир томчилари бир жойда тўхтаб турмайди, балки тинмай ерга тушаверади, унинг ўрнига янги ёмғир томчилари ёғаверади. Камалак ҳам ҳар сонияда янги ва янги томчиларда қайта-қайта пайдо бўлади. Ҳа, камалак нафақат чиройли, балки жуда ажойиб табиат ҳодисасидир.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
Арабларда ва иссиқ ўлкада яшовчи баъзи халқларда аёлларни ҳам хатна қилиш одати бор. Али ибн Ғуробнинг давоми...

06:54 / 25.11.2016 6612
Саудия Арабистонидаги Кабапўш кисва  тикилувчи фабрика Япониядан келтириладиган янгича ускуналар билан давоми...

02:20 / 09.02.2017 5566
«Хадичаи Кубро»да катта тадбир бўлиб ўтди     Бугун 2017 йил 30 ноябр куни «Хадичаи Кубро» Ислом ўрта махсус давоми...

17:39 / 30.11.2017 4578
Рабиъул аввал ойининг 11 ва 12кунлари орасидаги кечани бутун дунё мусулмонлари байрам сифатида нишонлашади. давоми...

09:50 / 08.12.2016 2603