Каъбапўшнинг ифори келар эди
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ёдимда... Чамаси  тўрт-беш ёшлик қизалоқ эдим. Биз Ҳазратимнинг муборак гўшаларига  тез-тез ташриф буюриб турар эдик. Деярли, ҳар куни эрталаб келиб, кечга яқин уйга йўл олардик, десам муболаға бўлмайди. Уйлари ҳамиша меҳмонлар, масала сўраб келадиган кишилар билан гавжум бўлар эди. Ҳожи она билан волидам опа-сингил бўлганликлари сабабли, биз гўё бир оила аъзоларидек бўлиб улғайдик. Хассос, меҳрибон, бағрикенг инсон  Ҳожи она бир, сўз билан айтганда, биз учун иккинчи онамиз ўрнида бўлсалар, Исмоил ака эса катта ака ўрнидалар. Оминахон жажжи чақалоқлигидан ҳидларини суйиб, эркалаб, бирга ўйнаб, улғайган эркатой сингилжоним.

   Устозим – меҳрибоним, маслаҳатгўйим, ҳар бир қарашларида Ҳазратимни ёдга солиб  турувчи йўлчи юлдузим! Баъзан Устознинг исмларини айтиб чақирсам, ич-ичимдан ҳижолат бўлиб кетаман.

Болалик кезларимни хотирлаб, ушбуларни сиз билан ўртоқлашгим келди. Онам бир оз тикувчиликдан хабарлари бўлгани сабаб, баъзан Ҳазратимнинг ўзларига мос оқ ридоларини тикиб берар эдилар. Бир куни  ана шундай ридолардан бири битиб, яна азиз гўша – Ҳазратимнинг хонадонларига йўл олдик. Ридони мен бераман, деб кучли ҳаяжон билан гўё осмонда учиб борардим.  Ўша азиз гўша – қушлар сайраган, қийғос очилган гулларнинг ифори уриб турган ҳовлининг ўртасида  Ҳазратим билан Ҳожи она туришар эди. Онамнинг қўлларидан ридони олдим-у, уларнинг ёнларига бордим. Ҳазратим қариндош кичик қизларни эркалаб, «Хола»,  деб  чақирар эдилар. Ўша куни ҳам одатдагидек, «Келинг хола», дедилар. Мен салом бердим-у, салобатлари босиб, нима учун келганимни унутиб қўйдим. Ҳожи она дарров вазиятни англаб, болаларнинг тилида «Ҳадя. Сизга олиб келибдилар», дедилар. Ҳазратим мени кўтариб, эркаладилар-да, сўнг дуо қилдилар.

   5-синфда ўқиб юрган кезларим эди. Ҳожи она бир китобни тутқаздилар-да, «Қани, бери кел, Ҳазратга ўқиб берасан», дедилар. Мактабда ҳаммадан маҳмадона, ҳар бир тадбирда бошловчилик қиладиган ўқувчилардан эдим. Ўша куни Ҳазратнинг олдиларида бир саҳифа ҳикояни ўқиб бергунча қора терга тушиб кетдим. Шунда Ҳожи она қўлимдан китобни олиб, «Мана бундай,  дона-дона қилиб, баланд овоз билан ўқилади», дедилар-да, китобдан уч-тўрт қатор ўқиб бердилар. Сўнг кулиб, елкамни қоқиб қўйдилар. Ҳазрат ҳар доимгидек, ним табассум ила «Яшанг, хола», дедилар.

  Йиллар ортидан йиллар шамол каби елдек учиб ўтиб борарди. Бирин-кетин барчамиз улғайдик.  Ҳазратим сафардалик чоғларида у муборак гўшадан хабар олиш учун бориб турардик.  Онамнинг бу оилага эҳтиромлари жуда баланд бўлиб, ҳар бир нарсани Ҳожи она қандай меҳр билан авайлаб-асраган бўлсалар, ана шундай тартиблашимизни уқтирар эдилар. Ҳазратимнинг барча китобларию хоналаридан ўзига хос ифор таралиб турарди. Сафардан қайтиб, янги манзилларига кўчиб ўтишгандан сўнг, бир куни каъбапўш ҳадя қилингани ҳақида айтиб қолишди. Меҳмонхонада бежирим қутида каъбапўш турар эди. Уни барча аёллар навбатма-навбат кўзларига суртиб кўришаётган эди. Навбат менга келди, каъбапўшни юзимга суртдим-у, беихтиёр, кўзимга ёш келди. Беихтиёр болалигимда Ҳазратнинг муборак гўшаларида барча буюмларидан келиб турган ҳидни туйдим.

   Ҳазрат ниҳоятда камтар, ихлосли, салобатли, серғайрат инсон бўлиб, ҳамма билан бирдай муомалада бўлар эдилар. Ҳузурларида ҳижолат чеккан одамни дарров ушбу ҳолатдан чиқаришга ҳаракат қилар эдилар. Жажжи синглимиз Оминахонни  ҳаммадан кўпроқ суярдилар, шу ўринда бизларни ҳам ўзгача эҳтиром қилардилар. Бир куни Оминахон билан уларнинг хонадонларида  ўтирган эдик, Ҳожи она тиловат қилиб беришимни сўраб қолдилар. Тиловатни бошлашим билан бутун вужудимни титроқ ила ҳаяжон қамраб олди, сўнгига бориб, беихтиёр, йиғлаб юбордим. Ҳазрат узоқ дуо қилдилар.

Устозимнинг виқорлари, ҳар бир ҳаракатлари, болаларни эркалаб-суйишлари, ана шундай ҳижолатли вазиятларда ўзларини тутишлари – ҳамма-ҳаммаси Ҳазратимни ёдга солади. Мен у кишига, аввало, жиян, кетларидан қолмайдиган, сирдош  сингил, қолаверса, ёнларидан асло жилишни истамайдиган шогирдларидан бириман.

   Бундан бир неча йил олдин, ҳали фарзандларим ёш, турмуш ташвишлари билан  ўралашиб юрган кезларим… Бир куни устоз гапнинг орасида сайт ишлари ҳақида гапириб, мени ҳам ишга таклиф қилдилар. Ундан олдин уйларига ташриф буюрган кезларим сайт ишларини олиб борадиган қизларни кўриб қолардим. Уларнинг иш юзасидан олиб борадиган суҳбатларига, маслаҳатларига гувоҳ бўлардим. Устоз мени ишга таклиф қилганларида аввалига роса қўрқдим. Юрагимда бундай масъулиятли ишни эплай олмасам керак, деган ҳадик бор эди. Бир куни Устозим мени сайтчи қизлар ишлаб ўтирган меҳмонхонага олиб кирдилар-да, «Мана, сизларга ёрдамчи», дея уларга таништирдилар.  Шу кундан бошлаб, сайт ишларига киришиб кетдим. Борган сари ишга бўлган ғайратим, муҳаббатим кун сайин ортиб борди. Ишимизнинг энг ҳаяжонли нуқтаси ҳар икки ҳафтада барча сайт ишларига алоқадор ҳисоботни топшириш эди. Душанба пешиндан сўнг ҳамма ўзгача ҳаяжон ила мажлисга тайёрланарди.        Ҳазратимнинг ташрифлари биз учун байрам эди. Ҳазрат ҳар бир сайтнинг ишини биз ходимлардан-да синчковлик билан кузатар эдилар. Қўйилган маълумотлар, уларнинг сарлавҳасига қадар баҳо берар эдилар.  Баъзан ана шундай мажлислардан уйга Ҳазрат билан биргаликда қайтиш шарафи насиб қилиб қоларди.  Шундай кунларнинг бирида сайтга қўйилган бир мақолани мақтаб, Устозимга: «Яхши мақола жойланибди. Сарлавҳасининг ўзида катта маъно бор», дедилар.  У киши   «Ёқутлар топилар вақтлар билан, вақтлар топилмас ёқутлар билан»  деган мақолани назарда тутаётган эдилар. Мени бир томондан «Ҳар бир қўйилган мақолани ўша куниёқ  ўқиб чиқишга улгурар эканлар-да», деган ўй-хаёл, бир томондан ўзгача бир ҳаяжон чулғаб олган эди. Шу зайлда қандай қилиб манзилга етиб борганимизни, Ҳазрат биздан олдин тушиб, биз ўтирган ўриндиқ эшигини очиб берганларини ҳам сезмай қолибман. Устоз бир туртиб, «Эшикни очиб бердилар, тушмайсанми?!» деб қолдилар. Ушбу  воқеа Ҳазратнинг камтарликларидан бир намуна эди. Бу ҳодиса ўчмас хотира сифатида ҳаётим зарварақларига абадий муҳрланиб қолди.

Ана шундай мажлислардан бири бўладиган кун – 2015 йил 9 март, душанба! Ҳазратимнинг «Амаллар ниятга боғлиқдир» ҳамда «Хислатли ҳикматлар шарҳи» номли китобларининг тақдимотидан сўнг ҳисобот топшириш лозим эди. Сайтимизга жойланиши керак бўлган иккита узун маълумотни ҳисоботга қадар шошиб тайёрладик. Бири «Очиқ хат»ни ўқиб» деб номланган  Ҳасанхон Яҳё Абдулмажиднинг мақолалари, иккинчиси  Кореяда Имом Бухорий номида масжиднинг очилиши ҳақидаги мақола эди. Мажлисга дақиқалар қолганда ушбу маълумотлар жойланиб, ҳисоботга киритилди. Ўша куни ушбу мажлис биз учун сўнгги дийдор, видолашув мажлиси эканини билмаган эканмиз...

Ҳазрат аёлларга ўзгача эҳтиром кўрсатар, бу эҳтиром, бу ҳурмат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёл-қизларга бўлган муносабатларини эслатарди. Ҳар бир амаллари китобларида таълим берганларидек кўз ўнгимизда намоён бўларди. Ўша куни мажлисда биз, «muslimaat.uz» ходималарини ўзгача эҳтимом ила мақтадилар. Сўнгра одатдагидан ташқари, узоқ дуо қилдилар. Бу бизлар учун сўнгги дуо ва насиҳатлари эди. Муборак овозлари ҳали-хануз қулоғимиз остида янграйди...

10 март ходималаримиздан бири хат орқали нохуш хабар ҳақида сўраб қолди. Мен аввалига мутлақо ишонмадим. Ўзимга-ўзим «Ҳозиргина Устоз билан ёзишдим-ку»,  дедим-у, бирдан Устоз жавоб ёзмай қолганларини ўйлаб, юрагим орқага тортиб кетди. «Кутиб туринг, мен қўнғироқ қилай-чи», дедим-да, уйга қўнғироқ қилдим. Гўшакдан йиғи аралаш айтилган «Тинчликмас» деган овозни эшитиб, бутун танам жонсиз танага айланди.  Ходимамизга  «Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун», деган жавобни ёзиб, жўнатдим. Лекин бу хабарга ўзим ҳали-ҳануз ишонгим келмайди.

Муборак гўшада тумонат одам эди, ҳамма югурган, фарёд чеккан, гўёки қиёмат қоим бўлгандек эди. Кўчада худди дарё мисол оқиб келаётган одамлардан бирининг «Рамазон суҳбатларига баъзи кунларда бора олмаган эдим, аттанг, ҳаммасига борсак бўлар экан», дегани, яна бирининг эса қайсидир мажлисларида қатнаша олмагани ҳақидаги афсус-надомати  қулоққа чалинар эди. Мен эса гарчи ҳақиқатлигини билиб турган  бўлсам-да, қулоқларимга ишонмасдим. Уч кун ўтгач, ташқарига чиқдим. Ҳатто кўчалар файзсиз, гўёки дарахтлар ҳам қадди букилиб, мунғайиб қолган эди. Ўзга юрт вакилларидан таъзияномалар кела бошлади. Сайтимизда «Сиз учун аталган, Ҳазратим» номли бўлим очилган эди. Маълумотлар тайёр, фақат уларни жойлаш лозим эди. Уйнинг ўртасида стол устида мунғайиб турган  севимли иш жиҳозим ўша куни кўзимга хунук кўриниб кетди. Ушбу нохуш хабарни қўйиш керак, лекин жиҳозимни очишга қўлим бормасди. Аммо топшириқни бажариш лозим эди. Ҳар бир хабарни жойлаганимда сизнинг номингизга «раҳимаҳуллоҳ» сўзини қўшиб ёзиш юракларни узиб олар, ҳар бир ҳарфи кўз ёшлар ила битилар эди. Ўзимга ўзим «Шу кундан бошлаб тинмай овозли тасмаларингизни  эшитиб, китобларингизни ўқийман», деб қарор қилдим. Ичимдан англаб бўлмас даражада қайғули йиғи келарди. Аллоҳга ҳамдлар айтамизки, имкониятлари чексиз замонда яшаяпмиз. Қачон хоҳласак, Сизнинг овозингизни эшита оламиз, видео тасмаларингизни кўриб, асарларингиз ила сиз билан суҳбат қура оламиз.

 Ҳазратнинг риҳлатлари барча мўмин-мусулмонларнинг ёдига саййидимиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларини эслатди. Чунки ҳаётлари у Зоти шарифнинг барча амалларига эргашиш ила ўтган эди. Ҳаттоки мусибатга қай даражада сабр этишни ҳам ўргатиб кетдилар.  Бугун у кишининг яна бир китобларини ниҳоялар эканман, беихтиёр Устозимнинг ушбу фикрлари ёдимга тушди: олимлар вафот этмайдилар, шунчаки уларнинг жасадлари  парда ортига ўтади.

Ҳа, албатта, Ҳазратим, сиз ҳар бир мусулмон биродарларнинг қалблари ардоғидасиз. Кўзларининг нурисиз. Йўлчи юлдузимиз, севикли Пайғамбаримиз Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суюкли умматларидансиз. Ёзган асарларингиз ила то қиёматгача мўмин-мусулмонларга таълим-тарбия бериб, ваъз-иршодларингиз билан уларга тўғри йўлни кўрсатиб борасиз.

Биз эса кўрсатма ва насиҳатларингизга амалимиз ила сизга бўлган севгимизни изҳор этишга ҳаракат қиламиз.  Сиз бизни буюк йўл – жаннат боғларига етакловчи ирфонларга йўллаб, харитани қўлларимизга тутқазиб кетдингиз. Аллоҳ таоло барчамизни Ўз ҳифзу ҳимоясида асраб, тўғри йўлдан адашмасдан, буюк бахтга муяссар бўлишимизни насиб этсин. Омин!

Мавзуга оид мақолалар
httpsyoutu.bePKN7qzgee0U

02:04 / 02.05.2019 1421
Маълумки, навбатдаги Қуръон мусобақаси кеча 10 февралдан Тошкент вилояти бўйлаб бошланди. Аввало, Бўка туманидаги Ўртақўрғон жоме масжидида 7 та ҳудуд Бўка давоми...

07:22 / 11.02.2018 2058
Рамазоннинг охирги ўн кунлигидамиз. Мен учун ҳозир бу ойни қандай ўтказаётганим ҳақида ўйлаб кўришнинг айни пайти. Дўстларимдан бири Рамазонда ўзингни руҳан давоми...

02:49 / 28.05.2019 2789
Аллоҳнинг Ўзига ҳамдлар бўлсин Ортларидан Набий йўқ Зотга салавотлар бўлсин Ислом Фиқҳи Академияси Маккаи Мукаррамада, Робитанинг биносида, 1409 ҳ.с. 1320 Ражаб 1989 давоми...

23:38 / 13.11.2016 2988