Жума кунида намозга нидо қилинган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

«Эй, иймон келтирганлар! Жума кунида намозга нидо қилинган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир».

(Жумуъа сураси, 9 оят)

Жума куни ҳафта кунлари ичида энг фазилатлиси ҳисобланади. Пайғамбар алайҳиссалом: «Қуёш чиқиб турган кунларнинг энг яхшиси жума кунидир. Ўша куни Одам яратилган, жаннатга киритилган, жаннатдан чиқарилган. Қиёмат ҳам жума куни қоим бўлади», деганлар. Оятдаги «намозга нидо қилинган пайтда»дан мурод имом минбарга чиққандан сўнг айтиладиган иккинчи азондир. Пайғамбар алайҳиссалом вақтларида, Абу Бакр Сиддиқ билан Умар Форуқ даврларида жумага фақат бир марта азон айтилган. Ҳазрати Усмон халифа бўлганларидан сўнг шаҳар кенгайиб, одам кўпайганда, у киши бозордаги ўзларининг Завро номли ҳовлиларида ҳам бир марта азон айтишни ташкил қилганлар. Уни эшитиб, кишилар масжидга юзланганлар. Кейин имом минбарга чиққанда жуманинг ҳақиқий азони айтилган. Ушбу оятдаги ҳукмлар ҳам мана шу иккинчи азонга тааллуқлидир. «Эй, иймон келтирганлар! Жума кунида намозга нидо қилинган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг.» Худди шу оят билан икки ракъатли Жума намози мусулмонларга жамоат билан ўқиш учун фарз қилинди. Унинг вақти – пешин намозининг вақти. Яъни жума куни пешин ўрнига жамоат билан Жума намози ўқилади. Аллоҳнинг оятдаги: «Ва савдони қўйинг», деган фармонига асосан, жума куни иккинчи азондан бошлаб намоз ўқиб бўлгунча савдо-сотиқ ҳаром қилинган. Оятнинг охирида Аллоҳ таоло Жума намозида мусулмонлар учун катта фойдалар борлигига кафолат беряпти. «Агар билсангиз, бу ўзингиз учун яхшидир.» Ўша фойдалар қуйидагилар: 1. Жамоат намози вақтида мусулмонлар бир-бирлари билан танишадилар, ораларидаги фарқлар йўқолади. Давлат бошлиғи оддий фуқаро билан, бой камбағал билан, оқ танли қора танли билан бир сафда туриб, бошини ерга қўйиб сажда қилади, яъни жамоат намозида ўзаро тенглик ғояси ҳаётга татбиқ қилинади. 2. Озода кийинган, хушбўй атирлар сепган катта-кичик барчанинг бир сафда туриб, катта жамоат билан намоз ўқиши Исломнинг фазлини кўз-кўз қилади. Кишиларга ўз таъсирини ўтказади. 3. Жума намозида доимо хутба – ваъз, насиҳат бўлади. Кишилар яхшиликка даъват қилинади ва ёмонликдан қайтарилади. Умуман, мусулмонларга керакли барча мавзулар баёни бўлади. 4. Кўпнинг дуоси кўл, деганларидек, жума куни кўпчилик хайр-барака тилаб, дуолар қилади. Унинг устига, Аллоҳ таоло жума кунида дуолар қабул бўладиган соатни жойлаган. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг кўпгина ҳадисларида жумага ғусл қилиб, ювиниб, хушбўй нарсаларни сепиб бориш тавсия қилинган. Жума намозини узрсиз қолдириш эса жуда катта гуноҳ ҳисобланади.  
Мавзуга оид мақолалар
  Мункачини арабча салат Апельсин ва пиёз паррак қилиб кесилади, зайтун мевалари билан аралаштирилиб, туз, давоми...

08:14 / 29.11.2016 6573
Кеча 22 июль 2018 йилда Москва шаҳрининг«Альфа» меҳмонхонасида «Муслиманинг жамиятдаги ижтимоий ўрни» давоми...

17:20 / 23.07.2018 2876
Тажрид тасаввуфда ҳамма нарсадан холи бўлиб, Аллоҳ таолонинг зикри, ибодати учун ажраб чиқиш, деган маънони давоми...

07:42 / 14.03.2017 4250
Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз. Ундан ёрдам сўраймиз. Нафсимизнинг давоми...

04:59 / 05.12.2016 4496