Жаннатдаги қўшни

0 817

 

Қадим замонда бир ҳукмдор юртини айлангани чиқибди. Одамлар таниб қолмаслиги учун юз кўринишини ўзгартириб, ёнига бир ходимини ҳам ҳамроҳ қилиб олибди. Ҳукмдор халқининг унинг ҳукми ва бошқаруви ҳақида қандай фикрда эканлигини билмоқчи экан.
Қиш фасли анча совуқ келиб, юртининг ҳамма ерини эгаллаган экан. Йўлда кетаётганида бир масжидга дуч келибди. Унинг бир бурчагида икки фақир киши совуқдан қалтираб ўтирган экан. Уларнинг бошқа борадиган жойлари йўқ экан. Уларнинг нима ҳақида гаплашаётганларини билишга қизиқиб ҳукмдор сездирмай уларга яқинлашибди.
Фақирлардан бири ҳазил қилишни яхши кўрар экан. У совуқдан нолиб шундай дермиш. Эртага биз жаннатга кирсак у ерга ҳукмдорни киргизмайман! Агар унинг жаннатнинг деворига яқин келганини кўриб қолсам, кавушимни ечиб, бошига ураман. Иккинчиси ундан сабрсизлик билан сўрабди:
̵ Нега сен унинг жаннатга киришига тўсқинлик қилмоқчисан? ̵ дебди
̵ Албатта, унинг жаннатга киришига йўл қўймайман, чунки биз бу ерда совуқдан қалтираб турганимизда у ўз қасрида роҳат қилиб яшаяпти. У бизнинг ҳолимиздан бехабар. Кейин у қиёматда менга жаннатда қўшни бўлмоқчи. Унга ўхшаган қўшнининг менга кераги йўқ! Шундай деб хохолаб кула бошлабди.
Ҳукмдор ходимига бу масжидни ва икки кишини эслаб қолишини айтибди. Ҳукмдор қасрига қайтганида икки фақирни ушлаб, қасрига келтириш учун одамларини масжидга юборибди. Бечоралар яхшилаб безатилган хонада устимизга қандай мусибат келаркан деб, қўрқувдан титраб-қақшаб ўтиришарди. Уларга: «Шу ерда еб-ичасизлар, ухлайсизлар, ҳукмдоримиз ҳаққига дуо қиласизлар ва сизларга жаннатда қўшни бўлишига қарши бўлмайсизлар, бу ҳукмдор яхши қалб эгасидир. Шундай эмасми?» ̵ дейишибди.
Улуғ Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақирларга ёрдам берувчиларни мақтаб шундай деганлар : «Кимки бу дунёда бир мўминнинг устидаги ғам-қайғуларидан бирини кетказса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳам қиёмат кунида унинг устидаги ғам- қайғуларидан бирини кетказади».

Имом Муслим ривоят қилган.

Баҳам кўринг

Leave A Reply