Ийд Рамазон муборак бўлсин!
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ийди Рамазон билан муборакбод этамиз!

Ҳайит севинч ва хурсандчилик, ризо ва мамнунлик ҳамда даромадлар қозонишу муваффақиятлардан масрур бўлиш кунидир. Ҳар миллатнинг ҳайити бор ва ҳар ҳайитнинг муносабати мавжуд. Пайғамбар алайҳиссалом Мадинага келган пайтларида уларнинг ўйин-кулги қиладиган икки байрамлари бор эди. Бу байрамлар ҳақида улардан сўраганларидан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Аллоҳ таоло сизларга буларни бундан ҳам яхшилари: қурбонлик ва фитр ҳайитларига алмаштириб берди». Демак, бу икки байрам мусулмонларга берилган неъматлардан экан.

Ҳайит мусулмонлар наздида доимо буюк ишларни қозониш, улкан ва кўп ютуқларни қўлга киритишга боғлиқ бўлиб келган. У давлатлар барпо бўлиши ёки қулаши каби кетар дунё амалларидан, туғилган кун ё никоҳ маросимларига ўхшаш тўқима хотиралардан пайдо бўлмаган. Балки ҳайитларимиз Аллоҳга яқин этадиган ва Унинг розилигини жалб қиладиган охират амалларига боғлиқдир.

Масалан, Рамазон ҳайитини кўрсак.  Мусулмонлар Рамазон ойи рўзасини тугаллаганларидан ҳамда у тўғридаги Аллоҳнинг ҳаққини адо этганларидан кейин Аллоҳ уларга бу кунни ҳайит ва байрам қилиб берди. Бу кунда улар улкан ютуқлар ва катта муваффақиятларга эришганларини, сурур ва севинчларини, розилик ва мамнунликларини изҳор этиб, байрам қилишади.

Шунинг учун ҳам бу кун «Мукофотлаш куни» ҳам дейилади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Ҳайит куни бўлганда фаришталар ерга тушишади ва кўчаларнинг бошига туриб олишади. Ва инсу жиндан иборат барча халойиқ эшитадиган овоз билан нидо қилишади: «Карамли Роббингиз томон чиқинг. У сизга катта яхшиликлар беради ва гуноҳларни мағфират қилади!»

Агар улар намозгоҳларида кўринишса, Аллоҳ азза ва жалла фаришталарига: «Ишчи ишини қилиб бўлгандан кейин нимага ҳақли бўлади?» дейди. Улар: «Илоҳимиз ва Хожамиз, уларнинг ажрини тўлиқ қилиб берасан!» дея жавоб қилишади. Шунда Аллоҳ уларга дейди: «Сизларни гувоҳ қиламанки, уларнинг сиём ва қиёмларига савобни, Ўзимнинг розилигим ва мағфиратимни қилдим! Сизлар кечирилган ҳолда қайтингиз!»

Ҳофиз Абу Муҳаммад ибн Асокирнинг «Мусаннаф»ларида шундай келади: «(Фаришталар) айтадилар: «Сизларга буюрди, рўза тутдинглар. Роббингизга итоат этдинглар. Энди мукофотларингизни қабул қилинглар!» Бу ҳадисни муҳаддислар «Ҳайит – мукофотлаш куни» ҳадиси деб аташади.

Аллоҳ таоло бу дунёдаги фараҳ ва суруримизни охират кунида мазкур ҳадисда келган башорат билан алмаштирсин! Карамли Роббимиз ҳаммамизни розилик ва мағфират билан мукофотласин!

Мубашшир Аҳмад

Мавзуга оид мақолалар
Йиғла энди, Ўзбек халқи, Посбонингни йўқотдинг. Посбон эмас, мард ўғлон Қалқонингни йўқотдинг.   Ахир ул давоми...

05:39 / 05.02.2017 6077
Бахтиёрлик ирсий омиллар ила таъсир қиладиган хусусиятдир.  Худди қондаги холестерин миқдорини давоми...

07:24 / 13.02.2017 4139
Бу боланинг бармоғини оғзига солиб, сўриб юриш одатидир. Бунда бола бармоғини оғзига солиб, сўнг лабларини давоми...

08:21 / 16.02.2017 2856
Ҳиммат бу бор имкониятни ишга солиб ҳаракатга тушиш, демакдир. Қадар эса Аллоҳ таолонинг илмига мувофиқ давоми...

06:16 / 28.03.2017 3699