Ийд куни одобларидан
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ!

Ҳаммаларингизга Ийди Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Барча ибодатларимизда биз учун энг гўзал намуна бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олганимиздек, ҳайит куни қиладиган амалларимизни ҳам у зот қилганларидек амалга оширишга ҳаракат қилайлик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни эрталаб ғусл қилардилар. Сўнгра чиройли кийимларини кияр ва хушбўйланар эдилар. Намозгоҳга чиқишларидан аввал бир нечта хурмо ердилар. Хурмони тоқ қилардилар. Агар хурмо топа олмасангиз, бирор ширинлик енг.

Намозгоҳга пиёда юриб, бир йўлдан борсалар, бошқасидан қайтиб келардилар. Ҳайитдан олдинги куни қуёш ботишидан бошлаб то ҳайит намози ўқигунларича такбир айтар эдилар. Аллоҳ таоло деди: «Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли Аллоҳни улуғлашингиз учундир» (Бақара сураси, 185-оят).

Такбирлари «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар ва лиллаҳил-ҳамд» эди. Бу такбирни уйда ҳам, кўчада ҳам айтиш суннатдир.

Намозгоҳга боришда ҳам, келишда ҳам шошмасдан, виқор билан, бировларга озор бермасдан юринг. Ҳаром нарсаларга қарашдан кўзингизни сақланг. Масжидга эртароқ бориб, аввалги сафларда намоз ўқишга ҳаракат қилинг. Намоз бошлангунига қадар такбир айтишда астойдил бўлинг.

Намоздан сўнг имомнинг хутбасига қулоқ тутинг, хутба тугагач, ён-атрофингиздаги мусулмон биродарларни «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам тоатларни қабул айласин», деб муборакбод этинг. Бу кунда ота-она, қариндош-уруғ ва ёр-биродарларни зиёрат қилиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳайитни чиройли қилиб, шод-хуррамлик билан ўтказиб олганингиздан кейин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Кимки Рамазон рўзасига Шавволдан олти кунни эргаштириб рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади», деган сўзларига биноан, Шаввол ойидан олти кун рўза тутинг. Бу рўзани тезроқ тутиб қўймоқчи бўлсангиз, ҳайитнинг иккинчи кунидан бошлаб тутишингиз мумкин. Биринчи ҳайит куни рўза тутиш ҳаромдир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар икки ҳайитнинг биринчи кунларида рўза тутишдан қайтарганлар. Бу олти кунни Шавволнинг кейинги кунларида тутса ҳам бўлади. Уни тутишда пайдар-пайлик шарт эмас. Рамазон рўзасидан қарзи бор опа-сингилларимиз, аввало, қарзларини тутиб, кейин Шаввол рўзасини тутганлари яхши.

Аммо қазоларини тутишлари сабабли Шаввол тугаб қолиш эҳтимоли бўлса, қазоларини кечиктириб, Шавволнинг олти кунини тутишлари афзал. Чунки Шаввол рўзаси фақат шавволда тутилади, уни қазо қилиб бўлмайди. Рамазоннинг қазосини келгуси Рамазонгача тутиб берсалар бўлаверади.

Парвардигоримиз Аллоҳдан бу улуғ айёмларни келгуси йилларда ҳам баракотлари ила бизга қайтаришини, ҳаммаларимизни кўп Рамазонларга соғ-саломат, мустаҳкам иймон-ла етказишини ёлвориб сўраймиз. Эй Аллоҳ, дуоларимизни қабул эт!

Абу Закариё ал-Маданий

Мавзуга оид мақолалар
Абдуллоҳ ибн Марзуққа кўп молдунё берилган эди. Бир куни маст бўлиб, ўйинкулгига берилиб, пешин, аср ва шом давоми...

13:53 / 12.02.2017 7395
Бизнинг оилада Мавлид  Ассалому алайкум ҳурматли муслимаат уз жамоаси Шундай имкон берганинглар учун давоми...

07:14 / 11.12.2017 3119
Оиламизда Мавлид Алҳамдулиллаҳ, Мавлид маросимини қариндошларимиз даврасида нишонлаш одатимизга кирган. давоми...

05:13 / 14.12.2017 3417
Хитойлик ҳожи Ҳаж ибодатини адо этишлик учун Макка шаҳрига велосипедда етиб борди     Хитойда истиқомат давоми...

15:28 / 11.03.2017 3913