Ихлос
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ихлос – амалларда ягона Аллоҳ таолонигина қасд қилишдир.

Баъзилар: «Тоатларда фақат Аллоҳ таолони қасд қилиш», дейдилар.

Яна баъзилар: Холиққа қарашнинг давомийлигидан халққа қарашни унутиб қўйиш, дея турлича таърифлар беришган. Ихлос  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига мувофиқ келган солиҳ амалнинг қабул бўлиш шартидир. Аллоҳ таоло бизга ихлосни буюриб шундай марҳамат қилган: Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажида шундай дедилар: «Менинг сўзимни эшитиб, ёдида сақлаб қолган кишини Аллоҳ неъматлантирсин. Гоҳида тушунган киши тушунтириб берувчи бўла олмайди. Уч нарса устига мўминнинг қалби хиёнат қилмайди: амални холис Аллоҳ учун қилиш; мусулмонларнинг имомларига насиҳат қилиш; уларнинг жамоатини лозим тутиш». (Баззо ва Ибни Хиббон ривояти) Бунинг маъноси, шу уч хислат билан қалб яхшиланади, булар билан хулқланса, хиёнат, фасод ва ёмонликлардан покланади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинади: «Динингда холис бўл, шунда оз амал ҳам сенга кифоя қилади».

Банда ҳам шайтондан фақат ихлос билангина қутулиши мумкин.

Яна ривоят қилинадики, солиҳлардан бири ўзига ўзи: «Эй нафс, холис бўл, халос бўл!» дер экан.Нафсларини роҳатлантирадиган, қалбларини ўзига мойил қилиб оладиган дунё насибасидан бирортаси, озми, кўпми, амал эшигини тақиллатса, унинг софлигига доғ тушиб, ихлоси кетади. Ваҳоланки, инсон дунё улушларига боғланиб қолган, шаҳватлари ичида ўралиб қолгандир. Камдан кам ишлари ва ибодатлари шу насибалардан ва дунёвий мақсадлардан холи бўлади. Шунинг учун айтади, «Кимга умрида бир лаҳза Аллоҳнинг юзи учун туриш насиб этса, нажот топибди».

Бу ихлоснинг буюклиги ва қалбни ҳар хил ғаразлардан поклашнинг қийинлиги учун айтилган гап. Зеро, ихлос қалбни бошқа барча ғаразлардан, озидан ҳам, кўпидан ҳам, токи фақат Аллоҳ таолога қурбат ҳосил қилиш ниятигина қолгунича ва шу амалга Аллоҳдан ўзга боис бўлмагунича поклаш демакдир. Бу нарса Аллоҳга муҳаббат этган ва охират ғамига ғарқ бўлган, қалбида дунё муҳаббати учун жой қолмаган мўминдан тасаввур қилинади. Ким бундай бўлмаса, ихлос эшиклари унинг учун ёпиқдир, фақат камдан-кам ҳолларда очилар…

Кимда Аллоҳнинг муҳаббати, охират севгиси ғолиб бўлса, одатий ишлари ҳам шу сифатни касб этади ва ихлосга айланади. Кимда дунё, олийлик ва риёсат, қисқаси Аллоҳдан бошқаси ғолиб бўлса, барча иш-ҳаракатлари шу сифатни касб этади ва на намози, на рўзаси тўғри бўлмайди.

Ихлосга эришиш йўллари нафс хоҳишларини кесиш, дунёдан тама қилишни тўхтатиш, то булар қалбга ўрнашгунича охират учун ажралиб чиқиш кабилардир. Мана шулар билан ихлосга етишиш осонроқ бўлади. Инсон қанча амални чарчаб, хориб бажаради, ўзича Аллоҳнинг юзи учун холис қилдим деб ўйлайди, аслида алданиб турган бўлади.

Салафлардан бири ҳикоя қилади: У намозни доимо биринчи сафда туриб адо этарди. Бир куни нимадир бўлиб, намозга кеч қолди ва иккинчи сафда туриб намоз ўқиди. Одамлар уни иккинчи сафда кўришганида нафсида хижолат ва уят туйди. Билдики, унинг биринчи сафда ўқиган намозидан олган лаззати ва қалбининг роҳати одамларнинг унга қараётгани сабабидан экан. Бу нозик, аммо қўпол хато. Кам амаллар бундай хатолардан холи бўлади. Кам инсонлар, Аллоҳ тавфиқ берганларгина бу нозикликлардан огоҳ бўладилар. Бундан ғофиллар қиёмат куни ҳасанотларини ёмонлик эканини кўрадилар.

Ихлос ҳақида айтилган хабарлар

Яъқуб дейди: «Ихлос қилувчи одам яхшиликларини ҳам ёмонликларини беркитгани каби яширадиган кишидир».

Сусий айтади: «Ихлос ихлосни кўришни йўқотишдир. Кимки ихлосида ихлосни кўрса, унинг ихлоси ихлосга муҳтождир». Бу ерда амални ужбдан поклашга ишора қилиняпти. Чунки ихлосга маҳлиё бўлиш, унга қараш ужбдир. Бу эса офатдир. Ихлос эса барча офатлардан покликдир.

Айюб дейди: «Амал қилувчиларга ниятни холис қилиш барча амаллардан ҳам қийинроқдир».

Баъзилар айтади: «Бир соат ихлос қилиш абадий нажот демакдир. Лекин ихлос жуда азиздир».

Суҳайлдан сўралди: «Нима нафсга энг қийинроқ?»

— Ихлос , чунки нафсга унда улуш йўқ.

Фузайл деди: «Инсонларни деб бирор амални тарк қилиш – риё. Инсонларни деб бирор амал қилиш ширкдир. Ихлос Аллоҳ сенга мана шу иккисидан офият беришидадир».

Абу Ҳомид Ғаззолий: «Ихлоснинг маъноси қалбни Аллоҳ таоло учун холис қилиб, унда ширкка ўрин бўлмаслиги ҳамда Аллоҳ қалбнинг маҳбуби, маъбуди ва мақсуди бўлмоғидир. Кимнинг ҳоли шундай бўлса, дунё унинг учун маҳбусхонадир. Чунки дунё уни маҳбубининг мушоҳадасидан тўсади. Ўлим эса маҳбусхонадан қутулиб, маҳбубнинг ҳузурига ташрифдир. Ягона маҳбубига шавқи зиёда бўлиб, маҳбуслиги узоқ давом этгач, маҳбусхонадан қутулиб, маҳбубининг ҳузурига қайтиб, абадий омонликка эришган кишининг ҳоли нақадар саодатли!»

Қалб касаллиги ва соғлигининг аломатлари

Қалб касаллигининг аломатлари:

Гоҳида қалб касалланиб, касали кучаяди ҳамки, қалб соҳиби буни билмайди. Ўлик қалбни ҳам эгаси қалби ўлганини сезмайди. Унинг касаллиги ёки ўлими аломатларидан бири шу қалб соҳиби маъсиятлар жароҳатидан оғринмайди, ҳақни билмаслиги, ботил ақидаси уни қийнамайди. Зеро, қалб тирик бўлса, ўзига кирадиган қабиҳ, хунук нарсалардан алам чекади. Ҳақни билмаслиги тириклиги қадар унга азият беради, баъзида касалланганини сезади. Аммо унга даволаниш малол келади, ўғриқ билан юришни муолажа машаққатидан устун қўяди.

Қалб касалланиши аломатларидан яна бири фойдали таомлардан зарарлиларига, фойдали дорилардан акси бўлган зарарли заҳарларга ўтиб кетишидир. Соғлом қалб фойдали шифо берувчи дорини азият берувчи заҳардан устун билади. Касал қалб бунинг аксидир. Таомларнинг энг фойдалиси — иймон таоми. Дориларнинг энг тез таъсири билинадигани — Қуръон дориси.

Қалб соғлигининг аломатлари:

Охиратга бориб етгунича бу дунёдан мусофир бўлиб ўтиш, худди бу дунёдан ҳожатини олиб, яна ўз ватанига қайтиб кетадиган кишидек яшаши. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга айтганларидек: «Дунёда ғариб мусофир ёки йўлдан ўтиб кетувчи киши каби бўл». (Бухорий ривояти)

Қалб сиҳатининг аломатларидан яна бири – унинг тўхтамай соҳибига танбеҳ бериши, то Аллоҳга йўналиб, Унга қайтгунича, ошиқ маҳбубига ҳақиқий ишқ ила боғланганчалик боғлангунича, унинг шу севгиси бошқа нарсаларни севишдан беҳожат қилмагунича, Уни зикр қилиш бошқа нарсаларни эслашдан тиймагунича, Унинг хизматида бўлиш бошқаларнинг хизматидан тўсмагунича дашном бериши.

Қалб сиҳатининг аломатларидан яна бири – одатланган бирор солиҳ амали ёки бирор тоати ўтиб кетса, мол-дунёга ҳирс қўйган киши молини йўқотса чекадиган аламидан кучлироқ алам туйиши.

Қалб сиҳатининг аломатларидан яна бири – Аллоҳнинг хизматига худди оч киши таом ва ичимликка ошиққани каби ошиқишдир. Яҳё ибни Муоз розияллоҳу анҳу дедилар: «Ким Аллоҳнинг хизматидан мамнун бўлса, барча нарсалар унга хизмат қилишдан мамнун бўлади. Кимнинг кўзи Аллоҳ билан (сабаб) қувонса, барчанинг кўзи унга қараш билан қувонади».

Қалб сиҳатининг аломатларидан яна бири – ғами битта бўлиши, доимо Аллоҳ тоатида юриши.

Қалб сиҳатининг аломатларидан яна бири – вақтини зое қилмаслик учун вақтига молини қизғанадигандан ҳам кўпроқ қизғанчиқ бўлиши.

Қалб сиҳатининг аломатларидан яна бири – намозга киришган вақтда ғами ва дунёга боғлиқ ўйлари кетиши, намозда роҳат, кўз қувончи ва қалбининг масрурлигини туйиши.

Қалб сиҳатининг аломатларидан яна бири – Роббини зикр қилишдан чарчамаслиги, Унинг хизматидан малолланмаслиги, амалини тўғрилашга ҳаракатдан тўхтамаслиги, амалларида ихлос ва эҳсонга эътиборли бўлиши. Шулар билан биргаликда Аллоҳнинг унга неъматини мушоҳада этиб, Аллоҳнинг ҳақида қусрга йўл қўяётганини эътироф этиши.

Мавзуга оид мақолалар
Жаннат ва дўзах инсон етиб борадиган охирги манзиллардир. Инсон улардан бирига етгандан кейин, унда абадий давоми...

08:09 / 08.11.2016 11198
Ёмонликлар онаси ҳақида Қуръони Каримнинг «АлИсро» сураси 32оятида «Зинога яқинлашманглар Чунки бу давоми...

09:26 / 24.11.2016 4193
Савол Расулуллоҳ соллаллаҳу алайҳи васалламнинг бўйлари қандоқ эди         Жавоб Пайғамбарлар давоми...

05:01 / 05.12.2017 3407
2019 йил ҳаж мавсуми олдидан Маккадаги Масжидул ҳаром ва Мадинадаги Масжиди набавийда умумий тозалаш ва давоми...

10:08 / 13.07.2019 2005