Истихора дуоси
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Истихора» сўзининг луғавий таржимаси «яхшилик сўраш»дир. Бир банда бир ишни қилишга иккиланиб қолса, Аллоҳ таолодан унинг башоратини беришини сўрайди.

Жобирдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли ишларда истихора қилишни худди Қуръондан бир сурани ўргатгандек ўргатар эдилар: «Бирингиз бир ишни қилмоқчи бўлса, икки ракъат намоз ўқисин. Сўнг: «Аллоҳим! Сендан илминг билан яхшиликни сўрайман. Қудратингдан қудрат сўрайман. Улуғ фазлингдан сўрайман. Албатта, Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Сен биласан, мен билмайман. Сен барча ғайбларни ўта яхши билувчи Зотсан.

Аллоҳим! Агар бу ишдан динимда, дунёимда, ишимнинг оқибатида, тезида ҳам, кечида ҳам яхшилик борлигини билсанг, уни менга тақдир қилгин. Агар Сен бу ишдан динимда, дунёимда, ишимнинг оқибатида, тезида ҳам, кечида ҳам ёмонлик борлигини билсанг, уни мендан, мени ундан бургин. Менга қаерда бўлса ҳам, яхшиликни Ўзинг тақдир қилгин ва мени рози қилгин», десин ва сўнг ҳожатини айтсин».

Шарҳ: Демак, бир ишни қилиш-қилмасликни билмай қийналган киши тунда, ётишдан олдин икки ракъат намоз ўқиб, шу дуони қилади. Кечаси туш кўриб, унда яхшиликка ишора бўлса, ўша ишни қилаверади. Агар ишора яхши бўлмаса, ўша ишни қилмай қўяверади.

Агар туш кўрмаса, эрталаб кўнгли равшан, хурсанд, кайфияти чоғ бўлиб уйғонса ҳам, ўша ишни қилаверади.

Кўнгли хижил бўлиб, ёмон кайфиятда уйғонса, бу ишни қилмайди. Биринчи куни ўқиганда бўлмаса, иккинчи куни ўқийди. Бўлмаса, бирор ишора бўлмагунча ўқийверади.

Истихора ғойибни билишга ҳаракат қилиш эмас. Истихора ғойибни ўта яхши билувчи Аллоҳ таолодан тазарруъ ила яхшиликка эришишни сўрашдир. Истихора қилувчи одам уни ғойибни билиш воситаси дея эътиқод қилиши мумкин эмас. Балки у истихорани яхшилик сўраш воситаси деб эътиқод қилиши керак. Инсон ғойибни билмайди ва билиши мумкин ҳам эмас.

Шайх Камолуддин Замилконий айтади: «Икки ракъат истихора намозини ўқиган одам кейин нимани истаса, шуни қилаверсин. Кўнгли ёришиши шарт эмас. Кўнгли ёришса ҳам, ёришмаса ҳам – бари бир. Зотан, ҳадисда кўнгил ёришиши шарт қилинмаган».

Истихора ортидан фойда ёки зарар келадиган муҳим ишларда қилинади. Вожиб ёки мустаҳаб, ҳаром ёки ҳалолга ўхшаш нарсаларда қилинмайди. Оила қуриш, уй сотиб олиш каби ишларда истихора қилинади.

Бошқа нарсаларда кундалик дуоларнинг ўзи етади.

Ҳаж ёки умра каби яхшилик ишлардаги истихора уларни қилиш учун эмас, қачон қилиш ишорасини олиш учун бўлади.

Истихора дуоси ташаҳҳуддан кейин, саломдан олдин ўқилади. Сўрайдиган нарсасини тасаввур қилса ҳам етади.

Жобир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда – Фатҳ масжидида душанба куни, сешанба куни ва чоршанба куни дуо қилдилар. Бас, чоршанба куни икки намознинг ўртасида ижобат қилиндилар.

Шундан кейин мен қачон бир оғир иш қилмоқчи бўлсам, ўша вақтни пойлаб, чоршанба куни, икки намознинг ўртасида дуо қиладиган бўлдим. Албатта, ижобат билдим».

Шарҳ: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ривоятда келган дуолари Аҳзоб урушида бўлган. Фатҳ масжиди ғарб тарафдаги Силаъ тоғининг тепаликларидан бирида бўлган. Уни Аҳзоб масжиди ҳам дейилади.

Ўшанда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам тинимсиз дуо қилдилар. Ушбу ривоятда келганидек, чоршанба куни у Зотнинг дуолари қабул бўлди.

Аллоҳ таоло душманларга қишнинг совуқ кечасида ўта совуқ шамол юборди. Шамол душманнинг чодирларини, қозонларини учириб кета бошлади. Улар енгилиб, ортга қочишга турдилар.

Чоршанба куни икки намознинг ўртасидаги дуолар ҳам қабул бўлар экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дуолари қабул бўлганини кўрган саҳобалар шу дуонинг қабул бўлиш шартларини ўрганиб олиб, ҳаётларида бунга амал қилган эканлар.

Ҳозиргача ҳам илмли ва аҳли фазл кишилар ўзларининг муҳим ишларини чоршанба куни бошлайдилар ва аҳамиятли дуоларини ҳам ўша куни қилиш пайидан бўладилар.

Анасдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдим. Бир киши: «Ё Бадийъас-самаваати! Ё Ҳаййу! Ё Қайюм! Албатта, Сендан сўрайман...» деди.

«Бу нима ила дуо қилганини билдингизми? Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у Аллоҳнинг, агар дуо қилинса, албаттаЗ ижобат бўладиган исми билан дуо қилди», – дедилар».

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги дуонинг маъноси қуйидагича:

«Эй осмонларни йўқдан бор қилган Зот! Эй барҳаёт Зот! Эй доим бор бўлиб, қоим бўлиб турувчи Зот! Мен Сендан сўрайман...»

Демак, мана шундай сифатларни айтиб қилинган дуолар ҳам ижобат бўлар экан. Бу ҳадисда ҳам саҳобаи киромнинг ўз лафзлари билан қилган дуолари келтирилмоқда. Бундай дуони ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам тасдиқ қилган эканлар.

Аллоҳ таолонинг, агар дуо қилинса, албатта, ижобат бўладиган исмини Исмул Аъзам дейилади. Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан қай бири айнан Исмул Аъзам экани ҳақида уламоларнинг қирқ хил гапи бор. Имом Суютий бу ҳақда алоҳида китоб тасниф қилганлар.

Ҳофиз Ибн Ҳажар: «Санад жиҳатидан энг кучлиси: «Аллоҳу лаа илааҳа илла ҳувал Аҳад ас-Сомад. Аллазий лам ялид, ва лам йулад. Ва лам якун лаҳу куфуван аҳад», деган.

Шавконий: «Менимча, Исмул Аъзам – Лаа илааҳа илла ҳувал Ҳайюл Қайюм», деган.

Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинади:

«Абу Бакр розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Менга намозимда қиладиган дуони ўргатиб қўйинг», – деди.

«Аллоҳим! Мен ўзимга ўзим кўп зулм қилдим. Гуноҳларни Сендан ўзга мағфират қилувчи йўқ. Ўзинг мени Ўз ҳузурингда мағфират қилгин. Албатта, Сен кўп мағфират қилувчи ва раҳимли Зотсан», дегин», – дедилар».

Шарҳ: Бу дуо намознинг қаерида ўқилиши айтилмаган. Уламолар таъкидлайдиларки, намознинг икки жойида дуо ўқиш афзал бўлади. Биринчиси: саждада, иккинчиси: ташаҳҳудда. Бу ҳақда саҳиҳ ривоятлар келган.

Бу дуода банданинг ўз нуқсонларини тўла тан олиши бор. Шунингдек, унда инъомнинг энг олийини сўраш ҳам бор. Мағфират гуноҳларни беркитиш ва ўчиришдан иборатдир. Раҳмат эса яхшиликларни етказишдан иборатдир.

Мавзуга оид мақолалар
   Аёл гўзаллик, садоқат ва меҳрмуҳаббат рамзи. Аёл бу, меҳрибон она, садоқатли умр йўлдош, оқибатли опа ё давоми...

03:36 / 14.02.2017 7528
Пайғамбар оиласи Мадинаи мунаввара ва Пайғамбар оиласи Масжиди Набавиййага ёндош қурилган Пайғамбар давоми...

06:12 / 11.12.2016 3976
 Оҳ, мусибатимда ҳамдардим, Устозим Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳу ва давоми...

14:12 / 05.02.2017 6231
Ва фаришталарга, набийларга ва пайғамбарларга нозил қилинган китобларга иймон келтирамиз ва албатта, улар давоми...

07:19 / 08.11.2016 3133