Исро кечаси ҳақида
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида эллик вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра қисқартирилиб, беш вақтга келтирилди. Кейин эса:

«Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда гап ўзгартирилмайди. Албатта, сенга ушбу бештада элликтанинг (ажри) бор», деб нидо қилинди».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Шарҳ: Исро кечаси ҳақида «Ал-Исро» сурасида баён этилади. Бу ҳодисани муфассал баён қилинган ҳадиси шарифлар ҳам кўп, ҳаммаси, иншааллоҳ, ўз ўрнида ўрганилади. Ҳозир эса маълумот учун қисқача қилиб, қуйидагиларни билсак кифоя:

«Исро»нинг луғавий маъноси «кечаси сафар қилиш»дир.

Шариатда эса «Аллоҳ таолонинг амри ила Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кечаси Буроққа миниб, бир зумда Маккаи Мукаррамадан Байтул Мақдисга сафар қилишлари тушунилади.

Бу ҳодиса баъзи ҳанафий уламоларининг таҳқиқ қилишларича, ҳижратдан бир ярим йил олдин, Рамазон ойининг ўн еттинчи куни содир бўлган.

Сўнгра Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Байтул Мақдисдан осмонга – Меърожга олиб чиқилганлар. Ўша ерда Аллоҳ таоло билан суҳбат бўлган. Кунига эллик вақт намоз фарз қилинган. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтаётганларида Мусо алайҳиссаломга дуч келганлар ва у киши:

«Аллоҳ сенинг умматингга нимани фарз қилди?» деб сўраганлар. У Зот:

«Эллик вақт намозни», деганлар.

Мусо алайҳиссалом:

«Роббингга қайт. Умматинг бунга тоқат қила олмайди», деганлар.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузурига қайтиб, намозни камайтиришни сўраганлар. Аллоҳ таоло бир оз камайтирган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мусо алайҳиссаломнинг олдиларига қайтганларида у киши яна олдинги гапларини айтганлар. Шундоқ қилиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бир неча бор бориб қайтганларидан сўнг, Аллоҳ таоло намозни беш вақтга туширган ва:

«Эй Муҳаммад, албатта, Менинг ҳузуримда сўз ўзгартирилмас. Албатта, сенга мана шу бештада элликтанинг (ажри) бор», деган.

Мусо алайҳиссалом яна қайтишни таклиф қилганларида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Роббимдан уяламан», деб қайтмаганлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Намознинг Аллоҳ таоло томонидан фарз қилингани.

2. Намоз Исро кечасида фарз қилингани.

3. Намоз аввал эллик вақт фарз қилиниб, кейин беш вақтга туширилгани.

4. Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги сўз ўзгартирилмаслиги.

5. Ислом умматига Аллоҳ таоло меҳр кўрсатиб, беш вақт намозига эллик вақт намознинг ажрини бериши.

6. Ислом осонлик дини экани. Аввал эллик вақт намоз фарз қилиниб, кейин беш вақтга қисқартирилиши ана ўша осонликни бандаларга эслатиб туриш учундир.

Демак, беш вақт намозни янада чин ихлос билан ўқимоғимиз керак.

Мавзуга оид мақолалар
Маълумки, 2018 йилнинг 46 кунлари Наманган вилояти бўйлаб Қуръон қироати мусобақаси бўлиб ўтиши кўзда тутилган. Биз Муслимаат.уз сайти жамоаси Наманган шаҳридаги давоми...

06:21 / 04.02.2018 2637
embedhttpswww.youtube.comwatchvj9FsMvJj9Uembed Ошхонамизга хуш келибсиз Бугун сиз билан уй шароитида лаваш тайёрлаймиз. Бунинг учун қуйидаги масаллиқлар товуқ гўштининг кўкрак давоми...

10:45 / 19.03.2017 37646
Ассалому алайкум, шайx ҳазратлари, илтимос, маслаҳат берсангиз. Биз уйда бироз қурилиш қилган эдик, шунга онам деворнинг бир чеккасига исириқ, тош ва кўзмунчоқ осиб давоми...

07:40 / 09.12.2016 3840