Ишончли “дори”

0 102

Ҳар қандай хасталикнинг энг биринчи давоси — сабр дорисидир. Сабр — малҳамларнинг энг ишонарлиси. Дорихонадан харид қилган дорингиз шифо берадими ё йўқми, билмайсиз. Бу олганингиз бир дардингизга шифо бериб, иккинчисини уйғотиши эҳтимоли ҳам бор. Аммо сабр дорисида бундай хатар йўқ. Сабрни моддият ва маънавият устуни, десак ҳам, янглишмаймиз. Уни асрамай, йиқилишига йўл қўйилса, моддият ҳам, маънавият ҳам йиқилади.
Ҳикоят қилишларича, ҳазрати шайх Юсуф ибн Ҳусайн Розий (қ.с.) Исми Аъзамни ўрганмоқ учун Мисрга – Зуннун Мисрий ҳазратлари ҳузурларига бордилар. Салом бердилар. Зуннун ҳазратлари алик олдилар. Сўнг Юсуф ҳазратлари бир гўшада ўтирдилар.
Бир йилдан сўнг Зуннун ҳазратлари сўрадилар:
– Бу йигит қаердан?
– Раъй шаҳридан, – деб жавоб бердилар.
Ҳазрати Юсуф яна бир йил кутиб, ибодат билан машғул бўлдилар.
Бир йил ўтиб, Зуннун ҳазратлари сўрадилар:
– Бу йигит нечун келмиш?
– Шайхнинг (яъни, сизнинг) зиёратига келган, – деб жавоб бердилар.
Орадан яна бир йил ўтди. Зуннун ҳазратлари тағин жавоб бермадилар.
Бир йилдан сўнг у зот сўрагандилар, ҳазрати Юсуф:
– Ҳожатим – Исми Аъзамдир, – дедилар.
Зуннун ҳазратлари бир чаноқнинг (сопол товоқчанинг) оғзини ёпиб боғлагач, Юсуф ҳазратларининг қўлларига бердилар-да:
– Нил дарёсидан ўт ва бу чаноқни шайхинг ҳазратларига бер. У киши сенга не десалар, шуни тутгин, – дедилар.
Юсуф ҳазратлари чаноқни олиб, Нил дарёсининг соҳилига бордилар. Чаноқ ичида бир нарса қимирлади. “Ажабо, нима экан?” деб қизиқиб, идиш оғзини очдилар. Бир сичқон бор экан, чиқди-ю қочди. Юсуф ҳазратлари бу муаммони англамай, ҳайратда қолдилар.
Дарёдан ўтдилар-да, ҳазрат шайхлари даргоҳига салом бериб кирдилар. Бўш чаноқни у зотнинг олдиларига қўйдилар. Ҳазрати шайх буни кўриб табассум қилдилар ва дедиларки:
– Сен Зуннундан Исми Аъзамни истадинг, у зот сенинг сабрсизлигингни кўрдилар. Сичқонни сенга бердилар. Сен бир сичқонни сақлай олмадинг. Исми Аъзамни нечук сақлай билурсан?
Юсуф ҳазратлари ғоят хижил бўлиб, Зуннун ҳазратларининг ҳузурларига қайтиб келдилар. Ул ҳазрат айтдиларки:
– Кеча тунда Ҳақ таолога муножот қилиб, Исми Аъзамни ўргатайин, деб етти марта изн сўрадим. “Ҳали вақт келмади”, деб билдирилди. Ўз вилоятингга бор, рухсат бўлгунига қадар яна сабр қил.

Яна бир ҳикоятда айтилишича, ҳазрати шайх Усмон Хайрий ғоят мутавозеъ, салими нафс, сабр-чидамли эдилар. Бир мункир ул зотни таклиф этиб, уйига қадар олиб борди. Эшигига етгач:
– Томоғинг учун бир итдек менга эргашиб келдинг, уйимда ҳеч вақо йўқ, – деб ҳақорат қила-қила ҳайдади.
Ул зот ҳақоратга жавоб бермай, изларига қайта бошладилар. Бир неча қадам босган эдилар, мункир:
– Орқангга қайт! Уйимда таом бор экан, – деди.
Усмон ҳазратлари қайтдилар. Мункир уйга олиб кириш ўрнига бу гал ҳам ҳақорат қила бошлади:
– Итни ҳайдаса кетади, илло, сен кетмайсан. Уйимда ҳеч вақо йўқ!
Усмон Хайрий ҳазратлари индамай орқаларига бурилдилар. Мункир яна чақирди. Яна қайтдилар. Нақлдирки, шу зайлда у ўттиз марта чақириб, ўттиз марта ҳайдади. Ҳазрат ҳар гал индамадилар ва кўнгиллари малул бўлмади. Ўттиз биринчи мартасида мункир ул зотнинг сабр ва тавозеъларини, ҳалим ва салимликларини кўргач:
– Султоним, густоҳлик қилдим! Сизни неча таклиф этиб, ҳайдадим, ҳеч ўзгармадингиз. Улуғлигингизни билдим, – деди-да, шайх ҳазратларининг оёқларига йиқилди, узр тилади, йиғлади.
Ҳазрати шайх (қ.с.) шунда тилга кириб дедиларки:
– Алдандинг, алдандинг! Менинг бу қилганимни бир ит ҳам қилар эди. Эранлар эса янада ортиқ бўлгайлар!
Мункир ул зотнинг қўлларини тутиб, тавба қилди ва мурид бўлди.
Ҳикоятдан мурод шуки, кишидаги сабр ҳатто мункирни тавбага олиб келади.

Рус адиби Лев Толстойнинг бир китобида шу воқеани ёдга солувчи ҳикмат келтирилади. Ёзилишича, икки роҳиб — Францис ва Лев қиш кунларининг бирида Перузадан Порстионкюл шаҳрига қараб борар эдилар. Ҳаво ғоят совуқ бўлиб, юпун кийимли роҳиблар аёздан титрардилар. Йўл юрар эканлар, Францис олдинроқда бораётган Левни чақирди:
– Биродарим Лев, барча биродарларимизнинг илоҳий ҳаётда ер юзи аҳлига ибрат бўлишларини Парвардигор насиб этсин. Аммо, сен ёзиб қўйгинки, комил қувонч шунинг ўзида эмас.
Яна бир оз юришгач, Францис ҳамроҳини чақирди:
– Биродарларимиз беморларни даволайдилар, адашганларнинг қалбларидан Иблисни ҳайдаб чиқарадилар, ожизларнинг кўзларига нур берадилар, ҳатто тўрт кунлик ўликни тирилтириб ҳам юборадилар. Аммо, биродарим Лев, сен ёзиб қўйгинки, чинакам комил қувонч фақат бунинг ўзида эмас.
Яна бир оз юришгач, Францис ҳамроҳини ёнига такрор чорлади:
– Биродарларимиз барча тилларни, барча илмларни, барча ёзувларни билишлари мумкин, келажакни башорат қилишлари билан иймон ва руҳ сирларини ҳам эгаллашлари эҳтимол. Аммо, биродарим Лев, ёзиб қўйгинки, чинакам комил қувонч фақат шундан иборат эмас.
Совуқда қақшаб бир оз юришгач, Францис биродарини яна чақирди:
– Агар бизлар фаришталар тилида сўзлашни ўрганиб олсак ҳам, юлдузлар ҳаракати сирларини эгалласак ҳам, дунёнинг барча хазиналари биз учун очилса ҳам, агар биз қушларнинг, балиқларнинг, хуллас барча жониворларнинг, яна дарахтлару, ҳатто сувнинг ҳаёти сирларини билсак ҳам, аммо, биродарим Лев, ёзиб қўйгинки, чинакам комил қувонч шу билан чекланмайди.
Аёзда дилдираган роҳиблар йўлда кетавердилар. Францис биродарини яна чақирди:
– Агар биз даъватчиларнинг энг яхшилари мақомига етишсак ҳам, барча кофирларни Исо йўлига ўтишларига сабабчи бўлсак ҳам, биродарим Лев, ёзиб қўйгинки, бу ҳам чинакам комил қувонч эмасдир.
Шунда Лев устозидан сўради:
– У ҳолда комил қувонч нимадан иборат?
Францис жавоб берди:
– Ҳадемай кўзлаган манзилимизга етамиз. Аёздан ва очликдан титраган ҳолда дарвозани тақиллатамиз. Ана шунда дарвозабон эшикни қия очади-да, ичкарига қўйиш ҳақидаги илтимосимизга жавобан бизнинг жиққа ҳўл ва лой уст-бошимизга қарайди-ю: “Ҳой дайдилар, дунё бўйлаб дайдиганларинг-дайдиган, тиланганларинг-тиланган, ҳеч тўясанларми ўзларинг?! Йўқолларинг!” деб бизни ҳайдайди. Ана шунда биз ундан ранжимасак, “Дарвозабон бизни ўз-ўзича ҳайдагани йўқ, Парвардигор шуни истаган эди ва шундай бўлди”, деган хулосага келсак, эрталабга қадар ҳам очликдан нолимай, совуққа бардош бериб, қор устида ётсак-да, дарвозабондан шикоят қилмасак, билгилки, комил қувонч айнан шундадир.
Ҳикоятдан мурод, аҳли китоблардан бўлмиш роҳиб айтмоқчики, шунча азобларга чидасак, сабр қилсак, Парвардигорга яқинлашамиз. Яратганга яқинлашишдан ҳам кўра зўрроқ қувонч бўлиши мумкинми?!
Ҳазрат Навоий айтганларидек:
“Сабр бор ерда айрилиқ ўтида куйганларга ғам йўқ,
Иштиёқ эгаларига ҳажр ўтида куйишдан алам йўқ”.
Қудсий ҳадисда шундай дейилади: “Эй бандаларим! Мен бандаларимдан биронтасининг баданига ёки боласига ёхуд мол-дунёсига мусибат юборсам, у Менинг мусибатимни сабр билан кутиб олса, Мен қиёмат кунида унинг номига тарози тикишдан ё амал дафтарини очишдан ҳаё қиламан (чунки унинг амаллари тарозига сиғмайди, Мен Ўз фазлу карамим билан амал дафтаридаги нуқсонларини беркитаман) ва азоб бермайман”.
Валийлар ҳаётига ибрат кўзлари билан қарасак, Ҳақ таолонинг балосига ва қазосига ризо бўлмоқлик уларнинг барча мақомларининг юқори мартабаси эканига гувоҳ бўламиз. Аллоҳнинг берган неъматларига шукр қилмоқ ва балоларига сабр қилмоқ – мана шу икки сифат валийлар ҳамда улуғларнинг мақомидир.
“Сўнар, ғам тушса ҳам озода эрга,
Ўчар, ўт келса хасдан холи ерга”.
Маъноси шуки, озода, яъни сабрли киши бошига бало-ю қазо ғами тушса, у йўқ бўлади. Буни хас йўқ ерга тушган ўтнинг сўнишида кўриш мумкин. Хуллас, сабрли киши бошига иш тушса ҳам, чидам ва тўзими билан уни йўқ қилади.

Хадичаи Кубро” ўрта-махсус
Ислом билим юртининг мударрисаси
Ғофурова Нигора

Баҳам кўринг

Leave A Reply