Онлайн-нусха: интернет бизни қандай ўзгартиради?
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Яқин кунларда бир дугонам билан баҳслашиб қолдик: интернетдаги “биз” ҳаётдаги “биз”га унчалик ўхшамайди. Бу айёрона онлайн-тизимлар бизни бошқача кўрсатади. Улар бизга хиёнат қилади, бизни ўзгартиради, бизни бирмунча яқин одамларга айлантиради. Эътибор берганмисиз, виртуал шахсият реал инсондан қанчалар фарқ қилади – аксар ҳолатда ёмон тарафга? Нима учун шундай бўлади? Жавоб бериш осон эмас. Менимча, бунда бир қанча омилларнинг ўрни бор.

Ҳақиқий ҳаётда мавзуни ўзгартириш учун сабаб-баҳоналар кўп. Анави қушчанинг учишига қара, мана бу қўшоёқнинг югуришини кўр, юр, бирга чой ичамиз... Атрофдаги воқеликка чалғиш осон бўлган пайтда диққатни баҳсга жамлаш қийин кечади. Бу эса яхши – шу тарзда жанжаллар босилади, низолар сўнади. Лекин ёзма нутқда, чатлар ва изоҳ (комментарий)ларда зиддиятдан қочиб бўлмайди. Агар баҳс учун асос бор бўлса, охиригача баҳслашмай қўймайсан. Ҳеч қандай қушчалар, қўшоёқлар чалғита олмайди сени. Назарий жиҳатдан баҳс учун мавзуси бор бўлган икки кишининг онлайн ёзишмасининг «жанг» билан тугаш эҳтимоли уларнинг реал учрашувидагига нисбатан анча юқори.

Иккинчидан: интернет – жамоат жойи. Сени ҳамма кўриб туради. Мусулмонлар риё билан қанчалар (муваффақиятли) курашмасин, уни бутунлай маҳв қилиш қийин. Сенинг ижтимоий тармоқдаги аккоунтинг – бу сенинг юзинг, оломоннинг ичида йўқолиб қолмаслик учун. Сен ўзинг ҳақингда энг яхши нарсаларни танлаб ёзасан, диний статусларни жойлайсан. Аёллар рўмолдаги расмларини ҳам қўядилар. Бу бир кичик ўйин, оломонга ўзини кўрсатиш, кўз-кўз қилиш. Сен у ерда ҳақиқий сендан кўра яхшироқ кўринасан. Ва, албатта, бу сезилади. Биз фейсбукдаги шинам профилимизда унчалик ҳам ҳақиқий эмаслигимизни ҳамма яхши тушунади.

Унутмаслик керакки, бирор блогни фаол юритиш (ҳатто твиттерда бўлса ҳам) бизга бевосита таъсир қилади. Ҳаёт тасвирлаш объекти бўлган жараён сифатида кўрина бошлайди. «Мана бу нарса ҳақида, ҳалиги ҳақида, яна ҳузур билан намоз ўқиётганим ҳақида ёзсам бўларкан», деб ўйлай бошлайсан, бошингни саждага қўйиб. Ҳа, мен бироз ошириб юбордим. Бироқ бу ҳақиқат: воқеликдаги ҳаётда тармоқда нима қилиш ҳақида анча кўп ўйлай бошладик.

Шунингдек, интернет нутқ услубига таъсир қилади. Смайликлар, қисқартмалар, интернет шеваси (слэнг) шахсиятимизни ўғирлайди. Ҳаётда сен фикрлари покиза, нутқи чиройли ёқимтой ва камтар қизалоқсан. Профилингда мушукчанинг расми остига кўпгина смайликларни жойлаб, одамнинг қалбини қитиқлайдиган қилиб «мимими» деб ёзиб қўйдинг. Энди ўйлаб кўр-чи, сенинг интернетга «ёпишиб қолган» «оддий» қизлардан нима фарқинг бор?

Яна бир нарса борки, уни тушунтиришим қийинроқ. Негадир интернетда биз кескинроқ гапирамиз, суҳбатдошимизнинг ёзганини ҳам қизиққонлик билан қабул қиламиз. Оддийгина «Билмайман!» ҳам «Бас қил, сен билан ортиқ гаплашишни хоҳламайман!» бўлиб эшитилади. Танқидни айтмаса ҳам бўлади. Риторик савол худди гап билан ташланишдек қабул қилинади.

Хулоса нима? Ўзим ҳам билмайман. Ҳозир интернетсиз яшаб бўлмайди: дарслар ўша ерда, илм ўша ерда, бутун дунё мусулмонлари ўша ерда, янгиликлар ўша ерда... Биз онлайнмиз, биз жараённи кузатиб турамиз. Қочиб қутулиб бўлмайди. Мен маслаҳат беришим мумкин бўлган нарса – агар суҳбатингиз дағаллашиб бораётганини сезсангиз ва бунда онлайн тарздаги суҳбат сабаб деб билсангиз, узунроқ жумлалар билан ёзинг (бу кескинликни юмшатади) ва мавзуни тез-тез алмаштиринг. Ва, албатта, жонли тарзда кўришиб туринг. Дўстларингиз интернетдан ташқарида онлайндагидан кўра яхшироқ.

 

Малика Умму Яҳё,

рус тилидан эркин таржима

Мавзуга оид мақолалар
Намоз адо этилувчи уй фаришталар маскани Савол Намозни тарк этишнинг зарари нималардан иборат Жавоб Намоз давоми...

03:02 / 17.03.2017 5363
embedhttpswww.youtube.comwatchvfTzZHUes764embed

08:20 / 27.10.2016 2966
Умра қилиш учун келган саудиялик 70 яшар аёл ажойиб воқеани бошидан кечирди. Онахон Сафо ва Марва ўртасида давоми...

10:17 / 05.12.2016 2835