Инсонийлик фазилатларини асранг!

0 2 611

 Ҳар бир инсоннинг бош миясида ҳайвонникидан фарқ қиладиган қуйидаги марказлар мавжуд. Уларда ақл-фаросат, танқид, уят, ёзишни билиш, гапира олиш, яхши ёмоннинг фарқига бориш, ўйлаш, хотирада сақлаш, шунингдек таҳлил қилувчи ва оқилона чора кўрувчи энг олий марказлар мавжуд. Мана шу марказлар билан инсон ҳайвондан фарқ қилади.

Инсон мукаррам қилиб яратилган. Дунёдаги барча мавжудотлар  инсон учун яратилган бўлиб, инсонга бўйсунади, инсонлар улардан озуқланади ва тўлиқ фойдаланади. Онадан эндигина туғилган жажжи чақалоқда ҳам биз юқорида айтиб ўтган марказлар мавжуд.

Аммо бу марказлар тезда ишламайди, аста-секин ривожланиб ишга  туша бошлайди. Шунинг учун онадан йиғлаб туғилган чақалоқ вақти келиб гапирaди, ташқи дунёга мослашиб боради. Уялади, ўз ишини ўзи бажаради, яхши-ёмонни фарқ қила бошлайди. Мактабга боради, ўқиш ва ёзишни ўрганади. Улғайган сари бу марказлар ишлаб, камолотга етади.

Агар бола ўқимаса, мактабга бормаса ёзолмайди. Демак, ёзиш маркази бўлса ҳам ишга тушмайди. Худди шундай саводи чиқиб,  илм олмаса, гапириш маркази кам ривожланади. Аксинча, яхши ўқиса, мукаммал ривожланади. Инсоннинг ёши улғайган сари бу марказларнинг вазифаси аста-секинлик билан пасайиши мумкин, аммо йўқолмайди.

Савол туғилади: қандай омиллар инсон учун хос бўлган бу марказлар фаолиятини издан чиқаради? Турли хил хасталиклар, лат ейиш, шамоллаш, инфекциялар ва бош мия қон томирлари фаолиятининг бузилиши (инсульт) ёки шамоллаши (инсофалит) бунга сабаб бўлиши мумкин. Болаларда кўп учрайдиган ДСП касали (болалар мия параличи) ва лат ейиш натижасида мияга қон тушиб, юқорида айтиб ўтган беш марказнинг фаолиятини бузиши мумкин. Худди шундай инсульт касалига учраган бемор гапира олмаса, демак, унинг гапириш маркази эсдан чиққан ҳисобланади. Биз бу ҳақида кўп тўхталиб ўтмаймиз.

Ҳозирги вақтда инсоният бошида офат бўлиб турган кашандалик, ичувчилик ва гиёҳвандлик каби зарарли одатлар ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. Бу уч хил иллатга ружуъ қўйган  инсонлар аста-секин  ўрганиб қолгач, ичмасдан ва чекмасдан тура олмайдиган бўлиб қолади. Натижада бу зарарли иллатлар юрак, буйрак, жигар ва шу каби аъзолар фаолиятини бузиб, бутун танадаги ички органларнинг физиологик фаолиятини емира бошлайди. Бунга йўлиққан инсонлар оғир касалликка дучор бўлиб, соғлигини йўқотиб, касаллик азобини чекиб, касалликка мубтало бўлганлиги сабабли умри қисқаради ва кўп яшамайди. Бу хусусда қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

  Ҳузуримга жигар, буйрак, юрак ва бошқа хасталиклардан шифо излаб келганларнинг аксариятини текшириб, ташхис қўйганимда, бу касалликлар сурункали спиртли ичимликларни ичишдан келиб чиққанлигини аниқладим.

Бемордан: «Ичасизми?»,- деб сўрасам, «йўқ ичмаганимга кўп бўлди,»- дейди. «Авваллари ичганмисиз?» деб яна сўрайман. Бемор олдинлари кўп ичганлигини таъкидлайди. Мана шу касалнинг ҳозирги аҳволи ва ўтмишини таҳлил қилиб кўрайликчи? Жисмоний жиҳатдан кучли бу одам кўп йиллар давомида ичкиликка берилиши сабабли спиртли ичимликлар биринчи навбатда унинг жигарини ишдан чиқарган.

Бизнинг ҳамма еган ичганларимиз ичак орқали сўрилиб, биринчи жигарга боради. Жигар буларнинг ҳаммасини заҳарли нарсалардан тозалаб, қонга ўтказади. Агар ичкиликка ўхшаш заҳарли моддалар кетма-кет жигарга бораверса жигар чарчайди. Жигар ҳужайралари ўзгаради ва ҳалок бўлади. Ўлган бу ҳужайраларнинг орасига қўшимча тўқима (чандир) мой моддалари ўтириб, жигарни қиса бошлайди. Ичиш сурункали давом этгани сари жигар ҳужайралари кўпроқ ҳалокатга учраб, унинг ҳизмати тамоман бузилади. Натижада жигар қуриши, церроз касалини келтириб чиқаради. Церроз жиддий касаллик бўлиб, беморнинг қорнида сув йиғилади, уни оғир аҳволга солиб қўяди. Бунинг энг ёмони шуки, баъзи беморлар то сув йиғилгунча билмай қолиши мумкин. Чунки жигар қаттиқ оғримайди, фақатгина танани қувватсизлантириб, бепарво қилиб қўяди. Бемор даволаниш имкониятидан маҳрум бўлиб қолиши мумкин. Даволанишга кеч келган беморлар жуда кўп учрайди. Ичкилик жигардан бошқа бутун организмга ҳам салбий таъсир қилиши мумкин. Қон томирларини қотиради. Унинг юмшоқлигини йўқотади. Натижада юрак, буйрак ҳамда бош мия  оғир касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Жигар касаллиги хусусида тўхталганимизда жигарнинг тузилиши, унинг хизмати хусусида билишимиз шарт. Жигар организмда энг муҳим аъзо бўлиб, организмга кирган ҳар бир керакли ва кераксиз моддалар, микроблар, унинг заҳарлари шу қаторда уч иллатнинг заҳари ҳам қон орқали жигарга ўтиб, у орқали тозаланиб, танага сингийди. Соғлом жигар озиқ моддаларни ҳар қандай заҳарлардан тозалаб (фильтрлаб) бутун танага етказиб беради. Агар заҳарли моддаларнинг миқдори кўп бўлса ёки сурункали жигарга кириб, унинг ҳизматига босим берса, у албатта буни тозалашдан чарчаб яхши ишламай қолиши мумкин. Натижада унинг хизмати бузилиб, касалликка дучор бўлиши ҳеч гап эмас.

Жигар касалини келтириб чиқарадиган учта сабаб бор. Биринчиси, вируслар томонидан юқадиган жигар яллиғланиши, буни оммавий тилда сариқ касаллиги деб айтишади. Вирусларнинг тури бир неча хил бўлиб, ҳар қандай вирус бўлишидан қатъий назар жигарга ўрнашиб олгандан сўнг, унинг хизматини тезда бузиши натижасида жигардан ишлаб чиқарилган ўт ичакка тушмасдан қонга ўтиб, бутун баданни сарғайтириб ташлайди. Бадани сарғайган беморнинг ўт моддаси сийдик орқали чиққанлиги учун бемор қизил рангда пешоб чиқаришни бошлайди. Шунингдек, ичакка ўт тушмаганлиги сабабли, ахлат оқ рангга айланади. Шунинг учун ҳам уни сариқ касаллиги деб айтилади.

Агар бемор яхши даволаниб, парҳез қилиб, шифокор тавсияларига риоя қилса, жигарнинг фаолияти аввалги ҳолига қайтиб, сариқ касаллигидан халос бўлиши мумкин. Организмнинг қаршилик кучи касаллик тарқатувчи вируслар устидан ғалаба қозониб, аста-секинлик билан жигар фаолияти қайта тикланиши натижасида танадаги сариқлик кетиб, пешоб ва ахлати ўз ҳолатига қайтиши мумкин. Аммо шуни яхши билиш керакки, бу ҳолат жигар бутунлай соғаяди дегани эмас. Шунинг учун инсон неча ёшда бўлишидан қатъий назар жигар юқумли касаллигига чалинган бўлса, жигар ичида ярим ўлик ҳолатда ётган вирусни унутмаслиги керак. Умр бўйи жигарни асраш лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, спиртли ичимликлар жигарнинг энг катта душманидар. Агар аввал бошдан сариқ касаллигини ўтказган бемор ичкиликка берилса, бу заҳарли ичимлик жигар ичида ярим ўлик ҳолатда ётган вирусларни қўзғатиб, аста секин жигар касаллигини, ҳатто даҳшатли жигар церрози хасталигини келтириб чиқаришининг эҳтимоли жуда ҳам катта. Ким жигар касаллигига мубтало бўлса, умр бўйи уч иллатдан, айниқса, спиртли ичимликларни ичишдан ўзини сақлаш лозимдир.   

 Кекса шифокор ўгитлари китобидан

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply