Имрон

0 141

Имрон – шаҳарнинг кўзга кўринган оилаларидан бирида катта бўлган йигит. Ота-онасининг эркатойи. Ҳар доим унинг талаби дарров қондирилган. Атрофида эса бебош дўстлари тўпланар ва Имроннинг, аниқроғи, унинг отасининг пуллари эвазига кўча-кўйда шўхликлар қилишар эди. Ота ўғлининг бу ҳолатидан бир оз бўлса-да, хавотирланар, аммо ёлғиз фарзанд бўлгани учун барча истакларини амалга оширарди.

Шу зайлда кунлар, ойлар ўтди. Вақт ўтган сари Имроннинг жоҳиллиги ортиб борди. Енгилтак қизлар, ахлоқсиз дўстлар ичида гуноҳларга ботган Имронни ҳеч ким ва ҳеч нима бу йўлдан қайтара олмасди. Ота-онасининг ҳам сўзларини қулоққа олмайдиган бу йигит фақат ўз ҳолича яшарди. Отасининг қистови билан Имрон баъзида жума кунлари масжидга борар, ўлда-жўлда намозини ўқиб, яна дўстлари томон ошиқарди.

Кунларнинг бирида нима бўлди-ю, жондан азиз дўстларини йўқотиб қўйди. Аксига олиб, ёнида қўл телефони ҳам йўқ эди. Нима қилишини билмай, пиёда шаҳар айланишга қарор қилди. Шаҳарнинг марказий кўчаларидан бирида кетиб борар экан, олдинда кетаётган бир қизга кўзи тушди. Бу қиз Имрон билган қизлардан тубдан фарқ қилар, на либосда, на юришда, на ахлоқда уларга ўхшамас эди.

Имрон қизни кузатишни ният қилди ва ортидан юрди. Қиз йўлида учраган барча ёши улуғларга салом берар, жажжи болажонларни кўрса, уларни эркаламай ўтиб кетмасди.

Қиз юриб бориб, шаҳарнинг энг нуфузли кутубхоналаридан бирининг эшиги томон юзланди. Имрон ҳам эшик олдига келди-ю, бир муддат туриб қолди. Ундаги жаҳолат қаршисида маърифат эшиги турарди. Ташқарида қолишни ихтиёр қилди-ю, лекин нимадир уни ичкари томон тортди.

Имрон кутубхонага кириб, қизни қидира бошлади. Қиз эса ўқиш учун китоб олиб, инсонлар камроқ жойга бориб ўтирди. Кутубхона катталиги сабаб йигит бир зум довдираб қолди. Ходимнинг жиддий қарашидан чўчиган Имрон учраган китобни қўлига олди-ю, ўтириш учун юриб кетди. Ҳа, мана у қизни топди. Бориб, қиз уни кўрмайдиган, аммо Имрон қизни кўрадиган жойга бориб ўтирди. Қизга термулиб ўтирар экан, қилаётган бу иши гуноҳ экани ёдига тушди. Неча йиллар гуноҳ-у маъсиятга ботган бу йигитга қандайдир ғайбий куч тўсқинлик қиларди. Қўлидаги китобни очиб ҳам кўрмади.

Бир муддатдан сўнг қиз китобни ёпиб, ўрнидан турди ва юриб кетди. Имрон ҳам ортидан борди. Қиз китобни жавонга қўйиб, кутубхонадан чиқиб кетди. Имрон ҳам ортидан чиқмоқчи бўлди. Аммо уни кўпроқ қиз ўқиган китоб қизиқтириб қўйди. Жавондан айнан ўша китобни олди. Не кўз билан кўрсинки, китоб устига «Қуръони карим оятлари маъно таржимаси» деб ёзилган эди. Қиз ўтирган жойга бориб ўтирди ва белгиланган бетни очиб, ўқий бошлади. У оятлар кетма-кетлигини ўқиб борар экан, ҳаётидаги чиркин ўтмиши учун ич-ичидан йиғлай бошлади. 

«Ва, батаҳқиқ, Биз улардан олдингиларни ҳам имтиҳондан ўтказганмиз. Бас, Аллоҳ, албатта, содиқ бўлганларни ҳам билажак, ёлғончиларни ҳам билажак. Ёки ёмонликларни қиладиганлар Биздан қочиб қутулишни ўйлайдиларми? Қилган ҳукмлари қандай ҳам ёмон-а?! Ким Аллоҳга рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, албатта, Аллоҳ белгилаган вақт келгувчидир. У ўта эшитгувчи ва ўта билгувчидир» (Анкабут сураси, 3–5-оятлар).

Оятлар унинг қалбига худди камон ўқидек кириб борарди. У Қуръонни ўқийверди, ўқийверди… вақт ўтиб кетганини сезмай ҳам қолди. Кутубхоначи Имроннинг олдига келди ва кутубхона ёпилишини айтди. У эса кўз ёшларини артганича китобни ёпди ҳамда жойидан қўзғалди.

Йўлда кетиб борар экан, йигит ўзини умуман бошқа оламга тушиб қолгандек ҳис қиларди. Имроннинг қалбини ажиб бир ҳис, яъни ҳидоят чулғаб олган, аммо бошқа тарафдан эса гуноҳлари сабаб қўрқинч уйғонган эди. Ҳа, бу қалбда чинакам хавф ва ражо пайдо бўлганди.

Уйига яқинлашганда йўлда дўстлари унга рўбарў бўлишди. Имронни ҳорғин ҳолда кўрган йигитлар унинг ёнига яқинлашишди ва:

– Ҳа, дўстим, хафа кўринасан? Ёки биздан ранжидингми? – деди бири.

Бошқаси эса кулимсираб:

– Энди бир сафар чақирмаганимизга дарров аразладиларми? – деди.

Имрон уларнинг гапларига эътибор бермай, йўлида давом этаверди. Бу ҳолатдан ҳайрон қолган йигитлар аламда унинг ортидан кинояли гаплар қила бошладилар. Имрон шунда ҳам уларга нисбатан беэътибор эди. Шунда улардан бири:

– Майли, бойвачча, отангнинг пули тугагач, гаплашамиз, – деди.

Имрон эса бу гапдан кейин ортга қайтди ва уларга юзланиб:

– Раҳмат сизларга, йигитлар. Агар бугун ҳам сизлар билан бирга бўлганимда, билмадим, ҳолим не кечарди?! – деди-да, уйига кириб кетди.

Шу зайлда чуқур ўйга толган Имрон туни бўйи ухлай олмади. Турли хил хаёллари орасида ўралашиб қолган Имронни муаззин овози бир оз чўчитиб юборди. Аммо жон қулоғи билан азонни эшитди. Азон тугагач, хаёлини йиғди-ю, таҳорат олиш учун ўрнидан турди. Сўнг тезда кийиниб, масжид сари йўл олди.

Бомдодни жамоат лаззати билан ўқиб бўлгач, кутубхона сари юрди. Ҳали очилишига анчагина вақт бўлишига қарамай, кутубхоначи ҳам бомдоддан кейин тўғри ишга келган экан.

Имрон кутубхонага келишни кунлик одат қилиб олди. Ҳар куни манзилига ошиқар, кўп-кўп китоб ўқир, тобора Роббисини таниб, У Зотга яқинлашар эди.

Олдинги чиркин ҳаётидан асар ҳам қолмаган Имронни бошқа бир нарса хавотирга соларди. Яъни, унинг саодату ҳидоят йўлига юришига, гуноҳларни тарк этишига ва Роббисини танишига сабаб бўлган ўша қиз шунча вақт ўтса ҳам, бирор маротаба кутубхонага келмаган эди.

Кунларнинг бирида Имрон одатдагидай кутубхонада мутолаа билан банд эди. Ёнига кутубхоначи яқинлашди ва унга қарата:

– Билишимча, илмга ўта чанқоқсиз. Буни ўтган вақт давомида кузатдим. Сизга бир насиҳатим бор: китоб устоз бўла олмаслиги илмдаги олтин қоидадир. Сиз, яхшиси, бир олим зотга шогирд тушинг. У кишини маҳкам тутиб, айтганларини қилинг. Шунда, Худо хоҳласа, ҳақиқий илм эгасига айланасиз, – деди.

Имрон эса:

– Мен қаердан топаман сиз айтган инсонни? – деб сўради.

Кутубхоначи бу юртнинг забардаст уламоларидан бирининг уй манзилини берди. Имрон шошганича кутубхонадан чиқиб кетди.

Манзилга етиб боргач, эшик қоқди. Ичкаридан олимнинг шогирдларидан бири эшик очди ва хуш кайфият ила:

– Келинг, нима хизмат? – деб сўради.

Имрон йигитга келгани сабабини тушунтирган бўлди. Шогирд эса бир муддат кутиб туришини ва у ичкарига кириб, устозидан рухсат олишини айтди.

Бир оздан сўнг шогирд чиқиб, Имронни ичкарига таклиф этди. Уйга кирар экан, Имрон ҳеч қачон сезмаган файзни ҳис қилди. Хонадон ҳашаматли эмас, аммо жуда шинам ва кўркам эди.

Шогирд унга бир эшикни кўрсатиб, хонага киришига ишора қилди. Ичкарида Имроннинг истиқболига олим зот чиқди. Унинг ҳайбати-ю салобатидан ўзини йўқотган Имрон паст овозда, базўр ҳолда салом берди. Салом-аликдан кейин бир оз ўзига келган Имрон бошидан кечирганларини сўзлаб берди. Уни диққат билан эшитган олим ҳолатга нисбатан ўз муносабатини билдириб:

– Эртадан дарсларни бошлаймиз. Кечикмасдан етиб келинг, – деди.

Буни кутмаган Имроннинг олим зотдан жавобни эшитиши билан юзи ёришиб кетди. Устозини қучоқлаб олишдан уни фақат у зотнинг ҳайбати тўсди.

Имрон энди ҳар куни ушбу хонадонга қатнар, олимнинг севимли шогирдларидан бирига айланган эди.

Ақоид, фароиз ва фиқҳдан чуқур дарс бергач, устоз ўзининг баъзи ишларини Имронга ишониб топширишни одат қилди.

Кунларнинг бирида устоз шогирдини ёнига чақириб, жиддий бир масалада гаплашиб олиш таклифини билдирди. Имрон рози бўлди.

Дарсларини тугатгач, устози олдига келди ва:

– Лаббай, устоз! Нима юмушингиз бор? – деди.

Шунда устоз:

– Имрон, мана кўп йиллардан бери ёнимдасиз. Ёшингиз ҳам катта бўлиб қолди. Энди уйланмасангиз бўлмайди, – деди.

Имрон хижолатдан қизарганича:

– Устоз, лекин кимга?! – деб сўради.

Устоз эса:

– Менга ўғил бўлинг, қизимни сизга никоҳлаб бераман! – деди.

Шу пайт Имрон:

– Устоз, аммо мен номуносибманми, деб қўрқаман! – деди.

Шунда олим:

– Камтарлигингизга балли! Бироқ камтарликнинг ҳам ўз ўрни бор. Ота-онангиз билан маслаҳат қилинг. Эртага уйдагилар билан келарсиз, деган умиддаман! – деди ва суҳбатга якун ясади.

Эртаси куни Имрон уйдагилари билан устозининг хонадонига келди. Бир муддатдан сўнг ундан учрашув хонасига киришини сўрашди. Хонага кириб борар экан, унинг юраги тез уриб, нафаси тиқилиб, бир оз бўшашди.

Хона ичида бир қиз эшикка тескари ҳолда ўтирар эди. Имрон ўзини таништирди. Шароити ва бошқа муҳим нарсаларни айтиб ўтди. Энди фақат қизнинг жамолини кўриш қолган эди. Нима дейишини билмай туриб қолган Имрон нафасини ростлаб:

– Агар истасангиз, суҳбатга якун ясаймиз! – деди.

Шу онда қиз ўрнидан турди ва ортига ўгирилди. Ўша чоғда Имроннинг бўғзига бир нима тиқилди. Юраги дукиллаб уриб, қинидан чиқаёзди. Мана у! Саодатнинг илк дафъаси… Гўзалликнинг буюк намунаси… Бу гўзаллик қаршисида Имрон лол қолди. У фақат бир сўзни айтишга ҳаракат қилар, аммо тили айланмасди. Охири дудуқланиб:

– Сиз ўша… ўша кутубхонадаги… – деди-ю, сўзи оғзида қолди.

– Ҳа! Мен айнан ўша! – деб жавоб қилди қиз ва уялганича хонадан тезда чиқиб кетди.

Имрон хона ичида ўзини қўярга жой топа олмай, туриб қолди. Хаёлида буларнинг бари тушдек туюларди.

Бир оздан сўнг хонага устози кириб келди ва:

– Ўтиринг! Сизга икки оғиз гапим бор! – деди.

Икковлари ўтиришди.

Устоз гап бошлаб:

– Ўғлим! Мен қизимни сизга турмушга бераман! Аммо бир шартим бор, – деди.

Имрон эса:

– Айтаверинг, устоз, мен нима десангиз, розиман! – деди.

Шунда устоз:

– Ягона шартим шуки, тўй ихчам бўлмоғи керак. Исрофдан Ўзи сақласин, – деди.

Имрон бу шартга гап-сўзсиз рози эканини билдирди.

Мана тўй куни ҳам етиб келди. Олим зот айтганидек, тўй ихчам бўлди. Исрофга йўл қўйилмади. Шундай қилиб, икки ёшнинг саодатли кунлари бошланди.

Имрон чинакам меҳрибон турмуш ўртоқ эди. Жуфти ҳалоли Осиё ҳам у кутганидан-да зиёда бўлиб, илму амалда баъзида хожасидан устун эди.

Шу зайлда кунлар, ойлару йиллар ўтди. Имрон ва Осиё ҳамманинг ҳавасини келтирадиган гўзал жуфтлик бўлишди. Аллоҳ уларга гўзаллик устига гўзаллик қилиб, қиз фарзанд инъом этди. Қизча жуда ширин бўлиб, жажжи қўллари билан ота-онасининг юзларини силар, қошу кўзларидан эса ўпиб қўяр эди.

Табиийки, олиму олимадан ташкил топган оила фарзандларининг ҳам ўзлари каби бўлишини хоҳлайди. Худди шундай бўлди ҳам. Омина зеҳни кучли, қобилиятли қизча эди. У кундан кунга онасидаги илмларни ўзлаштириб борарди.

Бир куни Осиёнинг қаттиқ иситмаси чиқди. Имрон «Тез ёрдам» чақирди. Шифокорлар уни тезда касалхонага олиб бориш кераклигини, акс ҳолда аҳвол бундан-да жиддий тус олишини айтишди. Имрон рози бўлди ва ўзи ҳам улар билан бирга кетди. Аёлининг тобора аҳволи оғирлашиб борарди. Шифокорлар уни жонлантириш бўлимига олиб кириб кетдилар. Имронни эса қўйишмади.

Орадан икки соатлар чамаси вақт ўтди. Ана ичкаридан бу томон оқ кўйлакли ҳамшира келяпти. Лекин негадир у хомуш эди. Имроннинг қаршисига келди ва:

– Аллоҳ сизга сабр берсин! Бандалик… Қўлимиздан келган барча ишни қилдик, – деди.

Имрон тамоман карахт ҳолга тушди. Нима қилишини билмай, шифохона йўлагида ўтириб қолди. Сўнг у аёли олдига киришга изн сўради. Унга рухсат беришди.

Мана у! Ҳаётининг мазмуни, кўзининг қувончи, жаннатларда ҳам бирга бўлишни орзу қилган жуфти ҳалоли… Фариштаси жонсиз ҳолда, аммо чиройли, худди ухлаб ётгандек, жилмайиб ётибди…

* * *

Осиёнинг дафн қилинганига ҳам тўрт кун бўлди. Уйдан гўё файз кетгандек эди. Аллоҳнинг қадарига рози ҳолда ўтирган Имроннинг бошини қизчаси жажжи қўллари ила силай бошлади. Тафтни сезган Имрон қизини маҳкам бағрига босиб, юм-юм йиғлади. Шу пайт қизча ўзини отасидан итариб, юриб кетди. Ота ҳайрон ҳолда қизини кузатди.

Омина онасининг китоб жавони тортмасидан бир варақ қоғозни олиб, отасига тутди ва:

– Онам буни сизга беришимни айтгандилар, – деди.

Қизининг қўлидан қоғозни олар экан, Имрон юрак ютиб унга қаради. Бу қоғозга марҳум рафиқаси баъзи нарсаларни битган эди. Хат мазмуни қуйидагича:

«Ассалому алайкум, суюкли хожам! Ҳаётим гулшани, дуоларим ижобати! Бу хат қўлингизда экан, демак, мен Роббим томон кўчдим. Аллоҳнинг қадарига рози бўламиз.

Эсингиздами, биз доим жаннатларда бирга бўлишни орзу қилардик. Унинг боғларида сайр этишни, анҳорларидан симиришни ва лаззатли таомларидан тановул қилишни истардик.

Мен бу ҳаёти дунёда ўз вазифаларимни сидқидилдан, қўлимдан келганча бажардим. Қўлимдан келмаганига рози бўлишингизга ишонаман.

Вазифаларимни тугал қилиш мақсадида сафарга сиздан олдин чиқишни ният қилган эдим. Аллоҳ чевар Зот. Ихлос билан истаганларимизни ортиғи ила тақдим қилади. Мен сиздан аввал бориб, у ерда сизни кутишни орзу қилган эдим. Орзуимга етай, деб турибман. Аслида мендаги касаллик анча олдин бошланган. Лекин буни сизга билдиришни истамадим. Ичимда сақладим.

Бу – қизингиз Омина! Ундаги кучли зеҳнни сиз яхши биласиз. Шу боисдан мен унга ўзимда борини етказишга ҳаракат қилдим. Кичик бўлса-да, қизчамиз кўплаб илмлардан бохабар. Ота-онасига муносиб қиз бўлишидан умидворман. Уни авайлаб, асранг! Вақти-соати келганида ўз эгасига топширинг.

Яна бир гап: мендан кейин ёлғиз ҳаёт кечирманг. Ёлғизлик Холиққа хос, бандага эмас. Шу сабабдан турмуш қуринг. Бу динимиз талабидир.

Аллоҳга таваккул қилинг. Зеро, У Зот мутаваккилларни севади. Уни кўп эслаб, ёд этинг.

Илмни отамдан омонат қилиб олгансиз. Омонатни ўз эгаларига тақдим қилинг. Ўзингизда қолиб кетмасин.

Сўнгги сўзим эса – сабрли бўлинг. Зеро, Аллоҳ таоло сабрлилар билан биргадир».

Юсуф Шоший

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply