ИЛМ ЙЎЛИДАГИ ЯНГИ ҚАДАМ УЧУН БОЛАЖОНЛАРГА ҲАДЯ ТАНЛАЙМИЗ
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Сентябрь, янги ўқув йили – барча ўқувчилар учун ҳар йили бир олам ҳаяжон билан бошланади. Биринчи синфга қадам қўйган болажонлар ўзлари учун нотаниш бошқа бир муҳитга қўшиладилар, кейинги синфга ўтган ўқувчилар эса таътилнинг беғам кунларини ортда қолдириб, маъсулиятли дамлар – дарслар ва имтиҳонлар фурсати бошланганини ҳис қиладилар. Болажонларнинг мана шундай ноодатий кунларини ёрқин таассуротлар билан бойитишда ота-оналарнинг ёқимли ҳадялари ёрдам бериши мумкин. Совға танлашингиз осон бўлиши учун бир неча қизиқарли ғояларни тақдим этамиз:

1. Ёндафтарча ёки кундалик.

Кундалик деганда мактабдаги дарслар жадвали ёзиб, баҳолар қўйиладиган кундалик эмас, балки, боланинг фикрлари, ўқиган китобидан иқтибослар, эслаб қолишни истаган кундалик воқеаларини ёзиб қўядиган кундалик назарда тутиляпти. Совға қилинадиган кундалик дафтар боланинг ўзига хос қизиқишларини ҳисобга олиб танланса, айни муддаодир. Масалан, севимли қаҳрамони, у ёқтирган шаҳар ёки гуллар сурати туширилган дафтарчалар танласангиз совға фарзандингизда илиқ таассуротлар қолдира олади.

2. Қалам қутиси (пенал).

Қаламдон – ҳар бир ўқувчи учун керакли ўқув қуроли. Лекин совға бўлгани учун сиз ноодатий бирор турини танланг.

3. Флешка.

Компьютер технологиялари ривожланган замонамизда ўсмир фарзандларимизга ўзига хос кўринишдаги флешкалар ҳам жуда ёқимли совға бўлади. Ҳозирда ишлаб чиқарувчилар флешкаларнинг турли қизиқарли кўринишдаги турларини тақдим этишяпти. Фарзандингизнинг жинси, ёши ва қизиқишларини инобатга олган ҳолда, бирор қизиқ турини танлаб олишингиз мумкин.

4. Тушлик қутиси (ланч-бокс).

Ушбу идиш унга солинган таом ёки маҳсулотнинг ҳароратини, таъмини, сифатини яхши сақлашга хизмат қилади. Мактабида тушлик берилмайдиган ёки берилса ҳам бола у таомни хоҳламайдиган ҳолатларда «тушлик қутиси» жуда қулай ҳисобланади. Унга мева, салат ва суюқ бўлмаган бошқа таомлардан ҳам солишингиз мумкин. Бундай совға ҳам фарзандингизни хурсанд қила олади деб ўйлаймиз.

5. Глобус ёки харита.

Ушбу жиҳозлар ўқув жараёнида ишлатиши билан бирга, болалар хонасига чиройли безак вазифасини ҳам бажаради. Бунда ҳам совға танлашда боланинг ёши ва хона кўринишига мос эканлигига эътибор қилинг.

6. Ақлли соат.

Замонавий ва фойдали совға. Ушбу соат кўп функцияли бўлгани учун болалар учун қизиқарлидир. Ота-оналар ҳам фарзандларини қаерда юрганини кузата оладилар. Янги ўқув йилида бундай ҳадя бериш, нафақат болаларни хурсанд қилади, шу билан бирга ота-оналарнинг ўзларини ҳам хотиржам юришларига ёрдам беради.

7. Уйғотгич соат (будильник).

Эрталаб эрта уйғониш болалар учун бироз қийин бўлади, албатта. Бу ҳолатни махсус уйғотувчи соатлар билан бироз осонлаштириш мумкин. Ҳозирда оддийгина будильниклар ўрнига анча такомиллаштирилган, чиройли, ёқимли оҳангда уйғотадиган, юлдузли осмон каби манзаларни акс эттирадиган прожекторли уйғотгичлар бор. Ана шулардан совға қилишингиз мумкин.

8. Қизиқарли китоб.

Китоб – доимо энг яхши совға. Ўқув йили бошида эса ўқувчи фарзангингизнинг дарсликлари ва уй вазифаларидан зерикканида ўзига жалб эта оладиган китоб танлаганингиз маъқул. Эртаклар ёки ҳикоялар тўплами, қизиқарли энциклопедия, топишмоқ ва қизиқарли топшириқлар тўпламлари ёки боланинг қизиқишларига қараб бирор махсус китоблар харид қилишингиз мумкин. Масалан, қизлар учун таом тайёрлаш сирларини, уйни безаш йўл-йўриқларини, тикиш-бичиш, тўқиш бўйича бошланғич кўникмаларни ўргатувчи китобларни, ўғил болалар учун автомобиллар, бинолар қурилишига доир ва шу каби китоблар тавсия этилади.

9. Ижод учун тўпламлар.

Ҳозирда бундай жамланма-наборлар болалар орасида тобора оммалашиб бормоқда. Чунки ўз қўллари билан бирор нарса ясаш барчага бирдек ёқимлидир.
Қизингизга 1 сентябрга тақинчоқлар ясаш тўплами ҳадя қилишингиз мумкин, ўғлингизга эса ўсадиган кристаллар тўпламини беришингиз мумкин. Булар шунчаки мисоллар, аслида бундай тўпламларнинг турлари шунчалик кенгки, сиз ҳар қандай қизиқишга мос вариантни танлашингиз мумкин.

10. Болалар журналларига обуна.

Бир неча ўн йиллар олдин деярли ҳар бир оила турли журнал, газеталарга обуна бўлар эди. Нега бу яхши анъанани янгиламаймиз? Бола қизиқарли ҳикоялар, эртаклар, шеърлар, топишмоқлар жамланган журналнинг навбатдаги сонини интиқлик билан кутади. Журнал боланинг ёшига мос келиши, фойдали ва қизиқарли маълумотларга эга бўлиши учун ойнома нашрини эътибор билан танланг.

11. Махсус ширинлик.

Фарзандингиз ёқтирадиган бирор шоколад, печенье ёки тортни байрам мавзусига мос кўринишда тақдим этиш ҳам ажойиб совға бўлади. Бунинг учун озгина ижодкорлигингизни ишга солинг.

12. Ёрқин ҳиссиётлар.

 Ўқув йилининг биринчи санаси муносабати билан бирор кўргазма, музей, кинотеатр ёки паркларга саёҳат уюштиринг. Шундай маъсулиятли кунни ёқимли хотиралар билан бойишига ҳисса қўшинг.

Санаб ўтганларимиз бир неча мисоллар, холос. Бугунги кунда совға бериш учун хилма-хил имкониятлар ниҳоятда кенг. Ўйлаймизки, болаларни илм йўлидаги янги қадамларини муносиб кайфиятда кутиб олишга ота-оналаримиз алоҳида эътибор қаратадилар.

Муаллиф
Мавзуга оид мақолалар
                                                         «Қайси кишида тўрт хислат бўлса, у Аллоҳнинг яхши бандаларидандир. Тавба қилувчи кишини кўрганда қувониш, диндан давоми...

06:55 / 02.03.2017 5544
 Кунларнинг бирида аёл уйидан чиқаётиб, ҳовлида учта нуроний оқсоқолга кўзи тушди. Уларни у шу кунгача ҳеч кўрмаган, нотаниш. Аёл уларга салом бериб, деди «Мен давоми...

08:06 / 01.12.2016 16168
   Одатга кўра, меҳмондўст халқимиз бошқа ойларда бўлгани каби, бу муборак ойда ҳам меҳмон кутгиси келади. Кутганда ҳам шу ойнинг ҳурмати учун, савобини яна кўпроқ давоми...

23:43 / 07.02.2017 4291
embedhttpswww.youtube.comwatchvQCMJ6jOEYVUembed

01:23 / 10.11.2016 4695