ИЛМ ЎЛГАН ЗАМИН (Ҳикоя)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Вайроналар орасида шарпаси кўринган Холид уч ёшли синглиси билан одамлар тўпланган жойга қараб келяпти. Халойиқ бугун ҳам 28 кишини дафн қилмоқда. Шаҳар аҳли бу ҳолга кўникиб қолган. Аҳолининг асосини қариялар, аёллар ва болалар ташкил этишади. Уларнинг устидан тез-тез ёғилиб турадиган ёмғир, аниқроғи ўқ ёмғири кишиларни саросимага солмай ҳам қўйган.

Холид сўнгги бор уч кун олдин бир яхши киши сабаб қорин тўйдирганини эслар, уни яна кўриб қолиш учун Аллоҳга ёлвориб, қўлларини чўзиб дуо қиларди. Ҳа, мана ўша одам! Холид у томон юриб борди. Кишининг қўлидаги халтада нон бор эди. Холид нонни олди. Ҳалиги киши эса индамас эди. Чунки унда тириклик аломатидан асар ҳам қолмаганди.

Ака-сингил юриб бориб, оламон ичига кирди. Бу вақтда шаҳарнинг бошқа қисмларида деярли ҳеч ким йўқ. Ҳамма шу ерга тўпланган. Жанозадан кейин Холид бўғиқ овозда, минг дарду алам билан кишиларга қараб сўз қотди.

– Эй одамлар, менга қулоқ солинг! Сизларга айтар баъзи сўзларим бор. Диққат билан тингланг! Жон қулоғингиз билан эшитинг! Эсингиздами, бобом сизларга қарата катта бир ҳалқада огоҳлантириш ўлароқ ваъз айтган эдилар?! У пайтда бизда бу урушнинг олдини олиш имкони бор эди. Лекин ичингиздан баъзилар отилиб чиқиб, бобомни куфрда айблади. У киши келтирган ривоятларнинг санади заиф, деб туриб олди. Натижа нима бўлди? Ўшалар хоҳлагандек бўлди! Айнан улар сабаб кўплар фитнага йўлиқди.

Эсланг, Ибн Умар розияллоҳу анҳу айтишларича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким умматимга қилич кўтарса, жаҳаннамнинг етти эшиги бордир. Бир эшиги умматимга қилич кўтарган кимсалар учундир», деганлар. Сизлар бир-бирингизга қарши қурол кўтардингиз. Оқибатда эса душманлар ўқи остида қолдингиз. Наҳот, бу замин Исломга неча асрлар давомида неча минглаб уламоларни етиштириб берганини унутган бўлсангиз?! Илм аҳлларининг қонини-ю жонини ҳалол санагувчилар, наҳот, бугун Роббиларининг ушбу оятларини унутдилар: «Албатта, Аллоҳдан бандалари ичидан фақат олимларигина қўрқарлар» (Фотир сура, 28- оят). Улар эса олимларни қатл қилишдан қўрқмадилар-ку.

Имом Ҳасан ал-Басрий роҳматуллоҳи алайҳнинг сўзларини эсланг: «Олимнинг ўлими – Исломдаги бўшлиқ, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди». Биз эса заминни шу буюк зотлар билан тўлдириб ташладик. Атрофимизда эса мазлум обидлар ва сохтадил мунофиқлар қолишди. Аллоҳдан нусрат, албатта, келажак. Фақат бир шарт ила! Биз У Зот билан ўзимиз орамиздаги алоқани тиклашимиз даркор. Эй инсонлар, Роббингизга қайтинг. Етар шунча қурбонлик!

Мен аввало бобомдан, сўнг ота-онамдан ва бошқа яқинларимдан ажрадим. Ҳаммамиз яқинларимиздан айрилдик. Энди биз ҳаёт қолган олимларимиз этакларини маҳкам тутишимиз, улардан илм олиб, унга амал қилмоғимиз керак!

Холид сўзини тугатгач, синглиси қўлидан тутганича йўлида давом этди. Оламон боши эгик ҳолда турар, ҳеч ким ҳеч нарса демас эди...

Юсуф ШОШИЙ

 
Мавзуга оид мақолалар
Mawdoo3.com Араб тилидан Зарнигор Аҳмадалиева таржима Аёлларнинг ишлаши Аёлларнинг ишлаши айни пайтда дунёда давоми...

07:35 / 16.08.2018 5657
    Аниқланишича, сизнинг уйқудаги ҳолатингизга кўп нарса боғлиқ экан. Одатда, буни уйқудаги умуртқанинг давоми...

10:20 / 23.02.2017 30504
Бугун мусулмон бўлмаган кишилар ҳам дунё тарихида биринчи бўлиб кишиларни оғиз тозалаб юришга буюрган давоми...

15:32 / 09.01.2017 4051
  Бемор тузалганидан, мусофир муқим бўлганидан кейин рухсат бўлгани боис тутмаган рўзасини тутиши давоми...

06:27 / 01.06.2017 2424