Икки нур сочувчини: «Бақара» ва «Оли Имрон» сураларини қироат қилинг

0 2 595

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Жаброил билан ўтирган эдилар. Юқоридан бир овоз эшитилди. Жаброил осмонга бурилиб қаради-да:

«Бу осмоннинг эшикларидан бири, ҳеч очилмаган эди, бугун очилди. Ундан бир фаришта тушди. У бугундан бошқа ҳеч тушмаган эди. У салом берди ва:

«Суюнчи, сендан аввалги Пайғамбарларга берилмаган икки нур сенга берилди, Фотиҳа сураси ва Бақара сурасининг охири. Улардан ўқиган ҳар бир ҳарфингга, албатта, (савоб ва жавоб) бериласан», деди».

Имом Муслим ривоят қилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан «Фотиҳа» ва «Бақара» сураларининг улуғ фазллари билан бирга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига Жаброил алайҳиссаломдан бошқа фаришта ҳам келиб туришини билиб олдик.

Осмоннинг ҳеч очилмаган эшиги очилиб, ундан осмондан ҳеч тушмаган фаришта тушиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга «Фотиҳа» ва «Бақара» суралари фазли ҳақида хабар бериши бу сураларнинг улуғлигини, алоҳида илоҳий эҳтимомга сазовор бўлганини яққол кўрсатиб турибди.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадиси шарифда қуйидагилар айтилади:

«Убай ибн Каъб Пайғамбар алайҳиссалом ҳузурларида «Фотиҳа» сурасини ўқиди. Шунда у Зот: «Менинг жоним тасарруфида бўлган Зот билан қасамки, Тавротда ҳам, Инжилда ҳам, Забурда ҳам, Фурқонда (Қуръонда) ҳам бунга ўхшаши туширилмаган», дедилар».

Имом Ибн Ҳиббон Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қиладилар, Пайғамбар алайҳиссалом: «Ҳар нарсанинг саноми – кўзга кўринган жойи бўлади. «Бақара» сураси Қуръоннинг саномидир. Ким уни ўз уйида кечаси ўқиса, уч кеча шайтон кирмайди. Ким уни кундузи ўқиса, уч кун шайтон кирмайди», деганлар.

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни қироат қилинг. У қиёмат куни ўз асҳобларига шафоатчи бўлиб келадир.

Икки нур сочувчини: «Бақара» ва «Оли Имрон» сураларини қироат қилинг. Икковлари қиёмат куни худди икки булутга ёки икки соябонга, ёхуд икки қуш галасига ўхшаб келадир. Икковлари ўз асҳоблари ҳақида тортишурлар.

«Бақара» сурасини қироат қилинглар. Албатта, уни олмоқлик баракадир. Уни тарк қилмоқлик ҳасратдир. Баттоллар унга қодир бўлмаслар», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Қиёмат куни Қуръон ва унга амал қилган аҳллари келтирилганида, «Бақара» ва «Оли Имрон» суралари бош бўлиб келадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларига учта мисол келтирдилар. Уларни ҳануз унутганим йўқ. Икковлари қиёмат куни худди икки булут…», дейилган.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Қуръони Карим қироатига, хусусан, «Бақара» ва «Оли Имрон» суралари қироатига қаттиқ тарғиб бордир.

Шунингдек, бу ҳадиси шарифда Қуръони Каримнинг ва «Бақара» ҳамда «Оли Имрон» сураларининг фазллари қанчалик улуғ эканлиги баён қилинган.

«Қуръонни қироат қилинг. У қиёмат куни ўз асҳобларига шафоатчи бўлиб келадир».

Қиёмат куни шафоатчиси бўлиш ҳар қандай банда учун катта бахтдир. Одамлар ўша даҳшатли кунда шафоатчи топиш учун турли ишларни қиладилар ва чоралар ахтарадилар.

Ушбу ҳадиси шариф эса қиёмат куни энг ишончли шафоатчи топишнинг энг осон йўлига далолат қилмоқда. Бу Қуръони Каримни қироат қилмоқдир. Бас, ким қиёмат куни шафоатчиси бўлишини хоҳласа, Қуръони Каримни кўпроқ қироат қилсин.

«Икки нур сочувчини: Бақара ва Оли Имрон сураларини қироат қилинг. Икковлари қиёмат куни худди икки булутга ёки икки соябонга, ёхуд икки қуш галасига ўхшаб келадир».

Қиёмат саҳросида, унинг жазирама иссиғида куйиб, жизғанак бўлиб турган ҳар бир одам боши узра оз бўлса ҳам соя бўлишини жуда истайди. Бу бахтга эга бўлиш учун инсонлар нималар қилмайдилар.

Аммо бу ҳадиси шариф ўша оғир кунда энг яхши соябонга эга бўлишнинг энг осон йўлини кўрсатмоқда. Бу осон йўл «Бақара» ва «Оли Имрон» сураларини қироат қилмоқдир. Ким бу икки сураи каримани бу дунёда ўқиб юрган бўлса, қиёмат куни улар унинг бошида соябон бўлурлар.

Аммо «Бақара» ва мОли Имрон» сураларининг ўз ўқувчиларига охиратда берадиган фойдалари бу билан чекланиб қолмайди.

«Икковлари ўз асҳоблари ҳақида тортишурлар».

Ҳа, «Бақара» ва «Оли Имрон» суралари қиёмат куни ўзларини ўқиган одамларга яхши мартабалар берилишини сўраб тортишадилар. Бу қандоқ ҳам улуғ иш!

Бу дунёда барака талабида бўлмаган ким бор?

Бу дунёда ҳасратдан қочмаган ким бор?

Бу ҳадиси шариф баракага эга бўлишнинг ва ҳасратдан узоқда бўлишнинг энг осон йўлини кўрсатиб бермоқда.

«Бақара сурасини қироат қилинглар. Албатта, уни олмоқлик баракадир. Уни тарк қилмоқлик ҳасратдир».

Бу ишни қилиш унча қийин эмас. Инсон дангаса бўлмаса, бас. Чунки ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Баттоллар унга қодир бўлмаслар», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифнинг бошқа бир ривоятида:

«Қиёмат куни Қуръон ва унга амал қилган аҳллари келтирилганида «Бақара» ва «Оли Имрон» суралари бош бўлиб келадилар», дейилган.

Бундан «Бақара» ва «Оли Имрон» суралари бошқа суралардан олдин туриши келиб чиқади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни қироат қилишга қаттиқ тарғиб қилганлари.

2. Қуръони Карим қиёмат куни ўз асҳобларига шафоатчи бўлиб келиши.

3. «Бақара» ва «Оли Имрон» сураларини икки нур сочувчи деган сифати борлиги.

4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «Бақара» ва «Оли Имрон» сураларни қироат қилишга қаттиқ тарғиб қилганлари.

5. «Бақара» ва «Оли Имрон» суралари қиёмат куни худди икки булутга ёки икки соябонга, ёхуд икки қуш галасига ўхшаб келиши.

6. «Бақара» ва «Оли Имрон» суралари ўз асҳоблари ҳақида тортишишлари.

7.«Бақара» сурасини ёд олмоқлик барака эканлиги.

8. «Бақара» сурасини тарк қилмоқлик ҳасратлиги.

9. Баттоллар «Бақара» сурасини ёдлашга қодир бўлмаслиги.

10. Қиёмат куни Қуръон ва унга амал қилган аҳллари келтирилганида «Бақара» ва «Оли Имрон»суралари бош бўлиб келиши.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жойга кўп сонли кишиларни юборишдан аввал уларга Қуръон ўқитиб кўрдилар. Улардан ҳар бири Қуръонни қанча билса, шунча ўқиди. У Зот уларнинг ичида энг ёш йигитнинг олдига келиб:

«Эй фалончи, сен Қуръондан қанча биласан?» дедилар.

«Фалон, фалон сураларни ва Бақара сурасини биламан», деди.

«Бақара сурасини биласанми?» дедилар.

«Ҳа», деди.

«Боравер, сен уларга амирсан», дедилар.

Шунда уларнинг ашрофларидан бўлган бир киши:

«Эй Аллоҳнинг Расули, Аллоҳга қасамки, мени Бақара сурасини ўрганишдан унга амал қила олмаслигимдан қўрқишим ман қилди, холос», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қуръонни таълим олинглар. Уни қироат қилинглар ва қироат қилдиринглар. Албатта, Қуръон уни таълим олган, қироат қилган ва унга амал қилганлар учун мисли миск тўлдирилган қопга ўхшайди. Барча жойда ҳиди анқиб туради. Уни таълим олиб, ичига олиб ётган одам эса ичига миск солиб, оғзи боғлаб қўйилган қопга ўхшайди», дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари ичидан бирор ишга раҳбар ихтиёр қилмоқчи бўлсалар, уларнинг Қуръонни кўпроқ ёд олгани ва билганини танлар эдилар.

У Зот бир жойга кишиларни юборишдан аввал уларга Қуръон ўқитиб кўрар эдилар. Улардан Қуръонни кўп билганини раҳбар қилиб тайинлар эдилар.

Кунларнинг бирида у Зот алайҳиссалом кўп сонли кишиларни бир томонга юбормоқчи бўлдилар. Уларни Қуръондан имтиҳон қилдилар. Охири уларнинг ичида энг ёш йигитнинг олдига келиб:

«Эй фалончи, сен Қуръондан қанча биласан?» дедилар.

«Фалон, фалон сураларни ва Бақара сурасини биламан», деди.

«Бақара сурасини биласанми?» дедилар.

«Ҳа», деди.

«Боравер, сен уларга амирсан», дедилар.

Бундан мазкур гуруҳдаги саҳобаларнинг Қуръондан билганлари тенг келиб қолиб, уларнинг ичидан афзалини танлаш учун «Бақара» сураси ўлчов бўлган дея оламиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръон ўқишга ва уни ўқитишга тарғиб қила туриб, уни дунёда кишиларга энг севимли нарсалардан бири мискка ўхшатдилар.

Буларнинг барчаси Қуръони Каримнинг фазли, Бақара сурасининг фазлидир.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир жойга кўп сонли кишиларни юборишдан аввал уларга Қуръон ўқитиб кўриш одатлари борлиги.

2. Қуръондаги илми тенглар ичида «Бақара» сурасини биладиган киши афзал ҳисобланиши.

3. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонни таълим олишга, уни қироат қилишга ва қироат қилдиришга тарғиб қилганлари.

4. Қуръон уни таълим олган, қироат қилган ва унга амал қилганлар учун мисли миск тўлдирилган қопга ўхшашлиги.

5. Қуръонни таълим олиб, ичига олиб ётган одам ичига миск солиб, оғзи боғлаб қўйилган қопга ўхшашлиги.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уйларингни қабрга айлантирманглар. «Бақара» сураси ўқилган уйга шайтон кирмайди», дедилар».

Иккисини Термизий ривоят қилган.

Бу ҳадиси шарифлар ҳам Қуръони Каримнинг ва «Бақара» сурасининг фазлини яна ҳам бошқачароқ васф қилмоқда.

Барча одамлар уйларининг обод бўлишига, қабристонга ўхшаб қолмаслигига ҳаракат қиладилар. Бу мақсадни амалга ошириш учун турли-туман ишлар, сарф-харажатлар қиладилар.

Бу мақсадни амалга оширишнинг энг қулай, баракали ва арзон йўли ушбу ҳадиси шарифда баён қилинган экан. Ҳар бир мусулмон киши ўз уйи обод бўлиши, қабрга ўхшаб қолмаслиги учун «Бақара» сурасини уйида ўқиб турса бўлди экан.

Кишилар ўз уйларини омонлик қўрғони бўлишини жуда ҳам истайдилар. Уйда истиқомат қилувчиларнинг барчаси тинч-омон ва хотиржам бўлишлари учун барча имкониятларни ишга соладилар. Айниқса, жину шайтонлар ёмонлигидан эҳтиёт бўлишга алоҳида аҳамият берадилар.

Бу мақсадга эришишнинг осон ва қулай йўли ҳам ҳар ким ўз уйида «Бақара» сурасини ўқиб туриши экан.

Бунга ўхшаш ривоятлар жуда кўп. Мисол учун, яна бир ривоятни келтирайлик:

Абу Убайд ривоят қилади:

«Бир одам намозда «Бақара» ва «Оли Имрон» сураларини ўқибди. Намозини тугатганидан кейин ҳазрати Каъб розияллоҳу анҳу унга:

«Бақара» билан «Оли Имрон»ни ўқидингми?» дедилар.

«Ҳа», деди.

«Менинг жоним қудрати қўлида бўлган Зот билан қасамки, бу икковида у билан дуо қилса, мустажоб бўладиган Аллоҳнинг исми бор», дедилар.

«Менга ўргатиб қўйинг», деди.

Ҳазрати Каъб розияллоҳу анҳу:

«Йўқ, ўргатмайман, унинг хабарини сенга айтсам, ўзингни ҳам, мени ҳам ҳалок қиладиган дуо қилиб қўймагин», дедилар.

Имом Бухорий ривоят қиладилар:

«Усайд ибн Ҳузайр розияллоҳу анҳу кечаси Бақара сурасини ўқиётган эди. Яқинида оти боғлиқ турар эди. Бирдан от типирчилаб қолди. Қироатдан тўхтаган эди, от ҳам яна тўхтади. Яна ўқиган эди, от ҳам типирчилади. Ўғли Яҳё яқинида ухлаб ётарди. От босиб олмасин, деб бориб, уни қўлига олди ва бошини осмонга кўтарди. Тонг отгандан сўнг ҳодисани Пайғамбар алайҳиссаломга сўзлаб берди. У киши:

«Ўқи, эй Ибн Ҳузайр», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, Яҳёни босиб олмасин, деб қўрқдим, унинг яқинида эди. Бошимни кўтариб, унинг олдига бордим. Осмонга қарасам, булутга ўхшаш нарса, ичида чироққа ўхшаган нарсалар ҳам бор. Уларни кўрмай деб чиқиб кетдим», деди.

Пайғамбар алайҳиссалом: «У нималигини биласанми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

У Зоти бобаракот:

«Улар сенинг овозингга келган фаришталар, агар тонг отгунча ўқийверганингда одамлар уларга назар солса бўларди. Улар бекинмасдилар», дедилар».

Баҳам кўринг

Leave A Reply