Ибрат

0 1 539

Бекатда автобус келишини анча кутиб қолганим сабаб, узоқдан кўринган автобусга кўзим тушиши биланоқ йўқолган нарсасини топиб олган боладай ич-ичимдан қувониб кетдим. Автобус бекатга етиб келди. Одамлар билан лиқ тўла бўлишига қарамай автобуснинг биринчи эшигига ўзимни урдим. Ахир мен ҳам етиб олишим керакда…

Жойлашиб олганимдан хурсанд бўлиб атрофга кўз югуртирдим. Ҳамма ўқишга, ишга шошмоқда, кимдир соатига тез-тез қарамоқда. Ногаҳон биринчи ўриндиқда ўтирган қиз менга тикилиб турганини пайқаб қолдим. Қиз менга таниш кишисини кўргандек тикилиб турарди. Мен ҳам ўйлаб кетдим, бу қизни қаердадир кўрганманми? Ёки …

Турли хаёллар исканжасида эканман, автобус бекатда тўхтади. Автобус тирбанд бўлганлиги сабаб одамларни ўтказиб юбориш учун тушиб туришимга тўғри келди. Ўриндиқда ўтирган қиз ҳам тушиб кела бошлади. Ҳали ҳам мендан кўзини узмасликка ҳаракат қиларкан, орқасидан бир аёл ҳам тушиб келиб, қизни қўлидан секин етаклади.

Автобусга қайта чиқиб, ўйга чўмдим. Аллоҳ берган икки кўзни қадри-қиммати қанчалик бебаҳо. Бу қиз дунёни қандай тасаввур қилар экан? Ўз чиройини ойнага қараб кўра олмаса… Биз бу неъматларни қадрлай оламизми?..

Ривоятга кўра Аллоҳ таоло қиёмат кунида узоқ умр берган бир бандасини чақирган экан. У банда Аллоҳ таолога уч юз йил ибодат қилган экан. Аллоҳ таоло бандага: “менинг раҳматим билан жаннатга кир”,-деганда, банда: “мен сенга уч юз йил ибодат қилдим, сенинг раҳматинг билан жаннатга кираманми?”-дер экан. Кейин Аллоҳ таоло бандани адли билан сўроқ қиларкан. Тарозини бир палласига унинг кўзини, бир палласига солиҳ амалларини қўйишликни буюраркан. Шундай қилиб қилган солиҳ амаллари Аллоҳ таоло берган кўзнинг шукронасига ҳам етмай кетар экан. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг неъматлари бисёр. Биз бу неъматлар ичида бўлганимиз боис буларни фаҳмлай олмаймиз.

Биродарим! Кўзларингни юмиб бир кун юриб кўргинчи!?

Баҳам кўринг

Leave A Reply