Ибрат сафари ёхуд Корея сафари таассуротлари

0 935

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Муҳаммад Мустафога салавотлар бўлсин!
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўминнинг нияти амалидан яхшидир», деганлар. Бу пурҳикмат сўзнинг маъноларидан бири шуки, киши бир яхшиликни ният қилса-ю, нияти холис бўлса, унинг натижаси ўша киши амалга ошириши мумкин бўлган даражадан ҳам юқори бўлади, шу боис бу ният амалдан ҳам яхши саналади.
Нима учун ният амалдан яхши? Чунки амал қачондир тўхтайди, ниятнинг натижаси эса бардавом бўлади. Амалнинг кўлами тор, ниятники эса чегарасиздир. Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ана шундай пок ниятли, мақсадлари улуғвор, амаллари гўзал, олийжаноб, мухлис ва холис зот эдилар. У кишининг баракотлари вафотларидан кейин ҳам кўп яхшиликларга сабаб бўлиб келмоқда.
Ҳазратимизнинг эзгу ниятлари халқимизнинг ўз динига – аждодлар оша амал қилиб келинаётган, ўтмишимизга шон-шараф манбаи бўлган Исломга чин маънода амал қилишига эришиш эди. Диний саводсизликка барҳам бериш, мусулмонлар орасида биродарлик, ҳамжиҳатлик руҳини таратиш, ихтилоф ва келишмовчиликларни бартараф этиш, аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида Ислом мусаффолигини сақлаб қолиш у кишининг мақсадлари, ҳатто ҳаётий шиорлари эди. Холислик билан тугилган бу эзгу ният Ҳазратнинг ҳаётлик чоғларидаёқ ўз самарасини бера бошлаган эди. Алҳамдулиллаҳ, ҳозир ҳам кунма-кун янги-янги ҳосиллар бериб бормоқда. Ўшандай самаралардан бири Шайх ҳазратларининг хорижда юрган миллатдошларимиз, ватандош, диндошларимиз учун қилган саъй-ҳаракатларининг амалдаги маҳсулидир. Ўқиш ёки ишлаш мақсадида Жанубий Кореяда истиқомат қилиб турган ватандошларимиз учун Сеул шаҳрида «Эйр ван травел» (Air one travel) ширкати ҳамкорлигида «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриётининг шўъба дўкони очилди. Бу матбаа бевосита Шайх ҳазратларининг ташаббуслари ва раҳнамоликларида очилган эди.
Дўкон Сеулнинг эски шаҳар ҳудудида жойлашган. Бу ҳудудда Кореядаги энг катта масжид – Сеул марказий масжиди ҳамда Корея мусулмонлари ассоциацияси, яъни диний идораси ҳам жойлашган.
Шайх ҳазратларининг шогирдлари ва «Ҳилол-нашр» матбааси ходимларидан иборат олти кишилик жамоа мазкур дўконнинг очилиш маросимини нишонлаш мақсадида Корея сари йўл олдик. Жамоа устозимиз Шайх ҳазратларининг фарзанди аржумандлари Исмоил Муҳаммад Юсуф, ҳазратимизнинг яқин шогирдларидан Исҳоқ Муҳаммад домла, камина ҳамда нашриёт ходимларидан иборат эди.  
2016 йил 27 май куни Корея ҳаво йўллари тайёрасида Тошкентдан кўтарилдик. Учоқда биз учун мусулмонча емак хизматига буюртма берилди. Балиқ ва гуручдан иборат емак келтирилди. Уни ҳалолликдан ташқари яна бир фазилати – таомланиш пайти биринчи бўлиб ўша емаклар тарқатилар, сўнг умумий барчага таом тортилар экан. Ажабланарлиси шундаки, учоқда ўзбек кўп бўлишига қарамай, бундай буюртма қилган кишилар саноқли эди.
Инчон тайёрагоҳида бизни «Эйр ван травел» ширкати раҳбар Ризо Қанавий, унинг ёрдамчиси биродаримиз Баҳромжон ҳамда бир қанча ватандошларимиз тантанали кутиб олишди.
Сеулга етиб боргунимизча кейинги куннинг пешин вақти бўлди. Пешиндан кейин у ердаги ватандошлар билан Сеул марказий масжидида учрашув ўтказилди. Деярли бир кунлик уйқусизлик, сафар машаққати ва чарчоғи билиниб турганига қарамай, учрашув жуда мароқли ва мазмунли ўтди. Суҳбат Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Кейин устоз Исҳоқжон домла ва Исмоилжон домла жаноблари маъруза қилдилар. Суҳбатлар Шайх ҳазратлари, у кишининг илмий мерослари, «Ҳилол-нашр» матбааси борасида бўлди. Кейин эркин савол-жавобларга ўтилди. Мажлисда қатнашганлар ўзларини қизиқтирган, кундалик ҳаётлари учун муҳим бўлган масалалар ҳақидаги саволларига устозлардан жавоб олишди. Учрашув ниҳоятда сермаҳсул ва гўзал ўтди.
29 май куни Пусан шаҳрига бордик. У ерда ватандошларимиз кўпроқ экан. Аввало Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг номлари қўйилган масжидга тушдик. Кейин бизларни тўпланиб кутиб турган миллатдошларимиз томон йўл олдик. Катта спорт залини ижарага олиб, учрашувни ўша ерга уюштиришибди. Бу учрашув аввалгисидан ҳам мароқли ва фойдали бўлди. Суҳбат тиловати Қуръон билан очилди. Устозлар томонидан мазмунли маърузалар қилинди. У ерда ҳам миллатдошларимиз билан ҳалол-ҳаром ва ибодат масалаларида савол-жавоб бўлди. Пешин намозини ўша залда ватандошлар сафида ўқидик. Ватандошларимизнинг ҳар бирининг кўзида ватан соғинчи яққол кўриниб турарди. Худди ота-онаси йўқлаб келган мусофир аскардек шодланиб, кўзлари қувнаб кетди. Уларнинг севинчларидан бизнинг ҳам дилларимиз яйради. Ўзимизни улар билан худди бир оила аъзоларидек ҳис қилдик. Қайтишда йўл узра бир масжидда аср намозини ўқидик. «Тақво масжиди» деб аталган бу масжид ҳам кўп қаватли бинонинг биринчи қаватидан ажратилган бир хонадан иборат бўлиб, масжидни аслида малайзияликлар очишган экан. Кейин уни ўзбекларга топшириб кетишибди. Ўзбек биродарларимиз устозлардан масжидга янги ном қўйиб беришларини сўрашди. Устозлар номи ўзи яхши экан, қолаверса, ўз номида қолиши унга асос солганларга нисбатан одоб талаби ҳам, деб айтишди. Сўнгра яна Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф масжидига келиб, ўша ерда шом ўқиб, кечки таомни едик ва хуфтон намозини ҳам ўқидик.
30 май куни шаҳар айланиб, 31 куни ватанга қайтдик. Аллоҳга шукрки, юртимиздаги файзу барака ўзгача. Ватанга қадам қўяр эканмиз, у ёқдаги ватандошлар бизни кўриб севинганларидан ҳам кўпроқ севиниб кетдик.
Мазкур Корея сафари ҳақида ўша кунларнинг ўзидаёқ muslimaat.uz ҳамда ummat.uz саҳифаларида кунма-кун маълумот бериб борилган эди. Ушбу мақолада сафар асносида кечган воеқеаларни тафсилий баён қилмоқчи эмасман, балки у ерда ўша ерликлар ҳақида олган маълумотларим асосида умумий таҳлилий мушоҳадаларимни ўртоқлашмоқчиман. Сафардан қайтишимиз Рамазон арафасига тўғри келиб қолгани учун мақола бироз кечикди.
Шу ўринда бир гап: Ушбу фикрлар каминанинг шахсий кузатувлари, мулоҳазалари, холос. Улар кимнингдир дунёқарашига тўғри келмаслиги мумкин. Чунки маълумотлар ОАВ ёки расмий манбалардан эмас, айнан ўша жойда яшаб турган жонли гувоҳлардан олинган. Фикрлар эса бир мусулмоннинг мулоҳазалари, холос. Шунинг учун ўқувчилардан буни тўғри қабул қилишларини сўрайман.
Корея сувликда жойлашган мамлакат экан. Иқлим ҳарорати деярли Ўзбекистонникига ўхшаса ҳам, намлик жуда баланд. Шунинг учун қаттиқ иссиқда муҳит гўё ҳаммомга айланар экан. Ҳаммаёқ дарахтзор, гулзор, кўкаламзор. Дарахтлари кўп, аммо қурилишга яроқли эмас экан. Аксари декоратив шаклли дарахтлар. Шу боис қурилиш учун тахталар асосан хориждан келтирилар экан.

Корея халқининг менталитети.
Биз рус тилидан бузиб ўгириб олган «карис» сўзи аслида «кореец» (кореялик) деган русча сўздан олинган. Аслида Корея халқи этник маънода «куриян» дейилади. Улар ўзларини шундай аташади. Шунинг учун биз мақолада ўша асл лафзни ишлатишни маъқул топдик. Жанубий Корея куриянлари эса «ҳангугин» деб юритилар экан.
Куриянлар кўп босқин кўргани, узоқ мустамлака бўлгани учунми ёки ирқий табиатиданми, умуман олганда анчагина ҳалим одамлар экан.
Корея яқин тарихида хитойларга, сўнг японларга мустамлака бўлган бўлса, кейинчалик Россия ва Американинг қарамига айланган. Жанубий Корея халқи Американи ўзларининг «халоскори ва пешвоси» деб билади. Чунки АҚШ уларни японлардан қутқарганидан кейин у ерда тараққиёт, саноат ривожланган ва халқнинг ҳаёт тарзи кескин ўсиб кетган. Улар ҳар соҳада Америкадан андоза оладиган бўлиб қолишган. Шимолий Корея эса ҳануз турғунликда. Бизнинг суҳбатимиз фақат Жанубий Корея ва ўша ердаги куриян халқи, яъни ҳангугинлар ҳақида бўлади. Куриянлар табиатан ювош, ройиш, кўникувчан, тартиб-интизомли, захматкаш халқ экан. Ишда ҳам, ўқишда ҳам бор вужудини бериб меҳнат қиларкан.
Куриянлар бир ишни қилса, ниҳоятда ҳафсала билан, масъулият билан ёндашаркан. Уларда «Ҳозирча шундай тура турсин, кейин бир қўл текканда тўғрилаб қўямиз» деган муносабат мутлақо йўқ. Ҳамма нарса ўз вақтида, қизиғида ҳал қилинар экан. Уларнинг тараққий этишига шу ҳам катта таъсир кўрсатган. Масалан, заводда бир деталь ясаётган куриянга «Шуни тезроқ ясаб бер, жуда зўр бўлмасаям майли» дейилса, «Яхшилаб ясамасам, уни олиб ишлатган одам куриянлар ҳақида ёмон фикрга бориб қолади» деб кўнмас экан. Ёки «Буни ўзимга ўхшаган бир ватандошим, миллатдошим олиб ишлатади-ку!» дер экан. Шу хислат аслида бизнинг халқимизга хос бўлиши керак эди. Нима учун хорижда ишлаб чиқарилган маҳсулотни ўзимизникидан афзал деб биламиз? Чунки ўзимизники баъзан сал сифатсизроқ ясалган, сал эътиборсизроқ қаралган бўлиб қоляпти. Масалан, ўзбек автомобилини салондан олиб чиқиб, аввал устага бир кўрсатиб олишга тўғри келиб қоляпти. Жанубий Корея, Япония, Германия автомобилсозлик компаниялари эса бирорта носозлик аниқланиб қолса, ўша йили ёки ўша русумда ишлаб чиқарилган ҳамма автомобилларни (баъзан бир неча юз мингтасини) қайтариб олиб, узр сўраб, тузатиб беришяпти. Тўғри, бунда ўз компаниясининг нуфузини сақлаб қолиш, мижозларни йўқотмаслик мақсадлари ҳам бор. Лекин оддий инсоф, ҳалоллик ҳам йўқ эмас. Нима бўлса ҳам, улар «Аллоҳ ишини пухта қилганни яхши кўради», деган ҳадиси шарифнинг маъносига амал қилиш билан жуда катта ютуқларга эришиб туришибди. Аслида бу ҳадиси шарифга амал қилишга энг ҳақли халқ мусулмон умматидир. Чунки бу сўз бизнинг Пайғамбаримизнинг насиҳатлари, Аллоҳга севикли бўлишга энг кўп интилиши лозим бўлган ва бу муҳаббатга ўзини энг ҳақли билган кишилар ҳам бизмиз. Уларнинг ўзи қўл урган ишга ана шундай виждонан, бор куч-имконияти билан киришиши, уни тўлақонли уддаламагунча қўймаслигини кўриб, агар булар мусулмон бўлса ҳам, дунёдаги энг яхши мусулмонлардан бўлса керак, дедим.

Иқтисодиёт, саноат.
Кореяда иқтисодиёт юқори савияда, капитализм – сармоячилик тизими асосида. Саноат, фан-техника жуда ривожланган. Армияси ҳам жисмоний ҳарбий тайёгарлик ҳисобига эмас, кўпроқ техник имконият ҳисобига кучли саналади. Айниқса электроника ва кемасозлик уларнинг асосий соҳаси экан. Хусусан, Samsung компаниясининг ишлаб чиқариши, айниқса, кемасозлик корхоналари жуда катта ўрин тутар экан. Ўзбек ишчиларнинг ҳам кўпи ўша корхоналарда ишларкан. Ойликлар иш муддати асосида белгилангани учун бир кун-ярим кун иш қолдирган ишчининг ойлиги қирқилади. Шунингдек, имкон бўлган ўринда қўшимча соат ишлаб берганга ойлик ҳам кўпайтириб берилади. Аммо вақтга нисбатан олганда, қўшувдан кўра қирқиш мўлроқ. Шу боис иш вақтига қаттиқ риоя қилишади.
Халқ иш билан тўла таъминланган. Ойликлар турмуш учун етарли. Саноатга жиддий аҳамият беришаркан. 7 кмлик сувости тунелни хомашёсини ҳам хориждан олмай, фақат миллий маҳсулот ва миллий қудрат билан қуришганини фахр билан зикр қилишади. Чунки Корея аслида Хитой каби хомашёга бой давлат эмас. Ишлаб чиқаришда аксар хомашё хориждан олиб кирилар экан. Умуман олганда халқнинг иқтисодий шароити жуда яхши, турмуши фаровон. Шу билан бирга, вокзал, бозор каби айрим жамоатчилик ерларида тиланчилар ҳам учраб турар экан. Улар асосан ташландиқ майхўрлар бўлар экан. Биздагилардан фарқли жойи шундаки, улар тўғридан-тўғри тиланар экан, обидсимон кийиниб, тақводорсифат бўлиб ёки Худони ўртага қўйиб сўрамас экан.
Кореяда мусулмонлар учун энг катта муаммолардан бири гўшт ва қурбонлик масаласи бўлиб қолибди. Жонлиқ сўйиш ҳуқуқи фақат қонараларга берилган. Якка тартибда сўйиш жиноят. Қонаралар эса фақат куриянларнинг тасарруфида. Табиийки, улар гўшт учун ҳайвонларни электр билан ўлдиришади. Мусулмонлар Австралиядаги мусулмонлар тарафидан сўйиб келтирилган гўштни истеъмол қилишар экан. Бизга мазкур гўштнинг рухсатномасини ҳам кўрсатишди. Ҳатто сўйишга кимлар гувоҳ бўлганигача кўрсатилган.
Куриянларнинг егуликларида денгиз маҳсулоти кўплигидан бўлса керак, озиқ-овқат дўконларида, емакхоналарида ўрганмаган одам учун ёқимсиз ҳид келиб туради.

Дин, эътиқод, ижтимоий ҳолат.
Аллоҳ таоло  Қуръони Каримда «Ер юзида сайр қилиб, ёлғонга чиқарувчиларнинг оқибати қандай бўлганига боқинглар», (Анъом сураси, 11-оят) дейди. Биз кўпинча бу оятларни илгари ўтиб кетган, ҳозирда айрим осорларигина қолган халқларнинг оқибатларини кузатиш ҳақида деб тушунамиз. Албатта, бу ерда биринчи навбатда ўшалар назарда тутилган. Аммо ояти каримани ер юзини кезиб, Аллоҳнинг динидан юз ўгирган халқларнинг дунё ҳаётидаги етиб борган даражасини, топган оқибатини кузатиш, бундан ибрат олиш маъносида ҳам тушуниш мумкин. Шу маънода қарайдиган бўлсак, куриян халқининг динсизлик, худосизлик натижасида етиб борган оқибатини кузатган кишининг уларга раҳми келади. Куриянлар узоқ вақтлардан буён буддавийлик динига эътиқод қилиб келишган. Яқин тарихда эса уларга Америка таъсирида христианликнинг протестант оқими кириб келган. Аммо ҳозирги авлод умуман олганда ҳеч бир динга, ғайбга ишонмайди. Халқнинг аксари моддапараст, худосиз, динсиз. Шунинг учун ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ деган тушунчанинг ўзи йўқолаёзган. Ўта моддапараст бўлиб кетишганидан, биров вафот этса, ўзининг бирор ножўя ҳаракати ёки бирор ёқмайдиган нарса еб қўйганидан ўлган деб қарашар, шунинг учун унга ачинишмас экан. Халқ моддий жиҳатдан фаровон кўринса-да, маънавий жиҳатдан ниҳоятда қашшоқ. Инсонлар гўё роботга айланган. Уларнинг наздида ҳар қандай одам бир ой ишламаса, ўладигандай. Чунки унга ҳеч ким қарамайди, биров ёрдам қилмайди. Шунинг учун улар нафақа ёшига етса ҳам ишлайверишади. Ишлашни истамагани ёки ишга ярамагани ўз жонига қасд қилиб қўя қолади. Аҳвол шу даражада эканки, ўзини дафъатан ўлдиришга ботина олмаганлар учун бир неча ҳафта мобайнида ички аъзоларидан бирини қуритиш билан инсонни ўлдирадиган дорилар бор экан. Шунингдек, қазо ва қадарга иймон, у ҳақда тушунча бўлмагани учун арзимаган муваффақиятсизликни деб ҳам ўз жонига қасд қилиш авж олган. Масалан, севганига етиша олмаслик, ўқишда имтиҳондан йиқилиш, бирор жиддий мақсадига эриша олмаслик, ҳаётдан зерикиш ва ҳоказо. Ҳатто ўзини метро тагига ташлаш оммалашиб кетганидан метро тўхташ ерларидаги қирғоқлар ойна билан ўралган. Метро келиб тўхтаб, эшикларини ойна девор эшикларига тўғрилаб очгачгина ойна девордаги эшиклар очилади ва фақат метронинг ичигагина йўл қолдирилади.  Шунингдек, армияда ҳам ўз жонига қасд қилиш кўп учрайди. Кўпинча аскар йигит ҳарбий хизматда эканида севгилисининг бошқа биров билан  боғланганини эшитиб қолса, тайёр имкониятдан фойдаланиб, ўзини отиб ташлай қолади. Ҳисоботларга қараганда, Корея ичкилик ва ўз жонига қасд қилиш бўйича дунёда етакчи ўринда туради.  Руҳий бўшлиқ, маънавий қашшоқлик оқибатида куриянлар учун ягона ҳузур берадиган нарса мастлик бўлиб қолган. Уларга: «Нега буни ичасан? Соғлигингга зиён-ку!», дейилса, «Дунёда бошқа нима маза бор?» дейишаркан. Шу боис деярли ҳамма ичкилик билан таскин топади. Эркаклар ичкиликка ниҳоятда муккасидан кетганидан айрим ташкилотлар уларнинг ойликларини хотинининг ҳисобига туширар экан. Чунки кайфида ножўя сарфлаб юбориши эҳтимоли баланд.
Масжидлар оз. Жамоатлар асосан хориждан келган мусулмонлардан иборат. Кўпи малай, индонез, араб ва ўзбек каби мусулмон халқлар. Турли мазҳаб вакиллари бор. Ерли халқдан, асл куриянлардан мусулмон бўлганлар кам. Масжидлар кичик, шароити яхши. Аммо шароит ва жамоат сони жиҳатидан Тошкент масжидларига етишига анча бор. Юқорида айтилганидек, Сеулдаги марказий масжид Шимолий Корея мусулмонлари диний идораси яқинида жойлашган. Шунинг учун бўлса керак, у ерда ҳалол емакхоналар ҳам кўп экан. Араб, турк, малай, ва куриян ҳалол ошхоналари бор.
Бу масжиднинг жамоати ҳам бошқа масжидлардагига нисбатан кўп. Имомнинг қироати яхши экан. Бу ерда бир нарса эътиборимни тортди. Масжидга киришга бир лавҳа осилган. Унда аёллар кўйлаги сурати солинган. Калта кўйлак устига тақиқ чизиғи тортилган. Лавҳада аёл киши бу ҳудудга шаръий либоссиз, авратларини тўсмасдан кириши тақиқлангани эълон қилинган.

Протестант оқимига мансуб черковлар бисёр бўлиб, моддий жиҳатдан анча обод. Америкадан катта маблағ киришига қизиқиб черков очаверишган экан. Аммо халқнинг қатнови кам, чунки моддапарастлик динсизликка олиб келган. Кўча-кўйда ўз диний либосларида юрган роҳибаларни ҳам кўрдик.
Инсон ўлса, уч кун ушлаб туришар, кўпинча шифохоналардаги махсус хоналарда сақлашар экан. Уч кун ичида ўликнинг яқинлари келиб, у билан хайрлашишади. Келганларга ўша ернинг ўзида зиёфатлар уюштирилади. Уч кундан кейин маййит дафн қилинади. Дафн ўлик эгаларининг шароитига қараб икки хил амалга оширилади. Кореяда ер жуда қиммат. Маййитни кўмиш учун ер сотиб олишга ҳамма ҳам қодир эмас. Бой кишилар маййитини ерга кўмади. Бошқалар эса ўликни куйдириб, куймай қолган суякларни майдалаб, кукунини бир идишга солади ва махсус ерга олиб бориб қўяди.
Халқнинг ақлияти асосан ОАВ билан шаклланар, озуқаланар экан. Ахборот воситаларида эса исломий таълимот йўқ. Шунинг учун у ерларда Исломнинг тарқалиши жуда секин. Халқда ҳақиқий маънавий озуқа йўқ ҳисоби. Қолаверса, Оврўпадагидек атрофдан даъватчилар келиши ҳам сезиларли даражада эмас. Айтишларича, айрим таблиғ гуруҳлари келиб турар экан. Аммо улар фақат мусулмонларни тўплаб даъват қилишаркан. Қизиғи шундаки, «Биз сизларга «ла илаҳа иллаллоҳ»ни ўргатгани келдик», дейишар экан, яъни калиманинг ҳақиқий маъносини таълим бермоқчи бўлишаркан. Аммо ерли халққа ўз тилларида чин Исломни етказиб берувчи одам деярли топилмайди. Пусандан қайтишимизда вокзалда бир куриян мусулмон бизни эшитиб, кўришгани келибди. У Исломни онгли равишда қабул қилиб, ўрганиб, миллатдошларини ўзи эришган ҳақиқатга чорлаётган илмли мусулмон бир куриян бўлиб, исми Зубайр экан. Афсуски, фақат кўзлар бир-бирига тушди, тиллар тушмади.
Диний идора фаолияти ниҳоятда суст, муфтийси куриянлардан. Мусулмон мамлакатлари билан алоқа тиклайдиган, келтирилган хайрияларни ўз ўрнига сарфлайдиган фаол раҳбарга эҳтиёжлари катта.

Оила.
Куриянларда оила тизими бузилган, оиланинг аҳамияти ниҳоятда паст даражада. Юқорида айтилганидек, пул аёлнинг қўлида бўлгани учунми, эркакларнинг эрлик сифати пастлаганиданми, оилада гапи ўтадиган одам хотин  бўлиб қолган. Ҳатто одатда эр-хотин орасида келишмовчилик юз берса, эр ҳайдаладиган ҳолга келган. Эркакларда рашк деган сифат йўқ. Одамларни боғлаб турувчи асосий ришта иш ва манфаат. Натижада силаи раҳм деган улуғ алоқа узилган. Узоқ қариндошлар у ёқда турсин, ота-она билан ҳам боғлиқлик жуда кам. Мезбон юртдошларимизнинг айтишларича, топган ойликларини ватанга, ота-оналарига юборишлари, оилалари учун бир нималар харид қилиб, йўллашларини ҳамкор куриянлар эшитса, буни «тентаклик, ақл бовар қилмас аҳмоқликдан бошқа нарса эмас» деб баҳолар экан. Куриянларнинг наздида фарзанд боққандан ит боққан яхши. Чунки фарзанднинг турган-битгани чиқим, туғилганидан тортиб уни боқиш, парваришлаш, едириб-ичириш, кийинтириш, ўқитиш, тарбиялаш – ҳамма-ҳаммаси харажат. Шу билан бирга, бу фарзанд охир-оқибат ўз йўлини топгач, ота-онасини ташлаб кетиши аниқ. Итнинг эса деярли чиқими йўқ ва у доим эгасига ҳамроҳ. Бечоралар ўз фарзанди ёки жигаридан меҳр топа олмагач, нопок ҳайвонга бўлса ҳам меҳр боғлаб, юрагини тўлдиргиси келади. Дарвоқе, ейиладиган итлар билан боқиладиган итлар бошқа бошқа бўлар экан. Кўча-кўйда бола етаклаган аёлни жуда кам учратасиз. Халқининг камайиб ҳамда қариб бораётганини пайқаган давлат яқин йиллардан бери фарзанд кўришга тарғиб ва ташвиқларни кучайтира бошлабди ва бунинг бироз натижаси кўрина бошлабди. Бироқ, аҳвол ҳали ўнгланмаган. Уйланиш жуда қимматга тушар экан. Куриянларнинг ўзбек қизларига қизиқишларига сабаб уларнинг «арзон»лиги ҳамда оилада эрни ҳурмат эътибор қилишлари экан. Ўзбек қизларининг куриянларга турмушга чиқиши асосан уларнинг киноларидан таъсирланганлари ҳамда ота-оналарнинг 2-3 минг долларга алдангани. Шу арзимас матоҳга қизиқиб, қизларининг ҳаётини қурбон қилишга тайёр бўлганларидандир. Аслини олганда эса, кинолар куриянларнинг на ҳозирги ҳаёт тарзи, на тарихига алоқадор, балки айрим куриян миллатпарварларининг ўзга етакчи миллатлар ҳақида ўқиган-билганларини ўз халқларида кўришни истаганларидан орзуларини уларга намойиш қилишларидир, холос. Кинолардан мақсад куриян халқини орзудагидек, олийжаноб, улуғвор, жанговар ва мард қилиб шакллантириш экан. Фильмлардаги воқеалар куриянларнинг нафақат бугунги ҳаётида, ҳатто тарихида ҳам юз бермаган тўқима тасвирлардир. Шундай бўлса ҳам, уларнинг киночиларига раҳмат, миллатининг юксалиши учун, ёлғон бўлса ҳам, кучли ижобий таъсирга эга фильмларни ўйлаб топишар экан. Ҳатто ўша кинолардаги «Худо», «Самодаги зот» каби иборалар ҳам халқда илоҳиётга ишонч туғдириш учун киритилар экан. Улар ўзларининг эзгу мақсадлари йўлида уйдирма ва ёлғондан ҳам шундай фойдаланишганки, ўзини дунёга устоз алломаларнинг авлоди деб билган катта бир халқ уларга ишониб турибди.  Минг афсуслар бўлсинки, бизнингкиночиларимиз бутун дунёга одоб-ахлоқ, илму маърифатда устоз, етакчи бўлган, мард ва олийжаноб, буюк аждодларимиздан бирортасининг ҳаётини тўла ва холис ёритадиган битта ҳам фильм ишлаганлари йўқ. Ҳолбуки, ундайин йўлчи юлдузларимиз саноқсиз. Бунинг ўрнига енгил-елпи, сохта, сафсатага тўла бачкана фильмлар билан ёш авлоднинг тарбиясини бузувчи, миллийлигини парчаловчи, дину диёнатини емирувчи, ахлоқ-одоб, ҳаё-иффат туйғуларини барбод қилувчи, уларнинг бетини қотириб, қалбини ўғирловчи бузуқ, савиясиз саҳналар билан бандлар. Бунинг учун ёлғондан ҳам тап тортишмайди. Ҳатто ақлини таниган ёш бола ҳам ишонмайдиган саҳналарни миллионлаб халққа тақдим қилишдан уялишмайди.
Халқимизга ичим ачиганидан шу ўринда ўша кунлари ўзимиз гувоҳ бўлган бир воқеани айтгим келди. Бизни олиб юрган мезбон ватандошларимиздан бирига ўша ердаги ўзбек аёлидан савол хати келибди. У ўша саволни устозлардан сўради. Аёл куриян йигитга турмушга чиққан экан. Йигит никоҳдан олдин калима келтирган. Аммо кейинчалик: «Мен Исломга ҳам, Худога ҳам ишонмайман», деган экан. Назаримда улар «калима келтириш» талаб қилинганда бу сўз шунчаки ўзбекларнинг урфида рози-ризолик изҳори сифатида никоҳ пайти айтиладиган жумла деб англашади чоғи. Хуллас, аёлнинг саволи қуйидагича: «Учта фарзандимиз бор. Мен уларни мусулмон қилиб тарбия қилишни истайман. Шунинг учун уларга тўнғиз гўшти ҳам едирмайман. Аммо эрим мен йўғимда қасдма қасдига уларга тўнғиз гўшти едириб қўйяпти. Мен нима қилишим керак?» Устозлар бунга жавобан: «Эр Исломни инкор қилгани заҳоти ораларидаги никоҳ риштаси узилган. Аёл тезда ажралиши лозим», дейишди.
Ватандошларимизнинг айтишларича, у ерга турмушга чиққан тўқсон фоиз ўзбек аёлларининг аҳволи мана шундай. Эри Исломни тушуниб, чинакам мусулмонга айлаганлари ҳам йўқ эмас, аммо жуда оз экан.
Сеулда Намсан минорасига чиқдик. Бу ер Тошкент Юнусободидаги Телеминора каби саёҳат ва истироҳат маскани экан. Шаҳарнинг энг юқори жойи бўлгани учун бу ердан бутун Сеул кўриниб туради. Миноранинг тагида бир айвон бор. Айвон атрофи панжара билан ўралган. Иккита учта дарахтсимон қурилмаси ҳам бор. Қурилмаю панжара, ҳатто айвонгача бўлган узун йўлакларнинг панжараларига ҳам қулфлар осилган. Катта-кичик ҳажмдаги турли шаклли қулфлар. Баъзилари рангли, баъзилари юрак шаклида, кўпиларига исмлар, саналар, юрак рамзи ёки «I love you» каби сўзлар ёзилган. Билсак, уларнинг одатига кўра, севишганлар ўзаро аҳду паймон қилишгач, ришталари узилмаслиги, бир-бирларига чамбарчас боғланиб қолиш, айрилмаслик ниятида ўша ерга чиқиб қулф осиб тушишар экан. Биз кўрган устма-уст бўлиб кетган минглаган қулфлар ўша севги қулфлари экан. Ҳамроҳларимизнинг айтишларича, қулф осганларнинг 90 фоизи ажрашиб кетар экан. Балки дастлаб бир-бири учун қулф осган севишган жуфтларнинг ҳар бири орадан кўп ўтмай, бошқа янги жуфти учун қулф осса керак, қулфлар ўта кўп, ҳисобсиз. Худди тўй юртга эълон қилиниб, ажрашув ўзаро ҳал қилинганидек, улар ҳам аҳду паймон тузганда қулф илишаркану, ажрашишганда бориб қулфни олиб ташлашмас экан. Агар шундай қилганларида, балки у ерда озгина қулф қолса керак эди. Ҳа, инсон ҳаётида ҳал қилувчи омил унинг феълу амалидир, рамзий тилаклари ёки ирим сиримлари эмас.

Кийиниш маданияти.
Куриянларнинг миллий либослари жуда ҳам сипо. Айниқса, аёлларнинг миллий либослари, агар катта рўмол қўшилса, тўла шаръий талабдаги кийим бўлади. Эркакларнинг миллий кийимлари ҳам жуда чиройли. Аммо бу либослар, кўплаб халқларда бўлганидек, миллий анъаналарни намойиш қилиш чоғидагина қўлланадиган бир эрмакка айланган. Кўча-кўйда, кундалик ҳаётда умуман учрамайди. Миллий либослар бозорига ҳам тушдик, кийимлари анчагина қиммат. Балки кундалик яшашда ишлатилмагани, ёдгорлик ашёси сифатида қаралгани учун ҳам шундай бўлса керак. Одатий ҳаётда кийиниш ғарбча тус олган. Аёлларнинг кийимлари уятли даражада. Уларнинг тушунчаси бўйича, оёқни ҳар қанча очса ҳам уят жойи йўқ, аммо елка тарафни очиш ахлоқсизлик, ҳатто бузуқлик аломати саналади. Шунинг учун асосан тананинг юқори қисмини ёпишар, оёқлар кўпинча либосдан «маҳрум» юрар экан. Умуман олганда, кийиниш борасида менга улардаги бир нарса ёқди: у ерларда мода йўқ экан. Ҳар ким ўзига қулай ва ёққан кийимни кияр экан. Шунинг учун фалон кийим мода бўлибди деб, ўзига қулай-ноқулайлигига, қиммат-арзонлигига қарамай олиб кийишдек бемаза одат йўқ.

Тил ва муомала.
Куриян тили тил қоидалари, гапдаги сўзларнинг жойлашиши жиҳатидан ўзбек тилига тўла мос тушаркан. Масалан, «Мен Кореяга бориб, саёҳат қилиб келдим», дейиш учун мазкур сўзларни луғатдан топсангиз бас, худди шу тартибда қўйиб қўяверасиз. Шунинг учун ҳам бўлса керак, ўзбекларимиз куриян тилини осон ўзлаштиришар экан. Куриянларнинг нутқида яна бир камёб хусусият бор. Маданиятли гапириш услубига кўра, ҳар бир гап бироз оҳанг билан, чўзиброқ тугалланади. Муомала маданиятига келсак, куриянлар анчагина беозор, юмшоқ муомалали халқ.
Камина куриянларнинг иқтисодий, оилавий, ижтимоий ва маънавий ҳолатларини кузатар эканман, уларнинг юксалиши билим ва меҳнат туфайли бўлгани, бу соҳалардаги ютқазиш ва аянчли ҳоллари эса динсизлик, эътиқодсизлик, ҳақиқий илоҳий таълимотдан маҳрумлик сабабидан эканини кўрдим. Буддавийлик динига эътиқод қилган хитой, япон халқлари каби куриянларда ҳам тараққиётга эришиш диндан воз кечиш ҳисобига қўлга киритилган. Чунки буддавийлик дини инсон асосан таркидунёчилик, дунё лаззатлари ва неъматларидан маҳрум бўлиш билан улуғлик, чин инсонийлик даражасига эришади, Худога яқин бўлади, деб қарайди. Бир даврлар мазкур халқлар бечораҳол бўлиб юрган пайтда бу дин уларга тасалли берган, ночор воқеликдан рози бўлишга ўргатган, эриша олмаган нарсаларидан кўнгилни тўқ қилиб, руҳиятларига сокинлик бахш этган. Аммо бундай қараш инсон табиатига зид эди. Аксига олиб, яқин тарихда кириб келган насронийлик ҳам бузилган, таркидунёчиликка айлантирилган бир таълимот бўлди. Қачонки улар тараққиёт, моддий юксалиш йўлларини кўргач, қарашса, олдиларида икки йўлдан бирини танлаш мажбурияти турибди: ё динини ушлаб, дунё фаровонлигидан воз кечади, ё дунёвий тараққиёт, кенгликни танлаб, диндан воз кечади. Шунда улар «насия»дан кечиб, «нақд»ни олишга қарор қилишган экан. Динига амал қилай деса, дунё ҳаёти фаровонлигига эриша олмайди. Динни тан олсаю амал қилмаса, виждони қийналади, ўзига ўзи қарши тура бошлайди. Шу боис виждон азобида қийналмаслик, чекловларни мутлақ йиғиштириб ташлаш учун улар бир йўла Яратгувчини ҳам инкор қилишга ўтишган. Диндан, эътиқоддан кечиб, ҳеч қандай тақиқ ва шарт қўймайдиган нафс эркинлиги асосидаги фарвонликни танлашган. Энди ўзлари истаган фаровонлик, моддий тўқликка эришган бўлсалар-да, маънавий жиҳатдан қашшоқлашиб кетишган. Натижада юқорида айтилган аянчли оқибат уларнинг бошига тушиб турибди. Агар уларга ҳам соф Ислом таълимотлари етиб борганда эди, балки улар моддий жиҳатдан бугунгидан-да тараққий этган, маънавий томондан эса етуклик, фароғат ва ҳаловатга эришган бўлишарди. Улар «Аёлингни оғзига тутган луқманг ҳам садақадир», «Ҳалол касб қилиб, чарчаб ухлаган банда уйғонаркан, гуноҳлари тўкилган ҳолда туради», «Сизларнинг яхшиларингиз дунёсини деб охиратини, охиратини деб дунёсини тарк этмаганингиздир», «Бир динорни Аллоҳ йўлида нафақа қилдинг, бир динорни мискинга едирдинг, бир динорга қул озод қилдинг, бир динорни аҳлингга нафақа қилдинг, буларнинг энг ажри кўпи аҳлингга нафақа қилганингдир», «Ким қиз тарбиялаб, унинг одобини гўзал қилса, унинг учун дўзахдан тўсувчи парда бўлади», «Онангнинг оёғига ёпиш, жаннат ўша ерда», каби илоҳий таълимотлардан бебаҳра қолишган. Биз уларнинг инсоний фитратдан маҳрум бўлган изтиробли ҳолатларини кўриб, мусулмон умматидан, асрлар оша Исломга амал қилиб келган, дину диёнат қон-қонига сингиб кетган ўзбек миллатида дунёга келганимизга шукроналар қилдик. Аммо шу ўринда бир мулоҳаза ҳам келди. Юқорида зикр қилинган ояти каримада таъкидланганидек, Аллоҳнинг динини ёлғонга чиқарганларни кузатар эканман, бундан ўзимизга сабоқ олишимиз лозим эканини ҳис қилдим. Бу сабоқ икки жабҳада кўринди.
Биринчи: Бизнинг халқимиз асрлар оша мусулмон бўлиб келган, балки Ислом таълимотини тарқатишда дунёга устозлик қилган. Шундай бўлса-да, турли сабабларга кўра, сўнгги асрларда қолоқлик ботқоғига ботиб, натижада ювиқсиз халқларга мустамлака ҳам бўлдик. Бунинг сабаби диндорлигимиз эмас, балки динимизни билмаслигимиз ёки унга амал қилмаслигимиз бўлган, «Исломда роҳиблик йўқ» дея эълон қилган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таълимотлари қолиб, бошқа динлардан кирган таркидунёчиликка ружу қўйганимиз, дин ва дунё орасига ўтиб бўлмас сохта кўприк ясаганимиз бўлган. Натижада мустабид тузум даврида Ислом динининг моҳиятидан бехабар кимсалар томонидан «ё тараққиёт, ё диёнат» деган тушунча халқ онгига сингдирилди ва кўпчилик жўшқин ёшлик даврини дунё ишратига, қувватсиз қариликни эса динга ажратадиган бўлиб қолди. Аслида дину дунё орасини айриш, динни ҳаётдан узиб тасаввур қилиш бошқа дин вакиллари ўз динларини бузиши натижасида пайдо қилган жарлик эди. Исломда эса дин инсоннинг дунёдаги ҳаётини Яратгувчисига боғлаган ҳолда тартибга солувчи кўрсатмалар мажмуидир. Хуллас, ана ўша нотўғри тасаввурлар натижасида мусулмон уммати дунёдаги етакчиликни қўлдан бой берди ва бу етакчиликни бошқалар қўлга олди.
Иккинчи: Дунё етакчилигини илоҳий таълимотлардан узилган, дунё ҳаёти ва маишатидан бошқа нарсани билмайдиган эллар қўлга олгач, инсоният ҳаёти ҳаловатсиз, изтиробли бир тарзга тушди. Борлиқни кашф этган, еру фалакни ўз измига солишга бел боғлаган инсон ўзлигини топа олмай, изтиробда яшайдиган, ўз келажагига ўзи таҳдид соладиган аҳволга келди, оламни зулмга тўлдирди. Золим ҳам ўзи, мазлум ҳам ўзи.
Иккала ҳолат ҳам инсонга Яратувчиси томонидан тақдим қилинган илоҳий таълимотдан мосуволик оқибатида келиб чиққан натижадир. Демак, инсон дунёда ҳақиқий бахтга, ортидан бахтсизлик келмайдиган саодатга эришмоқчи бўлса, Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларини мукаммал ўрганиши ва уларга амал қилиб яшаши лозимдир. Бинобарин, биз ҳам халқимизнинг, келгуси авлодимизнинг чинакам бахту саодат эгалари бўлишини истасак, уларга чин Исломни ўргатишимиз ва амалини ўз ҳаётимизда кўрсатишимиз дакрор. Дунё халқларидан ортда қолмаслик учун моддий тараққиётга эътибор қилиб, маънавиятни, дину диёнатни унутсак, нари борса, динсиз тараққиётга эришган ўша бахтсиз элларнинг аҳволига тушамиз, Аллоҳ сақласин! Зотан, ёши катта куриянларнинг айтишларича, уларда ҳам ота-она ҳурмати, оила қадри, миллий анъаналар, инсоний муносабатлар жуда яхши бўлган. Аммо Ғарбга кўр-кўрона тақлид қилиш натижасида ўзликларини йўқотишган. Ҳар ким ўзи билан ўзи бўладиган, ҳар бир нарса моддий меъёр билан ўлчанадиган, юқорида айтилгандек, фарзанд ота-онага қарамайдиган, ота-она фарзанддан узоқ, инсон учун «бола боққандан ит боққан афзал» саналадиган аҳволга келишган.
Мен куриян халқининг юқорида зикр қилинган ҳолатини кўриб, уларнинг чин Ислом таълимотига жуда-жуда муҳтож эканларини, уларга бу динни етказиш мусулмонларнинг инсонийлик бурчи эканини ҳис қилар эканман, бу ишни аввало ўз халқимиздан бошлашимиз долзарброқ эканини пайқадим. Ҳали имкон борлигида ёш авлоднинг дину диёнати, одоб-ахлоқи, миллий қадриятларини сақлаб қолиш ҳар бир ўзбекнинг бурчидир. Бу борада аҳли илмлар ва раҳбарларнинг масъулияти ниҳоятда катта. Зотан мусулмончиликда дину дунё орасида тўсиқ, динни ҳаётдан ажратишга бирор зарурат ёки асос ҳам йўқ. Биз бошқа дин вакиллари каби дунёвий тараққиёт, фаровон ҳаётга, илму фанда етакчиликка эришиш учун динимиздан кечишга мажбур эмасмиз. Балки динимизни самимий қалб билан, соф манбадан ўргансак, унга амал қилиб, кўрсатмаларини ҳаётимизга татбиқ этсак, дунёвий хатти-ҳаракатларимиз, уринишларимиз янада пухта, самарали, завқли, энг муҳими баракали ва савобли бўлишига эришамиз, ин шаа Аллоҳ. Бир фазилатни қўлга киритиш учун ундан катта фазилатни қўлдан бериш ақлдан бўлмайди албатта. Фалакни забт этиш, ерни кашф этиш, элларга етакчи бўлиш учун кийимни алмаштириш ёки ечиш, дину диёнатдан, ахлоқ-одоб, ҳаё, иффат, одамгарчилик каби инсоний фазилатлардан воз кечиш шарт эмас. Шу билан бирга, мамлакатимизда илм-фан ва саноатни ривожлантиришга янада жиддий эътибор қаратиш, шароит яратиш лозим экан. Кореяга ишлаш учун борган ватандошларимиздан бири ўша ерда топганчалик иш ва ойликни ўз юртларида, оила бағрида яшаган ҳолда топишни орзу қилишларини ўкинч билан айтди. Сармоядорларимиз фалон миллион долларга ошхона, тўйхона қилавермай, ўша пулни, мабодо фойдаси унча кўринмаган тақдирда ҳам, фан кашфиётлари, ихтиролар, ишлаб чиқаришлар учун тиксалар, миллат ва ватан равнақига, келажагига ижобий ҳисса қўшган бўлардилар. Умум халқимиз ҳам қабристонлардаги бидъат-хурофот йўлида сарфланаётган маблағларни талабаларга, илму маърифат ва фан йўлига харжласалар эди, ўша қабрларда ётган улуғ аждодларимиз каби буюк инсонлар авлодларимиздан етишиб чиқарди. Шунингдек, тўй-маъракалар, базмларда кимўзарга тикилаётган мол-пулларни ҳам элнинг, дину маърифатнинг келажаги учун йўналтириш  лозим. Топгани тўйга буюрадиган эмас, эл-юртга ярайдиган, ҳатто оламга татийдиган халқ бўлишимиз керак.  Балки шунда ўғлонларимиз қорин боқиш учун бегона юртларда минг бир машаққат, турли хатарларга рўпара бўлиб юрмасмиди…
Аллоҳ таоло барча элларни Ўз ҳидоятига эриштирсин!

Ҳусайнхон Яҳё Абдулмажид
23.07.16

Сўнги таҳрир санаси Сешанба, 02 Август 2016 14:55
Баҳам кўринг

Leave A Reply