Ибрат бўл, муслима синглим

0 195


Бўш вақтларимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари ҳаётидан ҳикояларни ўқиб чиқар эканман, бу хонимларнинг ўз хулқларига нақадар жиддий ёндашганлари мени ҳайратга солди.

Биринчи навбатда уларни бошқалардан ажратиб турадиган нарса шу эдики, оналаримиз бугунги хонимлар каби ўзгаларнинг эмас, ўзларининг юриш-туришларига асосий эътиборни қаратганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари барча муслималар учун ибрат намунаси бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бунинг бир қанча сабаблари бор.

Оналаримиз (биздан фарқли равишда) Исломни чексиз панду насиҳатлар ёки ўз фикрини ўтказиш йўли билан эмас, балки ўз ибратлари билан ёйишни афзал билганлар. Шунинг учун мен бугун барчамизга (аввало, ўзимга) муслима учун хулқи билан ибрат бўлиш нақадар муҳимлигини эслатиб ўтмоқчиман.

Сенинг хулқинг бошқаларга ҳам таъсир қилади.

Муҳтарама синглим, бизнинг хулқимиз сен ўйлагандан кўра кўпроқ таъсир доирасига эга. Бизнинг бошқалар олдида ўзимизни тутишимиз инсонларнинг муслималар ҳақидаги тасаввурига дахл қилмай қолмайди. Мисол учун ярашмаган макияжни қилган, тўғрироғи, юзига бўёқ чаплаган муслима қизларни олайлик. Шундай қизларни кўрганингизда нима келади хаёлингизга? Менга бундай қизлар ўз йўлини танлаб ололмаган, на у тарафни, на бу тарафни қойиллатмаган, иккиюзламачидек кўринади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларнинг энг ёмони анавиларга бир юз билан, манавиларга бошқа юз билан келадиган иккиюзламачи эканини топасиз”, деганлар (Саҳиҳи Бухорий, 3493-ҳадис).

Шунинг учун ҳам, азиз синглим, биз ўз юриш-туришимизда иккиюзламачилик ва ўзимизга муносиб бўлмаган нарсалардан узоқ бўлишимиз лозим.

Ўзингни алдама!

Кўпинча шундай бўладики, ўз хатоларимизни тушунмай ҳам туриб, уларни тан олгимиз келмайди. Бундан ҳам ёмони – киши ўз ноҳақлигини билатуриб, насиҳат қилган киши билан баҳслашишни бошлайди. Бу жудаям ёмон хулқ, бундай хулқ ўз соҳибининг атрофидан яхши инсонларни ҳайдайди. Чунки киши бировнинг гапини қабул қилишни хоҳламас экан, эртами-кечми энг яқин кишилари ҳам насиҳат қилишдан чарчайди. Натижада инсон ўз заифликлари билан ёлғиз қолади, оқибатда нафси уни ҳалок қилади.

Шундай экан, инсон танбеҳларга қулоқ тута билиши, бошқалар ибрат олиши учун, аввало, ўзини ислоҳ қила олиши лозим.

Инсоннинг иймони – Аллоҳ таолонинг омонатидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Уч нарса қай кишида бўлса, холис мунофиқ бўлур: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф этади, омонат ишонилса, хиёнат қилади”, деганлар.

Сукут сақлашни бил!

Муслиманинг хулқи ҳақида сўз борар экан, унинг дугоналари билан муносабатлари ҳақида тўхтаб ўтиш лозим. Кўпинча бизнинг атрофдагиларга қиладиган муомаламиз кейинги муносабатлар қандай бўлишини белгилаб беради. Мисол учун биз ғийбат қилмаслигимизни билса, яқин дугоналаримиз бизнинг олдимизда маълум даражада бундан тийиладилар, чунки бу ҳолда уларга танбеҳ беришимизни биладилар. Асл исломий дўстлик ана шундай, дугоналарнинг ижобий хулқлари бир-бирларига таъсир қиладиган бўлиши керак. Мабодо, сиз дугонангизга танбеҳ бера олмасангиз, ҳеч бўлмаса, унинг нотўғри ишларини рағбатлантирмай, сукут сақланг.

Агар инсоннинг атрофидагилар нотўғри ишларини маъқуллаб турмаганида улар озроқ хатога йўл қўйган бўлардилар. Бугун айнан мана шу муносабатлар туфайли ҳам исломимиз ғариб ҳолатда.

Ҳар бир инсон ўзининг даврасини ҳамда ўзига бўлган муносабатни ўзи шакллантиради. Шундай экан, бу давра ва бу муносабатлар тўғри бўлиши учун жидду-жаҳд қилиши лозим.

Аллоҳ таоло бизга ўзимизни ислоҳ қилишни насиб қилсин!

Алфия Синай

http://islamdag.ru/musulmanka/50393
Баҳам кўринг

Leave A Reply