Аллоҳга хамду санолар бўлсин!
Пайғамбаримиз (с.а.в.)га дуруду саловотлар бўлсин!
Исломнинг 5 та рукнидан биттаси хаж. Бу амал мусулмонларга фарз бўлиб, хажга соғлиғи, имкони етганлар боради.
Қуръони каримда: “Унда аниқ аломатлар-“Мақоми Иброҳим” бордир. Унга (Каъбага) кирган киши омонда бўлур. Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни хаж қилиш (фарзи) бордир. Кимда-ким (буни) инкор этса, бас, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир”,- дейилади. (Оли Имрон 97-оят)
Хадиси шарифлардан бирида:
“Кимки хажга қодир бўлса-ю, хаж қилмаса, яҳудий бўлиб ўлсин, хоҳласа насроний бўлиб ўлсин”,- дейилган.
Демак, қудрати етганича амрни адо етиш керак, чунки хаж-фарз. Аёл киши хаж қилиши учун маҳрами бўлиши шарт. Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир кишига ғазотдан қолиб, хотини билан хажга боришни амр этганлар.
Хаж маросимида Муҳаммад (с.а.в.) Мадинадан Маккага Каъбани тавоб қилишга келганлар. Хаж 629 йилдан бошлаб мусулмонларга расмий анъананага айланди. 631 йилда Муҳаммад алайҳиссалом видолашувхажида умрага қўшимча, арофат тоғида нутқ сўзлаб Мино водийсига келиб қурбонлик қилдилар. Ман шу катта хаж ҳисобланади.
“Мақбул бир хажнинг мукофоти, фақатгина жаннат бўлади,”- деган маънодаги ҳадис бор.
Мен юқоридаги ҳадисларни устозимдан эшитгач хаж, умра сафари ишқида юрдим.
Болаларимнинг отасига кўп гапирдим. Ҳадисларни ўқитдим. Шундан сўнг ниҳоят умрага “Лайлатул қадр” кечасига борадиган бўлдик. Хўжайиним кассага пул тўлашга борсалар: “Бу йил умра йўқ”,-дейишибди. Эшитиб, кўп йиғладим. 3 кун овқат ҳам еяолмадим. Хужайиним шунда: “Бизга Аллоҳ бундан ҳам афзалини хоҳлагандир,”-дедилар. Озроқ вақтдан сўнг учинчи ўғлим: “Онажон доктор кўригидан ўтинглар, хажга борасизлар,”-деб қўлимга қоғоз тутқазди. Ишонмадим. Анча кун ўтгач, маҳалла комиссия бошлиғи, хужжатларни олиб келинглар, деди. Шунда ишондим, севинчимнинг чегараси йўқ эди. Алҳамдулиллаҳ, Аллоҳим бизга хажга боришни насиб этди. Бора олмаганлар қанча ... Бувам, отам бора олмай, хаж қилиш, Каъбатуллоҳни кўриш ишқида йиғлаб-йиғлаб ўтиб кетишди. Шундай улуғ неъматни Роббим бизга насиб этди, Роббимга хамд-у санолар бўлсин!
Ал Баззоз бу ҳадисни Абу Мусо Ашъарий (р.а.)дан ривоят этганлар:
Пайғамбаримиз (с.а.в.) бизга мужда бериб айтдилар: “Агар мабрур хаж бўлса, хожи ўз оила аъзоларидан 400 кишини шафоат қилади!”
Харами шарифда бир ракат ўқилган намоз учун юз минг, Пайғамбаримиз алайҳисаломнинг масжидларида бир ракат ўқилган намоз учун минг савоб берилади.
Бизни Аллоҳим шундай савоблардан баҳраманд қилган бўлсин.
Биз 11 март 1999 йилда Макка келдик. 2 апрелда Тошкентга қайтдик.
Бу сабр ва ният имтиҳони, ҳамма ҳар хил ҳолатда. Самолётда ҳам шундай, ким қуруқ сафсата билан овора, ким зикрда ва.ҳ.к
Биз қўлимизга берилган хаж қўлланмасини ўқиб кетдик, ҳар хил гаплар ҳам кўп бўлди.
Биз кечқурун тўғри Жиддадан Маккаи Мукаррамага келдик. Меҳмонхонага келсак, фоеда худди тўй дастурхонига ўхшаш дастурхон тузатилган. Фое жуда катта, ёруғ, шунақа чиройлики... ичкарида араб тилида “Аллоҳнинг меҳмонлари, хуш келибсиз”,-деб ёзилган экан. Арабчани билмаймиз, бизга тушунтириб беришди. Бу неъмат насиб бўлганидан жуда тўлқинландим, йиғлаб ҳам олдим.
Сўнг хоналарга қий-чув билан жойлашдик, чунки хеч ким қайси хонага киришини билмайди, кимдир биродарини кутган. Мен Саодатхонни кутиб турдим. Лекин у хона тўлган экан. Мен бошқа хонага жойлашдим. Сўнг Каъбатуллоҳ тавофига кетдик. Автобуслар тун-кун хизматда. Каъба эшигидан кирдик. Бу гўзаллик нурлари, одамларнинг кўплиги бизларни хайратга солди. Аллоҳ иродаси билан қодир қилганича тавоф ва сай амалларини адо этдик. Тавоф ва сайдан сўнг 2 ракат намоз ўқидик. Бомдод намози вақтида сочларимизни кестирдик. Сўнг меҳмонхонага келиб, дам олдик. Пешин вақтида пешин намозига бордик ва ҳ.к. Хажгача шундай давом этди.
Бир хил одамлар кока-кола ва бошқа ичимликлар ичиб идишларини кўчага отмоқда, ваҳоланки бу муқаддас ер, бу ерга тупурилмайди. Ахлатларни тозалаб қўйса, савоби кўп бўлади. Меҳмонхонада ҳам аёллар раковиналарга ҳар хил нарса ташлаб, сув кетмайдиган ҳолатга келтиришди. Тозаласак, савоб. Бу ерда 1 савобга 700 ҳасанот бўлгани учун кўп савоб ишлар қилиш керак. Кам ухлаб ибодатни кўпайтириш керак. Ширин сўз, очиқ юзли бўлиб, жанжал қилиш керак эмас. Жанжаллар хаж ибодати савобларини кетказади. Ичиб турган сувидан қуйиб берса ҳам, савоб бўлади.
Оёқ кийимларни белига қистирмасдан халтага солиб тавоф қилса бўлади. Ахир ҳукмдор ҳузурига чиройли ҳолатда бориш керак. Тавоф намоз каби ибодат, лекин гапирган билан бузилмайди. Тавофда бир-бирини туртилмайди, бировга азият берилмайди. Каъбатуллоҳ атрофидаги инсонлар мусулмонларнинг қаймоғи.
Кўчада майиб-мажруҳ тиланчилар кўп ўтирар экан. Уларнинг қўл-оёқларини махсус синдириб, бу ерга олиб келишар экан. Олдинига билмай савоб учун кўп садақалар бердик. Аммо кейин тушундик-ки, садақа бериб, соғ инсонларнинг мажруҳ қилинишига замин ҳозирлашимиз мумкин экан. Садақани ҳақиқий муҳтожга, камбағал оилага берса бўлади.
У ерда хожиларга савоб олиш учун машиналарда катиқ, шарбат тарқатилар экан. Мадинаи Мунавварада айрим хожиларнинг бир дона қатиққа қаноатланмай, қатиқдан кўп олишганини гувоҳ бўлдим. Бу яхши эмас, кўпчиликка етиши, эгаси рози бўлиши керак. Ёлғон мумкин эмас. Хаж умримизда бир ёки икки марта, кимгадир ундан кўп насиб этадиган ибодат. Буни идрок этиб ибодатни чиройли қилиш керак. Бизда ҳам кўп камчилилар бўлди. Роббим камчиликларимизни тузатиш учун қайта-қайта хаж, умра ибодатларини адо этишни насиб этгин!
Устозлар Харамда тавоф энг зўр ибодат, унга 60 та савоб, иккинчиси намоз 40 та савоб, учинчиси Каъбага қараб дуо, энг қулайи зикр, бир марта Аллоҳ деса 100 марта садақа бергандан кўп савоб дейишди. Бу улуғ дамларни қийматини билиб, бир лаҳзасини ҳам бекор ўтказиш керак эмас экан. Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг ҳадисларидан биламиз, мабрур хаж –зикр, тақво, саҳийлик, икром билан қилинган хаждир. Шунга эришдикми, йўқми Аллоҳ билади.
Бир нарса мени ажаблантирди. Меҳмонхона ташқарисида дўкон бор экан. Мен озроқ нарса харид қилдим. Олган нарсаларим шу жойда қолиб кетибди. Қайтиб тушиб сотувчидан сўрадим. Сотувчи пакетнинг ичида нималар борлигини тўлиқ айтмагунимча пакетни бермади. У ерда ёлғон йўқ экан.
Хаж инсоннинг дунё ва охирати учун катта фойда беради. Аллоҳим, ҳар бир ишимизни ўзингни ризолигинг учун бўлишини насиб этгин! Хожи бўлдим деб фаҳрланиш риё ва гуноҳдир.
Хажда буюк хазина, қимматли замонни бошдан кечирдик, қадрини билмадик. Ўзимдан ҳафаман. Аллоҳим такрор хаж қилишимни насиб этгин.
Аллоҳ ҳар бир ишимизни имтиҳон қилади. Шайтон ҳеч ерда тинч қўймайди. Иброҳим (а.с.) ва Исмоил (а.с.) ни шайтон васваса қилганида улар “Даф бўл!”- деб унга тош отганлар, шунинг учун хожилар Минода шайтонга тош отадилар ва бу амални биз ҳам бажардик.
Пайғамбарларнинг кўпи Абул Қувайс, яъни Сафо тепасининг орқасида дафн этилган. Рукн билан Мақом орасида ҳам бир неча пайғамбарлар дафн этилган. Исмоил (а.с.) Хижри Исмоилда –Каъбанинг очиқ бўлган деворининг орқа қисмида дафн этилганлар. Бу ерлар шундай қиммати улуғ бўлган жойлар. Аллоҳ бизни итоатли қуллардан қилсин. Шайтонга алданганлардан, нафсига қул бўлганлардан қилмасин!
Хаж, умра қилувчиларни Аллоҳ ҳимоясига олади, чунки Аллоҳнинг ўзи уларни чақирган. Улар уйидан чиққандан то қайтгунча дуоси мақбулдир. Хожилар кўргани келганларни дуо қилса, Аллоҳ сўраганини беради.
Арофатга кетишдан олдин менда қўрқув бўлди. Чунки у ерда қийин бўлади. Кечгача тиқилинчда туриш керак. У ерда ўлим ҳам кўп бўлади дейишган. Лекин тушимда ҳаммаси яхши, осон бўлиши аён бўлди. Арофатга келдик. Ҳавоси тоза, гўзал жой экан. Чайлага ўхшаш жойларга жойлаштиришди. Ҳеч озор топмай, салқин жойларда ибодат, чиройли суҳбатлар билан машғул бўлдик. Шомдан сўнг Муздалифага автобусда кетдик. Арофатда Сафода туриш хажнинг фарзи. Арофат аросат майдонини эслатади. Миллионлаб одам тўпланган. Ҳамма Аллоҳимнинг раҳматидан умидвор, дуода, терга ботган. Охиратда ҳам худди шундай бўлади. Қуёш тепаларига яқинлаштирганда, одамларнинг мияси қайнайди. У кунда закот ва садақалари соябон бўлади. Муздалифада шом билан хуфтонни бир қилиб ўқидик. Хажда охират манзараси жуда яхши кўринади. Одамлар чумолидек, бир-бирларини тополмайдилар. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Абаса сураси 34-37-оятларида айтилганидек:
“Ўша куни киши ўз биродаридан қочур. Яна онаси ва отасидан ҳам, хотини ва ўғилларидан ҳам. (Чунки) у кунда улардан ҳар бир кишида ўзига етарли нарса (ташвиш) бўлур.”
Ҳақиқитда ҳам хаж охиратни эслатади. Тоҳаратимни янгиламоқчи бўлиб хўжайинимни қидириб топа олмадим, шунда менга ёнимдаги биродарим ёрдам бердилар. Таҳоратхонага бирга бориб келдик
Бомдоддан сўнг Минога келдик, тош отилди, қурбонлик қилинди. Ифоза тавофини адо этишга Маккаи Мукаррамага келдик ва алҳамдулиллаҳ, уни адо этдик. Сўнг Минога кетилди. Қайтиб келиб видолашув тавофини адо этдик ва Мадинаи Мукавварга кетдик. Мадинадаги осойишталик, озодалик, унинг гўзаллиги бизларни ҳайратга солди. У ерда икки кун бўлдик. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) масжидларига бордик. Муборак Қабру шарифларини зиёрат қилдик. Уҳуд тоғини, шаҳидлар қабристонини зиёрат қилдик. Икки қибла масжидига бордик. Хуллас, ҳамма зиёрат қилиниши керак бўлган жойларга олиб боришди. Аллоҳ хожилар хизматида бўлганлардан рози бўлсин.
Хаж жуда гўзал ибодат. Хажи қабул бўлган хожи қариндошларидан 400 кишини шафоат қилар экан. Хажимиз қабул бўлиши учун эса, жанжал, фисқ ишлардан сақланиб, зикр, Қуръон тиловати, дуо билан машғул бўлиб, сабрли, очиқ чеҳрали, шукурли, икромли, саҳий бўлиб ибодат қилиш керак экан. Аллоҳ барчамизга бу улуғ неъматни насиб этсин!
Лекин баъзи хожилар тушунмай жанжаллашадилар. Автобусларга чиқишда бир-бирларини ҳурмат қилмайдилар. 1999 йилда хажга борганимизда хожилар бизга хизмат қилган автобус шафёрини қўлини синдириб қўйишди. Шундан сўнг бизга эски автобус беришди. Кейин у ҳам бўлмагач, ўзимиз машина ёллаб юрадиган бўлдик. Биз учун бундай ҳолатлар уят.
Хажга кетмасдан олдин тушимда қайнотамларни касал ҳолатда кўрдим. Тушимда бир одамга топшириб кетибмиз. Уларга хажи бадал қилдик. Кейинги тушимда кроватда оппоқ кийимларда, ҳурсанд ҳолатда Каъбани тавоф қилаётганларини кўрдим. Демак, хажи бадал қилиш керак экан.
Ҳуллас, хажга борган одам ҳар жойда зикрда бўлиб, сабр билан ибодат қилиши, бу кунларнинг ҳар дамини қимматли билиб, тушуниб, Аллоҳнинг мухаббатига, жамолига эришиш учун имконни қўлдан бермаслик керак.
Барчамизга хатоларимизни Аллоҳ мағфират қилиб, тузатиш учун қайта-қайта хаж, умра ибодатларини бажаришни насиб этсин! Хаждан қайтгач, мўмин қобил бўлиб Аллоҳнинг мухаббати билан яшайлик! Инсоннинг хаждан кейинги ҳолати гўзал бўлмаса, бу унинг хажи қабул бўлмаганига бир далолатдир. Аллоҳ риёни севмайди. “Хожиман” деманг. Визиткангизга ёзманг! Аллоҳ билсин, ўзи қабул қилсин. Омин!
Умримизнинг қолган қисмида Аллоҳим ўзинг севган қуллардан бўлиб, севганларимиз, яқинларимиз билан жаннатларингга кириб, жамолингни кўришни насиб этгин! Ўзингни ризолигингга мувофиқ ҳаёт кечиришни, ҳайру-хасанотлар қилишни, ўтганимиздан кейин ҳам савоб қозонишга сабаб бўладиган амаллар қилишни насиб этгин. Устозларимдан рози бўлгин! Дунё-охиратда нима яхшиликлар бўлса, шуни бергин! Омин, Роббил аламийн!




