Саъид ибн Омирнинг Умар ибн Хаттобга қилган насиҳати

0 1 140

Ибн Саъд ва Ибн Асокир Макҳулдан ривоят қиладилар:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан Саъид ибн Омир ибн Ҳузайм ал-Жумҳий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга: «Эй Умар, мен сенга насиҳат қилмоқчиман», деди.

«Жуда яхши! Менга насиҳат қил», деди Умар.

«Сенга одамлар ҳақида Аллоҳдан қўрқишингни, Аллоҳ ҳақида одамлардан қўрқмаслигингни насиҳат қиламан.

Гапинг бошқа, ишинг бошқа бўлмасин. Чунки энг яхши гап иш билан тасдиқ топган гапдир.

Бир ишда икки хил ҳукм чиқарма. Унда ишинг ўзингга хилоф бўлиб, ҳақдан оғасан.

Ҳужжати бор ишни тут, ютуқни оласан, Аллоҳ сенга ёрдам беради ва раъиятингни солиҳ қилади.

Юзингни ҳам, ҳукмингни ҳам Аллоҳ сенга ишларини топшириб қўйган узоқ-яқин мусулмонларга қарат.

Ўзингга ва аҳли байтингга яхши кўрган нарсангни, уларга ҳам яхши кўр. Ўзингга ва аҳли байтингга раво кўрмаган нарсангни, уларга ҳам раво кўрма.

Ҳақ йўлида оғирликларга шўнғигин. Аллоҳнинг ҳаққида маломатчининг маломатидан қўрқма», деди.

Умар: «Унга ким қодир бўларди?» деди.

Саъид: «Аллоҳ Муҳаммад алайҳиссалом умматининг ишини топшириб қўйган, сўнгра у билан Аллоҳнинг орасига биров туша олмайдиган одам», деди».

Худди ўша одам Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эдилар.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳар доим халқ оммасининг бир-бирини камситмаслиги учун ҳаракат қилар эдилар. Ҳатто ўша вақтда мавжуд бўлган қулларга ҳам худди бошқалар каби бир хил муомала қилинишини йўлга қўяр эдилар. Ҳар ким ўз вазифасини сидқидилдан адо этсин. Аммо инсон қадри пастга урилмасин. Биров ўзини бировдан ортиқ кўрмасин.

Имом Ибн ал-Жавзий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Умар ибн Хаттоб ҳажга келди. Сафвон ибн Умайя таом пишириб, уни меҳмон қилди. Лаганни тўрт киши кўтариб келди. Таомни ейишлари учун лаган одамлар ўртасига қўйилди. Хизматчилар туриб кетдилар.

Шунда Умар:«Нима учун мен хизматчиларингизнинг сиз билан таом емаётганларини кўряпман?Ёки уларни ёқтирмайсизларми? деди.

«Эй амирал мўъминин, Аллоҳга қасамки, ундоқ эмас. Лекин ўзимиз улардан узоқ бўламиз, холос», деди Суфён ибн Абдуллоҳ. Шунда ҳазрати Умар қаттиқ ғазабга келди ва: «Бу қандоқ қавмки, хизматчилардан ўзларини устун қўядилар? Аллоҳ уларни ундоқ қилсин, бундоқ қилсин! –деб, хизматчиларга қаради ва –ўтиринглар, енглар! » деди.Ўзи емади».

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг бу тасарруфларида қул-чўри ва бева-бечораларнинг кўнглини кўтариш, уларга янги имкониятлар очиш бор. Шунингдек, ҳожаларнинг ҳам тавозели бўлишлари, ходимларидан ва камбағаллардан бохабар бўлиб, уларни ўзлари билан тенг кўришларига даъват бор. Шунинг учун ҳам мусулмон жамиятида тенглик ва инсон қадрининг юқорилиги доимо сезилиб турган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қиладилар:

«Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Нофеъ ибн Абдулҳорис исмли кишини Маккага волий этиб тайинлаган эканлар. Уни Асафон номли жойда учратиб қолиб: «Ўрнингга кимни раҳбар қилиб қўйиб келдинг? деб сўрабдилар.

Нофеъ қуйидагича жавоб қилибди:«Қулликдан озод бўлган Ибни Абзий деган кишини».

«Қулликдан озод бўлган кишини дейсанми?» деб сўрабдилар ҳазрати Умар.

«Эй мўминларнинг амири, у ўзи қори, мерос илмини ҳам билади, қиссаларини ҳам», дебди Нофеъ.

Шунда ҳазрати Умар: «Пайғамбарингиз:«Роббингиз, албатта, бу китоб – Қуръон билан баъзи қавмларнингобрўсини кўтаради. баъзи бирлариникини эса туширади» деб айтмаганмиди?» деган эканлар.

Баҳам кўринг

Comments are closed.