«ҲУББУН НАБИЙ» (4)
Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Қандай қилиб у кишини яхши кўрмайин?!

Энди сизлар билан Абдуллоҳ ибн Равоҳа тарбиялаган бир етим бола Зайд ибн Арқам ҳақида сўзлашамиз. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни учратган Зайд у Зот билан яшади ва улар билан ғазотларда қатнашди. У биринчи бор Ҳандақ ғазотида иштирок этган. Ҳандақдан сўнг Мурайсиъ ғазоти бўлиб ўтди. Ўша ғазотда Зайд бир ёш бола эди. Бани Мусталиқ ғазотидан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у кишининг саҳобалари Мурайсиъ сувида туяларини, отларини суғориш ва албатта, ўзлари ҳам ичишлари учун тушдилар.

Билганингиздек, эй суюклиларим, қудуқ чуқурдир. Челак эса унга тушади ва сувга тўлган ҳолда кўтарилади. Муҳожирлардан бўлган Жаҳжоҳ ибн Масъуд ал-Ғифорий сув ичиш учун қудуқга боради. Худди шу пайтда ансорлардан бўлган Синон ибн Вабр ал-Жуҳаний ҳам сув ичиш учун келади. У кейин келганди. Сув хусусида иккаласи талашиб қоладилар ва уларнинг ўртасидаги низо аланга олади. Бириси: «Менга қўйиб бер, мен биринчиман», деса, бошқаси: «Йўқ, балки мен биринчиман», дерди.

Уларнинг орасидаги иш кучайгач, Жуҳаний:«Эй Ансорлар жамоаси», деб қичқиради. Шундан сўнг Жаҳжаҳ ҳам: «Эй муҳожирлар жамоаси», деб қичқиради. Саҳобалар ишга аралашгач, у тинчлик билан якун топади. Билдиларки, бундай ножўя ишлар мусулмонлар орасида амалга ошмаслиги керак. Нима ҳам бўларди агарда улардан бири биродарига биринчи сув ичишга қўйиб бериб, сўнг ўзи ичганида.

Лекин ҳозирги кунда бундай ишларнинг натижаси нима билан тугайди?

Уларнинг орасидаги иш якун топди. Лекин у ерда бир мунофиқ бор эди. (Одамлар ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) учун ўзини мусулмон кўрсатиб, улар билан намоз ўқийди ва ғазотларга чиқади. Аслида у на Аллоҳга ва на унинг Расулига иймон келтирмайди). Бу иши билан у фақатгина агар мусулмонлар ғолиб бўлсалар, уларнинг яхшилигига эга чиқади ва уларнинг ҳол ва хабарларидан воқиф бўлиб туради, холос. Бу мунофиқ киши Ибни Убай ибн Салулдир. Ўшанда унинг атрофида баъзи мунофиқ кишилар ҳам бўлиб, Зайд ибн Арқам уларни эшитиб ўтирган эди. Мунофиқ:«Сизлар бунинг гапини эшитдингизларми?»деди. У қандай қилиб «Эй муҳожирлар жамоаси», деб нидо қилишга ботина олди. Бу билан у нимани назарда тутди? Бу билан улар келиб, ўша ансорийни ўлдиришларини қасд қилганмиди? У билмайдимики, Мадинага суқилишиб, тиқилишиб келганларида биз уларга бошпана берган эдик. Шуни айтадилар-да«Итингни қанча боқсанг, ўзингни қопади», деб .Яъни биз уларга овқат бердик. Диёримизда ва шаҳримизда бошпана бердик. Энди эса заифликдан сўнг кучайишлари биланоқ бизни еб, ўлдиришади, деди. Сўнгра у лаънати: «Аллоҳга қасамки, агар Мадинага қайтсак, албатта, кучлилар кучсизларни (хорларни) қувиб чиқаради», деб қасам ичди.

У бу қасами билан агарда Мадинага қайтса, тез орада ундан Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва уларнинг саҳобаларини чиқариб юборишни қасд қилганди. Яна у қавмига:«Сизлар бу нарсага ҳақлироқдирсизлар. Агарда сизлар қўлларингиздаги нарсани улардан тийсангизлар, уларга молларингиздан бермасангизлар ва диёрларингизда улар билан ўтирмасангизлар, тез орада улар бошқа шаҳарга жўнаб кетадилар. Сизлар то улар бошқа шаҳарга кўчиб кетмагунларича Муҳаммаднинг ҳузуридаги кишиларга инфоқ-эҳсон қилманглар», деди.

Буларнинг барчасини яна ким эшитаётган эди? Буларни Зайд ибн Арқам эшитмоқда. У нима қилади деб ўйлайсиз? Агарда сиз мана бундай сўзни эшитсангиз, нима қилардингиз. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни сўкаётганини эшитиб, жим ўтираверасизми? Уларни қандай сўкди? Мунофиқ у Зотни хор деб айтди. Сен бир маккор кишини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ва у кишининг саҳобаларини Мадинадан чиқариш учун бир фитна уюштираётганини билиб ҳам жим ўтираверасанми?

Зайд Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига борди ва уларга бу хабарни етказди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан бирга Умар ибн Ҳаттоб бор эди. Зайднинг айтган сўзларини эшитгач, ғазабга минди ва:«Эй Аллоҳнинг Расули, Уббод ибн Бишрга буюринг у уни ўлдирсин», деди. (яъни, мунофиқ кишини ўлдирсин).

Дарҳақиқат, ибн Ҳаттоб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни қаттиқ яхши кўрар ва ҳаттоки сўз билан бўлса-да бирон кишининг уларга озор беришига тоқат қилолмас эди. Шундай бўлса-да, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни ўлдирдиларми? Йўқ, эй суюклиларим. Нима учун?

У Зот (алайҳиссалом) бу хабарнинг ҳақиқати яширилиб, тафсилоти ўзгартирилиб, миш-миш бўлиб тарқаб кетишидан қўрқдилар. Ҳеч қачон «Муҳаммад мунофиқ кишини ўлдирди» демайдилар. Яъни у Зот (алайҳиссалом) бу ҳақда бирон бир киши билиб қолиб «Муҳаммад ўзининг асҳобларини ўлдиряпти» дейишидан чўчирдилар. Ҳа, у зоҳиран Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) саҳобалари сафида бўлса-да, аслида улардан эмасди. Агарда одамлар бу гапни айтадиган бўлсалар, у ҳолда одамлар Исломга киришдан қўрқиб қолишларидан хавфсирардилар.

Сўнгра Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Умарга Мадинага қайтишларини жар солиб айтишини талаб қилдилар. Убай Ибни Салул айтган сўзларини Зайд Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га етказганлигини билганидан сўнг Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳузурларига бориб, қасам ичиб: Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули мен бундай деган эмасман. Бунақа сўзни гапирганим йўқ, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унга берадиган жазоларидан қутулиб қолиш учун, у тинмай қасам ичарди.

Шунда ансорлардан бўлган киши: «Шоядки, бола сўзини гумон билан гапираётган бўлса», деди. Яъни яхши эшитолмай қолгандир ёки ким айтганини ажрата олмай қолгандир, ё бўлмасам, кишини нима деганини ёдида сақлаб қололмагандир, бу киши бу гапни айтмагандир, деди.

Зайд содиқдир, қизиқ энди у нима деркин? Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтилган биргина ёмон сўзга тоқат қилолмаган, Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) муҳаббатли Зайдни рўстгўйлигини билдириш учун нима дейиш керак деб ўйлайсан? Зайд уйига йиғлаганича кетди. Амакиси унга: Нима учун бундай дединг? Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ғазаблантирдинг ва анавилар ҳам сени тасдиқламадилар, дерди. Зайд эса тинмай йиғлар ва ўзининг ростгўйлигини зоҳир қилишини сўраб Аллоҳга дуо қиларди. Шундан сўнг «Мунафиқун» сураи нозил бўлганида унда Ибни Салулнинг нима дегани, унинг асҳоблари нимани эшитганлари ва Ибн Салулнинг ичган қасами ҳам зикр қилинган эди.

(Бу ўринда бола Қуръони Каримдаги «Мунафиқун» сурасини билиши, уни эшитиши ва онаси унга оятларни равшан-очиқ маъноларини тафсир қилиб бериши нақадар гўзал деб ўйлайман).

Шу тарзда Аллоҳ уни тасдиқлади. Зайд Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни бунданда кўпроқ яхши кўриб яшади. Лекин бу севгининг сабаби нимада? Бу фақатгина Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг гўзал хулқлари, гўзал ҳуснга эга бўлганлари, ёш болалар билан ўйнашлари, уларга ғамхўрлик қилишлари ва уларга ҳазил-мутойиба қилишлари учунгина эдими? Ёки уларнинг болаларга юмшоқлик билан муомала қилишлари учун эдими? Нима деб ўйлайсиз, бунинг сабаби нимада экан? Ҳа, барча зикр қилинган нарсалар сабабли. Шунингдек, бу муҳаббатнинг Зайдга тааллуқли сабаблари ҳам бор. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайднинг касал бўлиб, кўзларида оғриқ пайдо бўлганини билдилар. Ўзлари жуда ҳам банд эдилар. Зеро бир пайтнинг ўзида у Зот масжидда имом, мусулмонларнинг ҳокими, ғазотлардаги қўмондон, Ислом даватчиси, эр, ота ва бободирлар. Лекин Зайд касал. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) нима қиладилар? Ахир уларнинг узрлари бор, улар жуда бандлар. Шундай бўлса-да у Зот Зайдни яхши кўрадилар ва барча мусулмон болаларини яхши кўрадилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) унинг ҳузурига бориб, зиёрат қилиб, унинг ҳаққига шифо сўраб дуо қилдилар ва унга агарда унинг кўзларидаги оғриқ кучайгудек бўлиб у билан ёмон нарса содир бўлса ва у бунга сабр қилса унга жаннат бўлишини ва Аллоҳга гуноҳлардан пок бўлган ҳолда йўлиқишини билдирдилар.

Шундай қилиб, Зайд Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўп яхши кўрарди.Тобеинлардан бўлган шогирдларига у Зотдан кўплаб ҳадис ривоят қилиб берган. (Тобеинлар Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўрмасдан, саҳобалардан кейин келган кишилардир). Тобеинлар Зайдни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни кўргани, у Зотнинг ҳадисларини эшитгани ва орқаларида намоз ўқигани сабабидан кўп яхшиликка эришган, деб билардилар.

Ушбу қисса Воҳидийнинг «Асбобун-нузул» китобида ворид бўлган. Ва «Риёзус Солиҳин» китобида «Ғийбатнинг мубоҳ ўринлари» бобида келган.

Сизни ҳеч кимга алмаштиришга рози бўлмайман

Бу эса Бани Маъандаги қариндошларини зиёрат қилиш учун онаси билан борган  болакай Зайд ибн Хорисадир. Бир қабила келиб Бани Маъанни босиб олади ва асир олинганлар билан бирга Зайдни ҳам асир оладилар. Сўнгра Макка бозорида унинг савдоси амалга ошади. Шу каби ўғрилик, йўл тўсарлик, зўрлаб олиб кетишлар Исломдан олдин машҳур бўлган ишлар жумласидан эди. Бу Аллоҳнинг ҳаром қилган нарсалар жумласидан ҳамдир. Зайдни Ҳаким ибн Ҳизом сотиб олади. Ўзи Хадичанинг акасининг ўғли бўлиб, Зайдни амммаси Хадичага ҳадя қилади. Ҳазрати Хадича ҳам Зайдни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га ҳадя қиладилар. Унда ҳали у Зот Рисолатга мушарраф бўлмагандилар. Зайднинг ота-онаси уни барча маконларда қидирар, у ҳақида тижоратчилардан ва карвонлардан «Ўғлимиз Зайдни кўрдингларми?» деб сўрардилар.

Қайси шаҳарда экан? Зайдга бўлган муҳаббат ота-онасининг қалбида жуда кучлидир. У иккиси энг узоқ шаҳарларга уни излаб сафар қилишга, уни тирик, соғ-саломат кўриш йўлида туя ва молларини сарфлашга тайёр эдилар.

Бир оз вақт ўтгач, ота-онасига Зайдни Маккада яшовчи шарафли, содиқ, амин, Макканинг зодагон оилаларидан бўлган кишининг қаромоғида экани хабари келади. Энди унинг отаси нима қилар экан?

Албатта, Зайдга бошпана берган киши, шубҳасиз, уни қайтариб олишим учун мендан кўп мол талаб қилади.

Ота қариндош-уруғларидан кўп мол тўплай бошлади. Анчагина мол-дунё ва бир туя олиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан Зайдни ўзига қайтаришлари ва мана бу молларни унинг учун бадал сифатида қабул қилиб олишларини сўраб хонадонларига келади. Лекин Зайд Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билан яшади, у Зот билан бирга юрди, мажлисларида ҳамроҳ бўлди, ёнларида ухлади ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг бағриларида қалб хотиржамлигини ҳис этди. У Зотни жуда қаттиқ яхши кўрди. У Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ажралишга қодир эмасди. У кишининг маслаҳат беришдаги, сўзларидаги ва барча нарсалардаги усуллари Зайдни ҳайратга соларди. У: «Қани энди, оиламга қайтмасдан, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ёнларида абадий қолсам» деб орзу қиларди.

Лекин ота-онаси келди. Энди нима қиларкин?

Зайднинг отаси Хориса деди: «Эй Абдумуттолибнинг ўғли, эй ўз қавмининг саййидининг ўғли. Сизлар ҳарам эгалари асирларни бўшатиб юборасиз ва тутқундагиларни таомлантирасиз. Биз сизнинг олдингизга боламиз хусусида келдик, энди сиз бизга яхшилик қилинг ва унинг товонини қамроқ қилиб сўранг», деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) отага:«Зайдни чақиринглар ва ихтиёрни ўзига беринглар. Агар у сизларни танласа, ҳеч қандапй тавонсиз у сизларникидир ва агар у мени танласа, Аллоҳга қасамки, мени ихтиёр қилган кишини товон эвазига фидо қилувчига – сотувчи эмасман», дедилар.

Зайднинг отаси ҳеч бир товонсиз ва молсиз Зайд уники бўлиши мумкинлигини айтганлари учун қувонди. Ахир бу катта саховатдир. Зайд келиб отаси ва амакиси билан кўришди. Зайдга ота-онаси ва оиласининг олдига ҳеч бир товонсиз қайтиб кетиш ёки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни танлаш ихтиёри берилди.

Зайд:«Хоҳ у отам бўлсин хоҳ амаким, сизнинг ўрнингизга бирон кишини ихтиёр этмасман», деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) у билан жуда қувондилар. Унинг муҳаббати ва улар билан қолиш истаги учун қувондилар. Зайд ҳам севинди ва Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) у билан Каъбага чиқдилар ва:« Эй одамлар, эй аҳли Макка, гувоҳ бўлингларки, Зайд менинг ўғлимдир. Агар мен ўлсам, у ворисим бўлғусидир ва агарда у ўлса, мен унинг вориси бўламан», деб жар солдилар. Зайдни Зайд ибн Муҳаммад деб атай бошладилар. Ажабо, болакай Зайднинг отаданда азиз бўлган Муҳаммадга (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бўлган шу муҳаббати қандай қилиб бундай буюк мақомга юксалган экан?!

Лекин отаси энди нима қилади экан? Дарҳақиқат, Зайднинг отаси ўғлини солиҳ, яхши, содиқ. амин, мулойим, меҳрибон, ўғлини севувчи, унга на озор ва на тазйиқ ўтказмайдиган, балки аксинча, унга отасидан кўра мулойим ва меҳрибонроқ киши билан бирга эканини кўрди. Бундай нарса ҳозирда ҳам кўп учрайди. Дарҳақиқат, сен бир болакайни амакисиникида яшашни отаси ва онаси билан яшашдан кўра кўпроқ исташини кўрасан ёки бобосини ота-онасидан кўра кўпроқ яхши кўришини биласан.

Нима бўлганда ҳам, Зайдга Аллоҳ яратган зотлар ичида энг мулойими, раҳимлиси ва меҳрибони Набий (алайҳиссалом) билан ота-онаси ўртасида танлаш имкони берилганида бошқа қандай натижани кутиш мумкин? Жажжигинам, эътибор бер: Зайд Расулуллоҳнинг ҳузурида иззатли эди ва ота-онасига ҳам зиёрат қилиш учун рухсат берилганди.

Зайд улғойгач, уйланиб ўғил кўрди ва унга Усома деб исм қўйди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уни қаттиқ яхши кўрар, ҳаттоки у ҳақида«Суюклининг ўғли суюкли» дердилар. (Холид Муҳаммад Ҳолиднинг «Рижалун хавла Расул», яъни «Расулнинг атрофидаги кишилар» китобида ворид бўлган).

Яна сен шуни билгинки,Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайдни яхши кўриш, ўзларининг ўғил фарзандлари вафот этиб кетгани ёки Зайднинг кўриниши (чиройли) гўзал бўлгани учун эмасди. Балки маълум бўлишича, Зайд қора танли, бурни япалоқ, паст бўйли бўлган. Лекин одамларнинг қадри қалбларимизда уларнинг шаклига қараб эмас, балки феъл-атворлари, ахлоқлари ва қилган ишларига қараб белгиланади.

Шулар туфайли қилиб Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Зайдни яхши кўрдилар. Барча Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Зайдга ва ўзининг ўғлига бўлган самимий муҳаббатларини биларди. Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг Зайдни яхши кўришларидан сен нимани ўргандинг?

Унинг каломини яхши кўраман,

бу эса унинг мақоми бўлди

Суфён ибн Уяйна Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг замонларида яшаганлар жумласидан бўлмаган кичик бир болакайдир. Шундай бўлса-да, у Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам), у Зотнинг ҳамроҳлари тўғрисида кўп эшитган ва катта-кичиклар билан бўлган муомалаларини эшитиб тарбия топган эди. Шу сабабдан у Зотни, уларнинг сўзларини яхши кўриб, ҳадисларини ёд олишни, уни ўрганишни ва ундаги яхшиликларга амал қилишни яхши кўрди.

Кўъфалик бола.У Кўъфадан оиласи билан Макка томон юзландилар. Улар Ҳарамга келишгач: Ким юклар билан ўтириб туради? дедилар.

Улар тавоф қилиб, намоз ўқимоқчи эдилар. Улар то бизлар қайтиб келгунимизга қадар туя ва юкларимиз олдида ўтириб туради, деб кичик Суфённи танладилар. Сўнгра Суфён юкларни қўриқлашга ўтирди. Шу орада у кўзлари билан кузатиб хаёл денгизига ботган бир пайтида Хижоз уламоларидан бўлган катта шайхни кўради. Уни илм толиблари баъзи нарсалар ҳақида сўраш учун атрофини ўраб олгандилар. Бола у Зотни ҳадис олими бўлса керак, деб ўйлади. Бир пайт шайх намоз ўқиш мақсадида Ҳарамга кирмоқчи бўлди. Лекин унинг ёнида бир муаммо бор эди. Нима экан у? Унинг эшаги . У эшак минган эди. Энди ким уни то чиқиб, намозини ўқиб бўлгунича қараб туради? Шу пайт у оиласини юкларини ёнида ўтирган ёш болани бу ишга танлайди. У болага: Бу эшакни ушлаб тургин, токи мен намоз ўқиб, рукуъ ва сажда қилиб олардим, деди. Суфён энди нима қиларкин?

Агар сен унинг ўрнида бўлганингда нима қилган бўлардинг? Суфён бир шарт билан рози бўлди. У шайхга: Токи менга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадисларидан айтиб бермагунингизча эшакни ушлаб турмайман, деди.

Қанчалик у Расулуллоҳ(соллаллоҳу алайҳи васаллам)ни ва уларнинг сўзларини яхши кўради.

Шунда шайх: Сенга ҳадис нима фойда берарди? деди. У ҳали ёшлик қилади деб ўйлади..

Бола унга жавобан:« Аллоҳга қасамки то менга ҳадис айтиб бермагунингизча, эшакни ушлаб турмасман», деди. Сўнгра шайх унга баъзилари қийин бўлган саккизта ҳадис айтиб беради ва намозга кириб кетади. Шайх намоздан чиққач, болага:« Эй ўғилчам, мени намоздан кечиктирганинг ҳадис сенга нима фойда берди», деб сўрайди. Суфён: Мен уни сизга айтиб бераман, деди ва саккизта ҳадисни ундан бир дона ҳарфини ҳам қолдирмасдан тўғри ривоят қилиб беради. Шайх боланинг зеҳни ва фаҳмидан лол қолди. Чунки унинг ўзи билан на ёзишга ва на қайд қилишга қалам бўлмаган эди.

Шайх ундан жуда қаттиқ севинди ва:« Эй болакай сенинг жойинг бу ерда, масжид остонасида эмас, балки илм ҳалқасидадир», деди.

Шундай қилиб, Суфён илм талабида  суюкли Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадисларини ўрганишга ўтирди. У билан ёшлар ва қариялар бирга эдилар. Ҳаттоки Суфён ибн Уяйна солиҳ олимга айланди. У ўзи одамларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг ҳадисларини ўрганишлари учун ривоят қилиб берадиган буюк шайхга айланди. Йигирма уч ёшида Ҳарами шарифнинг муҳаддисига айланди.

Суфён ибн Уяйна фақиҳ олим бўлганидан сўнг ҳам болаларни эътиборсиз қолдирмасди. Унинг ҳузурида қариялар ва толиби илмлар илмни ўрганиш учун ўтирардилар.

Кунларнинг бирида ёш бола масжиднинг ичкари томонига кириб келади. Шунда ўтирганлар гўёки унинг кичиклиги учун назар-писанд қилмагандек унга қарашади. Суфён уларга: Бундан олдин сизлар ҳам худди шундай эдиларинг. Сўнг Аллоҳ сизларга саховат кўрсатди. Яъни сизлар нима учун унга худди уни ҳозир бўлишини истамаётганингиздек боқасизлар. Нима сизлар у каби кичик бўлмаганмисизлар? деди. Сўнгра деди: Эй Назр, агарда мени ёшлигимда кўрганингда эди... Менинг ёшим ўнда, бўйим беш қарич, юзим худди динордек ва мен худди олов алангаси каби эдим. Кўйлагим кичкина, енгим калта, этагим сонимгача, оёқ кийимим худди сичқоннинг қулоқларидек эди. Зуҳрий, Амр ибн Динор каби уламоларга ихтилоф қилиб, уларнинг орасида қозиқдек ўтирдим. Сиёҳдоним ёнғоқча, кўзим қисиқ ва қаламим худди бодомдек бўлса-да, бирдан масжидга кирсам улар:«Кичик шайхга йўл беринглар», деб айтардилар.

Суфён жилмайди ва Аҳмад ибн Назр ал Ҳилолий эса кулиб юборди. Бу ривоятни Хотиб, Бағдодий ва Аҳмад ибн Назр зикр қилганлар. Аҳмад ибн Назр ёш бола кириб келган илм дарси вақтида Суфён билан ўтирганларнинг бири эди[1].

[1]«Бола тарбиясида оталар мурожаат қиладиган манба» китобидан

Мавзуга оид мақолалар
Дастурхонимиз учун керак бўлади 500600 гр ингичка ип, крючок 1. 400 та катта мотив ва 324 та кичкина мотив тўқиб оламиз. Cхемада кўрсатилганидек қилиб мотивларни квадрат давоми...

01:17 / 25.01.2017 4726
Ота «Бисмиллаҳ, барча мақтов ва шукрлар Аллоҳгадир, Аллоҳнинг Расулига салавоту саломлар бўлсин Холид, бир нарса ҳақида сўрамоқчи бўляпсан. шекилли, давоми...

21:43 / 24.12.2016 3330
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм Бугун улуғ олим, шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий ҳақидаги ибратли бир қиссани эътиборингизга ҳавола қиламиз. Кунлардан бир давоми...

02:19 / 06.02.2019 3642
Унитаздаги сариқ доғларни уксуснинг 36 аралашмаси билан кетказса бўлади. Аралашмани унитаз юзасига кечки томонга қуйиб қўйилади. Эртасига чўтка билан ювилади. давоми...

10:37 / 02.02.2017 7669