«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси янги марказий савдо мажмуаси иш бошлади

0 826

«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси янги марказий савдо мажмуаси иш бошлади

«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси марказий савдо мажмуасининг янги биноси қуриб, фойдаланишга топширилди. 2017 йил 21 январь куни ушбу иншоотнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Очилиш маросимига Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси вакиллари, юртимизнинг дин пешволари, уламолар, имомлар, шунингдек, таълим муассасаларидан, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вакиллари, ноширлар, телевидение, радио ҳамда матбуот, даврий ва электрон оммавий ахборот воситалари вакиллари, машҳур адиблар, «Ўзбекистон почтаси» вакиллари ва бошқа кўплаб азиз меҳмонлар таклиф қилинган бўлиб, ушбу қувончли воқеани сиз, азизларга имкон қадар тез ва кенгроқ етказиш ният қилинди.
Очилиш маросими Қуръони Карим тиловати билан бошланди. Дуолардан сўнг бош муҳарриримиз, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, ёзувчи Эркин Малик меҳмонларни «Ҳилол-нашр» матба-нашриётининг тарихи ва фаолияти билан таништириб ўтдилар:

Азиз устозлар! Муҳтарам меҳмонлар! 
Ижозатингиз билан, ушбу нашриёт-матбаа мажмуасининг барпо қилиниш тарихини қисқача эслатиб ўтсам.
Устозимиз, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари бутун умрларини, барча куч-қувватларини, юксак илмий салоҳиятларини илм-маърифат, зиё тарқатишга бағишлаб, 
«Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш; 
Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш; 
исломий маърифат таратиш; 
салафи солиҳ — улуғ мужтаҳидларга эргашиш; 
бағрикенглик ва биродарлик руҳини тарқатиш; 
диний саводсизликни тугатиш; 
ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш; 
мутаассиблик ва бидъат-хурофотларни йўқотиш»
шиори остида эл-юртга, халққа, Ватанга, мусулмонларга, Исломга хизмат қилдилар. Бу хизматнинг нечоғлик муҳим ва улкан бўлганини бугун ҳаммамиз янада чуқурроқ англаб турибмиз. 
Шайх ҳазратлари баракали меҳнат қилиб, миллий истиқлолимизни мустаҳкамлаш, қадриятларни тиклаш, буюк аждодларга муносиб авлод бўлиш, динимизнинг таълимотларини, халқимизнинг бой маънавий-маърифий меросини ўрганиш ва ўргатиш, халқимизнинг дину диёнат, инсонпарварлик, тинчликсеварлик ва бунёдкорлик каби иймон нурига йўғрилган фазилатларини бутун дунёга танитиш, ёшларнинг Ватанимиз тарихи, бугуни ва эртаси олдидаги маъсулиятини ошириш, ёш авлодни миллий қадриятларимиз руҳида тарбиялаш ва зарарли таъсирлардан ҳимоялашга, уларни илм маърифатга, янгиликка, замонавий илғор технологиялар билан танишишга тарғиб қилиш ишига муносиб ҳисса қўшдилар. 
Устоз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари имом Бухорий, имом Термизий, имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғиноний каби буюк аждодларимизнинг анъанасини давом эттириб, ўзбек диний адабиётининг тикланишига салмоқли ҳисса қўшдилар. 
Устозимиз аввало халқимизга динимизнинг асоси бўлган Қуръон ва Суннатни танитишга катта эътибор бериб, олти жилдлик «Тафсири Ҳилол»ни ёздилар. Кейинги фундаментал илмий асар – 39 жуздан иборат «Ҳадис ва Ҳаёт» туркумидир. Шу тариқа шайх ҳазратлари халқимизнинг Аллоҳ таолонинг муборак каломи Қуръони Карим ҳамда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларидан баҳраманд бўлишига улкан ҳисса қўшдилар. Кейин эса ақида, фиқҳ, усулул фиқҳ, тасаввуф, тарих ва бошқа илмий йўналишларда 100 дан ортиқ асарлар яратдилар. 
Шайх ҳазратларининг асарлари дастлаб республикамизнинг етакчи матбааларида – «Мовароуннаҳр» нашриёти, «Шарқ» нашриёти ва Ислом университетида чоп этиб келинди. Аммо халқимизнинг диний-маърифий адабиётга бўлган эҳтиёжи тобора ортиб боргани янги бир нашриётга асос солишни тақозо қилар эди. Ниҳоят, Аллоҳ таолонинг тавфиқи ҳамда ҳукуматимиз мутасаддиларининг кўмаклари билан шайх ҳазратлари сиз гувоҳи бўлиб турган ушбу нашриёт-матбаани очишга муваффақ бўлдилар. 
Устозимиз Қуръони Каримга ёзган олти жилдлик тафсирларининг муқаддимасида «Аллоҳ таолога шукрлар бўлсинким, эндиликда зулмат чекиниб, қора тун қаъридан ҳилол ёғду сочмоқда» дея, халқимиз маънавиятига нур сочиб турсин деган яхши ният билан китобни «Тафсири Ҳилол» деб атаган эдилар. 
Алҳамдулиллаҳ, Парвардигоримиз бу холис ниятни рўёбга чиқарди, китоб буюк муфассирлар юрти бўлмиш қадим Мовароуннаҳрнинг тафсир ёзиш анъанасини қайта тикланишини бошлаб берди, яъни ботган ойлар ўрнига янги ҳилол чиқди ва «Тафсири Ҳилол» халқимизнинг энг севимли китобларидан бирига айланди. Устозимиз ушбу илоҳий армуғондан илҳомланиб, ушбу нашриёт-матбаа мажмуаси ташкил қилинганда уни ҳам «Ҳилол-нашр» деб номладилар. 
«Нilol-nashr» нашриёт-матбаа мажмуаси 2010 йилдан бошлаб фаолият юрита бошлади. 2011 йилда тегишли рухсатнома ва лицензиялар олингач, 2012 йилда диний-маърифий адабиётлар чоп этиш иши бошланди. 
«Нilol-nashr» нашриёт-матбааси шу қисқа вақт ичида қўлёзмадан тайёр китобгача бўлган жараёнларни тўла механизациялаш, матбаачиликда ва китоб нашр этишда энг илғор, замонавий технологиялардан фойдаланиш борасида мамлакатимиздаги етакчи матбаа корхоналарига тенглашиб қолди десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, халқимиз учун тинч ва осойишта, муносиб ҳаёт даражасини яратиш – барқарор тараққиёт кафолатидир» номли маърузасида олдимизда турган энг муҳим ва долзарб масалалардан бири — юксак маънавиятли, замонавий билим ва касб-ҳунарларга, ўз мустақил фикрига эга бўлган ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялашдан иборатлигини айтиб ўтдилар.  
Маърузада мамлакатимиз аҳолисининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этишини инобатга олиб, фарзандларимизнинг қалби ва онгида мафкуравий иммунитетни кучайтириш масаласи устида энг муҳим вазифалар қаторида тўхталиб ўтилди.
«Оммавий маданият» кўринишида кириб келаётган турли таҳдидлар, гиёҳвандлик, диний экстремизм, миссионерлик каби бало-қазолардан ёшларимизни асрашга, уларнинг таълим-тарбиясига ҳар биримиз масъул эканимиз алоҳида таъкидланди. 
«Бу борада биз асрлар мобайнида шаклланган миллий анъаналаримизга, аждодларимизнинг бой маънавий меросига таянамиз», дедилар Президентимиз.

Нашриётимиз мамлакатимиз аҳолисининг илмий-маърифий ва диний адабиётларга бўлган талабини қондириш ишига ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Бугунги кунгача шайх ҳазратларининг қаламларига мансуб бўлган, Ислом илмларининг деярли барча соҳаларига, барча йўналишларига – Қуръон, ҳадис, сийрат, ақоид, фиқҳ, тасаввуф, тарих ва бошқа кўплаб илмларга оид, шунингдек, ижтимоий, тарбиявий, илмий-оммабоп йўналишлардаги юздан ортиқ китоблар чоп қилинди. Жумладан, «Тафсири Ҳилол», «Қуръон илмлари», «Ҳадис ва Ҳаёт» туркуми, «Адабул муфрад»нинг шарҳи, «Сунний ақийдалар», «Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар», «Кифоя», «Тасаввуф ҳақида тасаввур», «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар», «Бахтиёр оила», «Мукаммал саодат йўли», «Ижтимоий одоблар», «Зикр аҳлидан сўранг» каби юздан ортиқ китоблар чоп этилди. Муаллифнинг ўндан ортиқ китоблари, жумладан, «Тафсири Ҳилол»нинг, «Ҳадис ва ҳаёт»нинг бир неча жилдлари, «Сунний ақийдалар», «Васатия – ҳаёт йўли», «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар» асарлари рус тилида ҳам чоп қилинди.
Таъкидлаш жоизки, бу қадар кенг кўламли, юксак илмий савияли, адабий-бадиий жиҳатдан етук, юқори сифатли диний-маърифий китоблар сўнгги бир неча юз йил ичида ўлкамизда чоп этилмаган эди.
Ҳозирги кунда шайх ҳазратларининг асарлари рус, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ ва бошқа тилларга ҳам таржима қилинмоқда. 
Фурсатдан фойдаланиб, бу ишларга мутасадди ва хайрихоҳ бўлган, Ўзбекистон Республикаси Давлат матбуот қўмитасида, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигида, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитада хизмат қилаётган барча раҳбарларга, барча ходимларга самимий миннатдорчилик билдирамиз. Аллоҳ таоло доимо хайрли ишларга бош-қош бўлишингизни насиб айласин!
Дарҳақиқат, бугунги кунда китобга, илм-маърифатга эҳтиёж тобора кучайиб бормоқда. Нашриётимизда китобсевар халқимизнинг диний-маърифий адабиётларга бўлган талабини қондириш борасида амалга оширилаётган хайрли ишларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитасининг хизматлари муҳим ўрин тутади. Куни кеча қўмитадан шайх ҳазратларининг фиқҳий илмларга оид уч жилдлик «Кифоя» асарини қайта нашр қилишга рухсат олдик. Китобхонларимиз анчадан бери кутиб юрган китоблардан бирининг қайта нашрига берилган рухсат нашриётимизнинг марказий савдо мажмуаси очилишига ўзига хос тўёна, халқимиз учун эса гўзал туҳфа бўлди. 

Шундан сўнг «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасининг раҳбари Исмоил Муҳаммад Юсуф сўзга чиқиб, фазилатли шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари асос солган ушбу илму маърифат масканига – «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуасига ташриф буюриб, марказий савдо мажмуасимизнинг очилиш маросимида ҳозир бўлган барча меҳмонларга самимий миннатдорчилик билдирди ҳамда нашриётнинг эришган ютуқлари, ҳозирги кунда қилинаётган ишлари ҳамда келгуси режалари ҳақида сўзлаб, шундай деди: 

«Шайх ҳазратларининг китоблари халқимизнинг диний саводини оширишда, динни ниқоб қилиб олган ғаразли кучларнинг фикрий ҳужумига қарши мафкуравий иммунитетнинг шаклланишида, турли ихтилофлар, низоларни бартараф қилишда муҳим ўрин тутгани барчамизга маълум. Юртимиздаги тинчлик-хотиржамлик, сиёсий барқарорлик, диний бағрикенглик туфайли Ватанимиз юксак ижтимоий-иқтисодий тараққиётга эришди. Бу тажрибадан фойдаланиш мақсадида қўшни давлатларимизнинг диний идораларидан китобларимизни экспорт қилишни сўраб, илтимосномалар келди. Бугунги кунда  «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасида чоп этилган минглаб китоблар Қозоғистон, Қирғизистон ва бошқа МДҲ давлатларига, Жанубий Кореяга экспорт қилинмоқда.
Ички ва ташқи бозорда юртимизда чоп этилаётган диний-маърифий адабиётларга бўлган талаб йилдан-йилга ортиб борган сари нашриётимизнинг дўконларини ва савдо тармоғини кенгайтириш, бошқа вилоятларда филиаллар очишга эҳтиёж сезилди. 
Айни пайтда, «Тафсири Ҳилол», «Ҳадис ва Ҳаёт» ҳамда «Олтин силсила» каби катта ҳажмли, махсус муқовали, бир неча ўнлаб жилдлик китобларни, шунингдек, экспорт учун мўлжалланган китоб буюртмаларини чоп қилиш асносида нашриётни ҳам, марказий савдо мажмуасини ҳам реконструкция қилиш, кенгайтириш зарурати сезилди. Шу мақсадда 2016 йилнинг июль ойида лойиҳалаш ишлари якунланиб, босмахона биноси ҳамда марказий савдо мажмуасимиз тўлиқ қайта қурилди.

      «Республикада китоб савдоси тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги Қарорда республика аҳолисининг бадиий, ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий адабиётга бўлган эҳтиёжини қондириш, шунингдек, китоб савдоси тизимини такомиллаштириш кўзда тутилган.
Бу сўзлар давр талабидир. «Нilol-nashr» нашриёт-матбааси аҳолининг бадиий, ижтимоий-сиёсий ва илмий-маърифий адабиётга бўлган талабни мунтазам ўрганиб бориб, ўзининг савдо тармоғини ташкил қилди. Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида ушбу марказий савдо мажмуасимиз ҳамда иккита шохобчамиз фаолият кўрсатяпти. Шунингдек, юртимизнинг Фарғона, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларидаги Андижон, Наманган, Марғилон, Фарғона, Асака, Самарқанд, Денов ҳамда Урганч шаҳарларида филиалларимиз ишлаб турибди.

      Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида ҳам республикада ташкил қилинадиган «Нуронийлар маскани» деб белгиланган жойларда бой китоб фондига эга бўлган китобхонлар заллари ташкил этиш ва уларни китоблар билан мунтазам равишда тўлдириб борилишини таъминлаш кўзда тутилган.

    «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси бу ва бошқа меъёрий ҳужжатларда кўзда тутилаётган китобхонлик заллари, кутубхоналар, таълим-тарбиявий, маданий-маърифий муассасаларга китоблар ва медиамаҳсулотлар етказиб бериш имкониятига эгадир. 
Китоб савдоси тизимини такомиллаштириш тўғрисидаги Қарорда айтилганидек, республика аҳолисининг бадиий, ижтимоий-сиёсий, илмий-маърифий адабиётга бўлган эҳтиёжини қондириш мақсадида, шунингдек, Президентимизнинг Фармойишида кўзда тутилган бадиий, маърифий китобларни, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтирадиган адабиётларни чоп қилиш борасида нашриётимизда кўпгина хайрли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасида «Мумтоз адабиёт дурдоналари» туркумидан Навоий, Фузулий, Саъдий, Махтумқули каби улуғ шоирларнинг асарлари, оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси ҳамда она-болалар саломатлиги мавзусидаги «Одоблар хазинаси» (Адабул муфрад), «Бахтиёр оила», «Соғлом бола» асарлари, одоб-ахлоқ, миллий қадриятлар мавзусидаги «Ижтимоий одоблар», «Мукаммал саодат йўли», «Яхшилик ва силаи раҳм» каби асарлар, ёшларга дин ниқоби остидаги бузуқ оқимлар, адашган фирқаларнинг асл моҳиятини очиб берувчи «Очиқ хат», «Ихтилофлар: сабаблар, ечимлар», «Дин насиҳатдир», «Васатия – ҳаёт йўли», «Мазҳаблар – бирлик рамзи», «Мазҳабсизлик – бидъатдир» каби қатор асарлар чоп қилинган.
Нашриёт фаолият кўрсата бошлагандан буён жами 1 миллион донадан ортиқ китоб чоп қилинган бўлиб, уларнинг асосий қисмини шайх ҳазратларининг 118 номдаги китоблари ташкил қилади. Ушбу китобларнинг деярли барчаси асосида аудиокитоблар ҳамда видеодисклар тайёрланган. Ушбу китобларнинг 10 га яқини рус тилида, бир нечтаси қозоқ ва қирғиз тилларида чоп қилинган. Ҳозирги пайтда қўшни ва хорижий давлатлардаги минглаб китобхонларнинг илтимосига кўра, рус ва бошқа тилларга таржима ишлари давом эттирилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилишга оид фармойишида ёшлар ўртасида китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш, бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширадиган адабиётларни чоп этиш, болалар адабиётини ривожлантириш, шунингдек, уларни ҳудудларга арзон нархларда етказиш, онлайн буюртма бериш ва манзилга етказиш тизимидан, электрон китоб шаклларидан кенг фойдаланиш кўзда тутилган.
Айни пайтда, фармойишда ноширлар ва адибларни молиявий рағбатлантириш, уларга молиявий имтиёзлар бериш, моддий қўллаб-қувватлаш, матбаа корхоналари учун сифатли қоғоз ва матбаа хомашёларини хориждан харид қилиш тартибини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилгани биз каби нашриётлар ва босмахоналар учун айни муддао бўлди.
Шунингдек, Фармойишда китоб сотишга ихтисослашган корхоналар томонидан таълим муассасалари, кутубхоналар ва маҳаллаларда янги китоблар тақдимотини ўтказиш, мутолаа маданиятини ошириш, шу жумладан, оммавий-ахборот воситалари орқали тарғибот-ташвиқот қилишга қаратилган тадбирлар алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Нашриётимизда турли ижтимоий тадбирлар, байрам ва тантаналар қаторида мунтазам равишда янги китоб ва медиамаҳсулотларнинг тақдимотлари ўтказиб келинмоқда. Бу анъанани ҳам устозимиз шайх ҳазратлари бошлаб берган эдилар. У киши янги китоб ҳали чоп этилмасидан олдин учрашувларда, йиғинларда аҳолининг китобга бўлган эҳтиёжини ўрганар эдилар, нашриётнинг келгуси режаларини халққа маълум қилиб турардилар, тез кунда чоп этилиши кутилаётган китоблар ҳақида қисқача маълумот бериб, китобхонларни қизиқтириб турар эдилар. Китоб нашрдан чиққач эса уни халққа тақдим қилиш учун кичик давра суҳбати ташкил қилар ёки янги китоб тақдимотини бирорта тадбирнинг дастурига киритар эдилар. Шу тариқа халқимиз орасида китобларни, китоб мутолаасини, китоб ўқиш маданиятини тарғиб қилар эдилар. 
Ана шу гўзал анъанани давом эттирган ҳолда, нашриётимиз ташкил қилингандан буён чоп этилган ҳар бир китоб ўқувчиларга ана шу тарзда тақдим қилинади, тақдимот маросими ҳақидаги мақолалар, фотосурат ва видеолавҳалар «ислом.уз» порталига мунтазам равишда қўйиб борилади, сўнгра бу маълумотлар бошқа ижтимоий тармоқларга ҳам тарқатилади.
«Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси сиз, азизларнинг дуоларингиз билан юртимизнинг равнақи, халқимизнинг фаровонлиги йўлидаги, хусусан, ёшларимизнинг маънавий юксалиши йўлидаги фаолиятини бундан буён ҳам давом эттириб боришини Аллоҳ таолодан сўраймиз. 
Аллоҳ таоло хулуси ният билан ташкил қилинган бу илм-маърифат масканининг хайрли фаолиятини бардавом айласин!»

«Нilol-nashr» нашриёт-матбаасида чоп қилинаётган энг мўътабар асарлардан бири, шубҳасиз, «Олтин силсила» мажмуасидир. «Ислом ота» жомеъ масжиди имом-ноиби Ҳасанхон Яҳё ушбу академик нашрни чоп этиш жараёни ҳақида сўзлаб, шундай деди:

««Нilol-nashr» нашриёт-матбааси ҳақида сўзлар эканмиз, «Олтин силсила» лойиҳаси, хусусан, унинг биринчи тўплами, буюк ватандошимиз имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» асарлари хусусида тўхтамай иложимиз йўқ. Зеро, ушбу нашриёт фаолиятидаги муваффақиятларда айнан ушбу муборак асарнинг баракотлари бор, деб биламиз. Нашриётда илк чоп этилган асар ҳам айнан шу китоб бўлди.
Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг сўнгги йилларда динимиз, халқимиз, Ватанимиз олдида қилган энг буюк хизматларидан яна бири ҳам «Олтин силсила» академик нашрига бош-қош бўлганларидир. «Набавий ҳадисларнинг олтин силсиласи» деб номланган ушбу улкан илмий лойиҳага Ислом оламида эътироф этилган «Сиҳоҳи ситта» (Олтита саҳиҳ) ҳадис китоблари ҳамда яна уч буюк муҳаддиснинг ҳадислар тўплами киритилган. Улар:
1. «Саҳиҳи Бухорий»
2. «Саҳиҳи Муслим»
3. «Сунани Абу Довуд»
4. «Сунани Термизий»
5. «Сунани Насоий» («Сунани суғро» ёки «Мужтабо»)
6. «Сунани Ибн Можа»
7. «Муваттои Молик»
8. «Сунани Доримий»
9. «Саҳиҳи Ибн Ҳиббон» асарларидир.
        Ушбу улкан академик мажмуанинг жами 60 жилдга яқин бўлиши кўзда тутилган бўлиб, ушбу муҳаддисларнинг бештаси буюк алломалар юрти бўлмиш она Ватанимиз, қадим Мовароуннаҳрдан етишиб чиққан муҳаддис имомлар экани биз учун чинакам фахрдир.
Маълумки, ҳадиси шарифлар, хусусан, буюк ватандошимиз, муҳаддислар султони имом Бухорий ҳазратларининг Ислом оламида Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда турувчи «Жомеъус саҳиҳ» тўплами мухтасар шаклда аввал ҳам ўзбек тилига таржима қилинган. 
«Олтин силсила» мажмуасининг ўзига хос жиҳати, юксак илмий аҳамияти шундаки, ушбу асардаги ҳадислар Ислом уламоларининг илмий адабиётларга, хусусан, ҳадис тўпламларига қўйган шарт ва талабларига тўла риоя қилинган ҳолда берилган. Аввал араб тилидаги, энг мўътамад қўлёзмалардан олинган асл матн, сўнгра имкон қадар асл матнга сўзма-сўз мосланган, ҳозирги замон ўзбек адабий тилидаги таржима берилган. Зарур ҳолларда ўқувчилар учун айрим истилоҳлар, янги ёки нотаниш сўзларга изоҳ ва иловалар келтирилган. Хуллас, бу нашрдаги хусусиятлар ҳар бир эътиборли ўқувчига маълумдир.
Айни пайтда, ушбу фундаментал илмий лойиҳанинг бадиий савиясига, сифатига ҳам алоҳида эътибор берилган. «Олтин силсила» мажмуаси ҳозирги замоннинг энг илғор матбаа анъаналарига мувофиқ равишда чоп этилиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё қилинди.  Жумладан, махсус қоғоз танланган, ояти карималардан олинган иқтибослар Мадина мусҳафи ёзувида айнан келтирилган, муқова учун эса Ўзбекистонда илк бор мураккаб, янги ва махсус технологиялардан фойдаланилган. «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси «Олтин силсила» муқоваси учун Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари кунига бағишланган давлат миқёсидаги тантанали маросимда «Йилнинг энг яхши муқоваси» номинацияси бўйича ғолиб деб топилгани, «Жамиятнинг маънавий-маърифий тараққиётида китобнинг ўрни» илмий-амалий семинари доирасида «Йилнинг энг яхши китоби», Республика V танлови «Саҳиҳул Бухорий» китоби «Ижтимоий-сиёсий адабиёт» номинацияси бўйича иккинчи даражали диплом билан тақдирлангани фикримизнинг ёрқин далилидир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг саъй-ҳаракатлари билан бошланган «Олтин силсила» мажмуасининг чоп этилиши ўзбек халқининг тарихида, буюк алломалар юрти бўлмиш Ватанимизнинг диний, илмий ва маданий ҳаётида, шунингдек, бутун Ислом оламида ҳам муҳим воқеа бўлди.
Республикамиз ҳукумати ушбу улкан илмий ишни юқори баҳолаб, тўла қўллаб-қувватлади. Бугунги кунгача мажмуанинг бош асари – саккиз жилдлик «Саҳиҳи Бухорий» тўпламининг бешта жилди нашрдан чиқди. Иншааллоҳ, буюк ватандошимиз Имом Бухорий тўплаган ушбу асарнинг тўлиқ нашр этилиши халқимизга муносиб совға бўлади, эл-юрт учун барака бўлади ҳамда нафақат Ўзбекистонда, балки бутун Ислом оламида муҳим воқеа бўлади.
«Олтин силсила» мажмуасига киритилган мазкур тўққиз китобнинг таржимаси устозимиз шайх ҳазратларининг бевосита раҳбарлиги остида тўлиқ тугатилган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу таржималар таҳрир қилиниб, нашрга тайёрлаб борилмоқда. Бугунга қадар мажмуанинг биринчи тўплами ‒ «Саҳиҳи Бухорий»нинг саккиз жилди тўлиқ нашрга тайёр ҳолга келтирилган бўлиб, Дин ишлари бўйича қўмитанинг эксперт гуруҳига тақдим этилган. Шу кунларда мажмуага киритилган иккинчи ва учинчи китоблар – «Саҳиҳи Муслим» ҳамда буюк ватандошимиз Абу Исо Термизийнинг «Сунани Термизий» асарини нашрга тайёрлаш ишлари қизғин давом этмоқда.
Азиз устозлар!
Ушбу улкан илмий лойиҳага бош-қош бўлиб турган, унинг китобхонларимиз қўлига юқори савияда, тез суръатда, сифатли шаклда етиб боришида камарбаста бўлаётган мутасаддиларимиз, ушбу мажмуанинг таҳрир ҳайъати аъзолари бугунги тадбиримизда ҳозир бўлиб туришибди. Фурсатдан фойдаланиб, барчаларингизга Аллоҳ таолодан узоқ умр, сиҳат-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик тилаймиз ва барчаларингиздан бу азизларимизнинг ҳаққига дуо қилиб туришингизни сўраймиз».

Шундан сўнг «Олтин силсила» таҳрир ҳайъати аъзоси Нодирбек Хидиров нашриёт ҳамда «Ислом.уз» порталининг интернет тармоқларидаги фаолияти ҳақида сўзлаб, шундай деди:

Маълумингизким, шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари замон билан ҳамнафас равишда, давр талабига ҳозиржавоблик билан интернет тармоғида ҳам исломий маърифат тарқатиш, интернетдаги фикрий хуружларга муносиб жавоб бериш мақсадида 2004 йилда www.islom.uz веб-саҳифасини ташкил қилиб, ўзбекзабон интернет сарҳадларида юқорида зикр қилинган шиор остида кенг кўламли фаолият олиб бордилар. Ушбу веб-саҳифа бир неча йил ичида кенгайиб, исломий илмларнинг турли йўналишлари бўйича мустақил фаолият юритувчи 20 дан ортиқ сайтдан иборат порталга айланди. 
«Islom.uz» портали ҳамда унинг таркибидаги сайтлар юртимизда диний илмларнинг, илм-маърифатнинг ривожига, аҳолининг турли табақалари, хусусан, ёшлар орасида соф ақидани кенг ёйишга катта хизмат қилди. Айниқса, порталнинг савол-жавоб хизмати орқали жамиятдаги турли иллатлар, салбий ҳолатлар муолажа қилиб борилди. Ушбу онлайн хизмат нафақат юртимиздан, балки дунёнинг турли чеккаларидан туриб интернетдан фойдаланувчи ватандошларимиз учун соф Ислом, тўғри ақида, ҳақ мазҳаб таълимотларининг манбаига айланди. 
Мисол учун Жанубий Кореяда яшаб, ўқиётган ёки ишлаётган юртдошларимиз, хусусан, ёшларимиз «islom.uz» порталида ташкил қилинган «Инсон азиз» хизмати орқали республикамизнинг элчихонаси ёрдамида кўпгина ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа муаммоларини ҳал қилдилар, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олиб турдилар. Натижада одам савдоси, ноқонуний меҳнат муҳожирлиги каби салбий ҳолатларнинг олди олинди. Айниқса, ёшларимизга дин ниқоби остидаги экстремизм ва радикализм ғояларининг, фикрий хуружларнинг таъсирига чек қўйилди. Бу ҳали ҳеч қайси давлат томонидан меҳнат муҳожирлари учун кўрсатилмаган эътибордир. Нашриётимизда чоп этилган китоблар ёрдамида ватандошларимиз чет элларда ҳам миллатимизнинг маданиятини, ҳалоллик, бағрикенглик, инсоф, диёнат каби қадриятларини намоён қилдилар. Бу хайрли ишларнинг самараси ўлароқ, маҳаллий ҳукумат томонидан ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун расмий жомеъ масжид ташкил қилинди, у ерга Диний идорамиз томонидан расмий имом-хатиб юборилди, маданий-маърифий марказ ташкил қилинди.
Республикамиз раҳбарияти порталнинг ҳамда унинг таркибидаги кўплаб сайтларнинг фаолиятини юксак тақдирлади. UZ Миллий домени интернет-фестивалида бир неча йиллар давомида «Давлат тилидаги энг яхши сайт», «Энг кўп ташриф буюрилган сайт» каби  турли номинациялар бўйича ғолиб бўлиб келаётгани фикримизнинг далилидир.
Ҳисоб илмининг, компьютер ва коммуникация технологияларининг асосчиларидан бири, илм-фан соҳасига алгоритм тушунчасининг кириб келишига сабаб бўлган ал-Хоразмий, ал-Фарғоний каби буюк алломаларнинг ватанида интернет-фестиваль ўтказилиб, унда диний-маърифий сайтларнинг ғолиб бўлишида чинакам рамзий маъно бор. 
Фурсатдан фойдаланиб, «Ислом.уз» портали ҳамда унинг қошида очилган барча сайтларимизнинг фаолияти юксак тақдирлаган UZ домени интернет-фестивали ташкилотчилари, ҳомийлари, мутасаддилари ва ҳакамлар ҳайъатига ҳамда сайтларимизга мунтазам ташриф буюриб, унинг ривожига ҳисса қўшган барча мухлисларга чуқур миннатдорчилик билдирамиз. 
      Президентимизнинг китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилишга оид фармойишида ҳам аҳоли ўртасида, айниқса, ёшлар орасида бадиий жиҳатдан юксак, интеллектуал савияни ўстиришга хизмат қиладиган китобларга бўлган талабни қондириш, уларга бўлган талабни ўрганиш, хусусан, ижтимоий сўровлар орқали аниқлаш, бадиий, маърифий китобларнинг, ёшларнинг дунёқарашини кенгайтирадиган адабиётларни, шу жумладан, электрон шаклдаги кўпайтиришга катта эътибор қаратилган, жаҳон ахборот технологиялари бозорида муносиб ўрин эгаллаш масаласига устувор аҳамиятга эга вазифа сифатида қараш зарурлиги таъкидланган.

«Нilol-nashr» нашриёт-матбааси 2014 йилдан китоб ва медиамаҳсулотларнинг онлайн савдосини ҳам ташкил қилди. Эндиликда нашриётимиз «Нilol-nashr» нашриёт-матбаасида нашр этилган китоблар ва улар асосида тайёрланган аудио-видео маҳсулотларни «Ўзбекистон почтаси» билан ҳамкорликда республикамизнинг барча вилоятлари ҳамда хорижий давлатларга ҳам етказиб бериш хизмати йўлга қўйилди.  Тўловларни республикада фаолият кўрсатаётган SMS to’lov, Click.uz ва Websum.uz тўлов тизимлари орқали амалга ошириш мумкин.
Ҳозирги кунгача етказиб бериш хизмати орқали 1600 дан ортиқ манзилга «Ўзбекистон почтаси» орқали етказиб берилган китобларимизнинг жами қиймати  146 миллион сўмдан ортди. Онлайн савдо бўйича фойдаланувчилар китоб ва медиамаҳсулотларимизни Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Ҳиндистон, Индонезия, Малайзия, АҚШ, Англия, Германия, Россия, Жанубий Корея, Япония каби мамлакатлардан, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби қўшни давлатлардан харид қилиб  олишмоқда.
Шунингдек, барча китоб ва медиамаҳсулотларимиз ҳам электрон форматга ўтказилган бўлиб, уларни e-hilolnashr.uz сайтидаги интернет дўконидан онлайн харид қилиш мумкин бўлиб, бугунги кунда ушбу сайтдан жами 18500 дан ортиқ фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Ушбу электрон китобларни ҳар қандай компьютерда, шунингдек, Windows, Android ва iOS тизимида ишлайдиган мобил жиҳозлар ёрдамида ўқиб, фойдаланиш мумкин.
Шу тариқа нашриётимиз электрон савдони ҳам йўлга қўйиб, республикага кириб келадиган валюта тушумларига ҳамда нақд пулсиз онлайн савдо айланмасига ҳам баҳолиқудрат ҳисса қўшиб келмоқда.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаа мажмуаси:
•    буюк алломалар юрти бўлмиш жонажон Ватанимизда ўзликка қайтиш, қадриятларни тиклаш, илм-маърифатни ривожлантириш, дину диёнатни юксалтириш йўлидаги барча ишларингизда камарбаста бўлишга;  
•    китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш борасидаги ишларни янада кенгайтиришга тайёрлигини мамнуният билан изҳор этади.
Нашриётимиз бу борада анчагина тажриба тўплангани, малакали мутахассислар тайёрлангани, кўплаб янги иш ўринлари ташкил қилинганини;
•    муқовачилик соҳасида янги, замонавий технологиялар ишлаб чиқаришга жорий қилинганини;
•    маҳсулотларимизга бўлган талаб ички ва халқаро бозорда тобора кенгайиб бораётгани, китобларимиз қўшни мамлакатларга экспорт қилинаётгани, ташкил қилинган етказиб бериш хизмати, электрон савдо ҳамда интернет-дўконлар орқали бутун дунёдаги китобхонлар томонидан харид қилиб, севиб ўқилаётганини, айни пайтда валюта тушумларига ҳам камтарона ҳисса қўшилаётганини;
•    энг муҳими, китобларимиз туфайли юртимиздаги тинчлик, барқарорликка ҳисса қўшилгани, диний-маънавий соҳадаги ихтилофларга, зиддият ва тафриқачиликка барҳам берилаётгани, буюк ватандошларимиз, Ислом олами эътироф қилган улуғ алломаларнинг саҳиҳ ҳадис тўпламлари чоп қилинаётганини мамнуният билан маълум қилади.
Шунингдек, республикамиз раҳбарияти томонидан ноширлар ва адибларни молиявий рағбатлантириш, уларга молиявий имтиёзлар бериш, моддий қўллаб-қувватлаш, матбаа корхоналари учун сифатли қоғоз ва матбаа хомашёларини хориждан харид қилиш тартибини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани учун барча соҳа мутахассислари, барча тадбиркорлар ҳамда китобсевар халқимиз номидан яна бир миннатдорчилик изҳор этади.

Шундан сўнг анжуманда ҳозир бўлган меҳмонлардан Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво бўлимининг мудири Абдулҳамид Турсун, Абдуллоҳ ҳожи Саттиев, юридик фанлари доктори, профессор Ҳалим Бобоев ҳамда иқтисод фанлари номзоди Обиддин Маҳмудовлар сўзга чиқиб, марказий савдо мажмуасининг очилиши муносабати билан «Ҳилол-нашр» матбаа-нашриёти раҳбарларини, таҳририят аъзолари, ижодий гуруҳ ҳамда барча меҳнат жамоасини муборакбод қилдилар, шайх ҳазратларининг фидокорона хизматлари ҳамда улкан илмий меросларининг, ушбу илм-маърифат масканининг аҳамияти, халқимизнинг маънавий ҳаётида тутган ўрни ҳақида тўлқинланиб сўзладилар, хайрли дуолар қилдилар.

Анжуман сўнгида меҳмонларга нашриёт номидан эсдалик совғалар топширилгач, Нодирбек Хидиров қуйидаги сўзлар билан тадбирга якун ясади: 

«Азиз меҳмонлар!
Бугунги марказий савдо мажмуасимизнинг очилиш маросимига сиз, азизларни таклиф қилишдан кўзланган асосий мақсадимиз – ушбу илм-маърифат масканини ташкил қилган, динимизнинг ривожи учун, юртимизнинг равнақи учун халқимизга холис хизмат қилган устозимизнинг ҳақларига, бу ерда хизмат қилаётган ижодий ходимлар, мутахассислар ҳамда барча меҳнат жамоасининг ҳаққига қиладиган дуоларингизни олишдир. 
Ниятимиз – истиқлолимиз туфайли, юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат туфайли, давлатимиз раҳбарияти томонидан дину диёнатга, илм-маърифатга, хусусан, нашриёт-матбаачилик соҳасига, халқнинг китобхонлик савиясини оширишга қаратилаётган эътибор учун Аллоҳ таолога шукрона изҳор қилишдир, ушбу эътиборнинг самараси бўлмиш ушбу «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбаасининг эришган ютуқлари, келгусидаги режалари билан сиз, азизларни таништиришдан иборатдир. Бугунги тадбирни нашриётимизнинг мутасадди ташкилотлар олдида, китобхонлар олдидаги ўзига хос ҳисоботи, ўтган давр мобайнидаги фаолиятининг сарҳисоби деб қабул этгайсиз.

Шунинг билан «Ҳилол-нашр» нашриёт-матбааси марказий савдо мажмуасининг очилишига бағишланган тадбиримиз якунига етди. 

Аллоҳ таоло ушбу зиё бўстонини барчамиз учун муборак айласин, Ўзининг муборак каломини, ҳабиби Расулуллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадиси шарифларини, илоҳий таълимотларини бутун умматга, келгуси авлодларга етказишдек улкан масъулиятни шараф билан адо этишимизда Ўзи мададкор бўлсин!»

 

Баҳам кўринг

Leave A Reply